Ўзбекистонликларнинг иш ҳақи статистикаси эълон қилинди: Энг кўп ва энг кам маош кимларда?

Ўзбекистонликларнинг иш ҳақи статистикаси эълон қилинди: Энг кўп ва энг кам маош кимларда?

Статистика қўмитаси 2021 йилнинг 6 ойи бўйича ўзбекистонликларнинг ўртача ойлик маошига оид статистикани эълон қилди.
Бунда юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотларда ишловчи, қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектларидан ташқари ходимларнинг ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақлари ҳар бир иқтисодий фаолият турларида фарқланади.

Ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи таркибига қўшимча тўловлар, мукофот пуллари, рағбатлантирувчи тўловлар, компенсация ва ишламаган вақти учун тўловлар, шунингдек, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва касаба уюшмасига ажратмалар киради.

Энг кўп ва энг кам маош кимларда?
 Статқўм таҳлиллари ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори даражаси молиявий ва суғурта иқтисодий фаолиятида 7 млн 111 минг сўм ёки республика кўрсаткичидан 2,4 баробар юқори эканлигини кўрсатди.

Энг кам маош эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш фаолиятида 2 млн 49 минг сўм ёки республика ўртача ойлик иш ҳақидан 69 фоизга кам эканлиги кузатилди.

Соҳалар бўйича (қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектларидан ташқари) 2021 йилнинг январ-июн ойларида иш ҳақларининг ўсиши:
1. Молиявий ва суғурта фаолияти - 7 млн 111 минг сўм. 29,6 фоиз ўсиш;
2. Aхборот ва алоқа соҳаси - 5 млн 138,4 минг сўм. 21,3 фоиз ўсиш;
3. Саноат соҳаси - 3 млн 734,6 минг сўм. 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 7,9 фоиз ўсиш;
4. Ташиш ва сақлаш соҳаси – 3 млн 712,6 минг сўм. 10,3 фоиз ўсиш;
 5. Қурилиш соҳаси - 3 млн 690,7 минг сўм, 22,1 фоиз ўсиш;
6.  Савдо соҳаси -  2 млн 977,3 минг сўм. 21,7 фоиз ўсиш;
 7. Таълим соҳаси- 2 млн 250 минг сўм. 14,4 фоиз ўсиш;
8. Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳаси – 2 млн 49 минг сўм. 15,1 фоиз ўсиш.

Ҳудудлар кесимида ўртача иш ҳақи статистикаси қандай?
Иқтисодий фаолият турлари бўйича молиявий ва суғурта фаолиятида ўртача иш ҳақи кўрсаткичи республиканинг барча ҳудудларида юқори эканлиги кузатилди. Кўпгина ҳудудларда ойлик иш ҳақининг пастроқ даражаси соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш фаолиятида кузатилди

Шунингдек, рақамлар ўртача иш ҳақининг энг юқори  ўсиш суръати Тошкент шаҳрига (24,5 фоиз), энг паст ўсиш эса Aндижон вилоятига (8 фоиз) тўғри келишини кўрсатади.

Саноат ва қурилиш соҳаларида энг юқори маош Навоий вилоятига, қолган барча соҳалардаги юқори маош Тошкент шаҳрига тўғри келади.