Бельгияда табиий офат қурбонлари сони 15 кишига етди: лекин бу ҳали ҳаммаси эмас

Бельгияда табиий офат қурбонлари сони 15 кишига етди: лекин бу ҳали ҳаммаси эмас

Бельгияда Льеж провинцияси Троз коммунаси округида учта жасад топилди. Шундан сўнг тошқиндан ҳалок бўлганлар сони 15 кишига етди, деб хабар бермоқда Бельгиянинг LeSoir нашри.

Aввалроқ 12 киши ҳалок бўлганлиги, тўрт киши бедарак йўқолганлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Хусусан, Вервье шаҳрида олти киши, иккитаси Шофонтенда вафот этган, яна бир 50 ёшли эркак Эйпендаги уйининг подвалида чўкиб кетган, бир киши Пепенстерда, бири Aйвайлда ва яна бири Филиппвилда вафот этган.

Ҳукумат сув чекингандан кейин тошқин қурбонлари сони кўпайишини истисно қилмаяпти.

Льеж, Намюр, Валон-Брабант провинциялари табиий офатдан энг кўп зарар кўришди. Люксембург, Aнтверпен ва Фламанд-Брабант провинциялари ҳам жиддий зарар кўрди. Юзлаб хусусий уйлар, бир нечта кўприклар вайрон бўлди, турар жой бинолари ва йўллар сув остида қолиб кетди. Баъзи бир жойларнинг маъмурлари аҳолини уйларини тарк этишга чақиришди. Валонияда темир йўл алоқалари тўхтатилди. Ноқулай об-ҳаво электр, газ ва телефон тармоқлари ишини тўхтатди ва почта хабарларини етказиб бериш издан чиқди.

Aйни пайтда 20 мингдан ортиқ одам электр энергиясиз қолмоқда.

Табиий офатга қарши курашга ҳарбийлар жалб этилди, хусусан, улар аҳолини энг кўп зарар кўрган аҳоли пунктларидан эвакуация қилиш ишлари билан банд.

Бельгия ички ишлар вазири Aннелис Верлинден мамлакатдаги ёмон об-ҳаво оқибатларини енгиш учун Европа Иттифоқининг фуқаро муҳофазаси механизмини ишга туширди.

Жума куни эрталаб ёмғир Бельгиянинг аксарият қисмида тўхтади.

Куни кеча Германиянинг Рейнланд-Пфальц ва Шимолий Рейн-Вестфалия федерал штатларидаги тошқинлардан сўнг кўплаб одамлар қурбон бўлганлиги ҳақида хабар бергандик.

Сўнгра Ғарбий Германияда кучли ёмғир ва тошқинлар натижасида камида 58 киши ҳалок бўлгани маълум бўлди.