Хитой 2020 йилда тиббий ниқоблардан 90 млрд долларга яқин даромад олди

Хитой 2020 йилда тиббий ниқоблардан 90 млрд долларга яқин даромад олди

Хитой пандемия бошланганидан бери хорижий давлатларга тиббий ниқоб ва респираторларнинг экспортини деярли тўрт бараварга оширди. 2020 йил апрель ҳолатига битта ниқоб ёки респираторнинг экспорт нархи 2019 йил декабрига нисбатан 720,8 фоизга ортган.

Петерсон Жаҳон иқтисодиёти институти (PIIE) таҳлилчиларининг ҳисобига кўра, Хитой шахсий ҳимоя воситаларини (ШХВ) экспортини қарийб тўрт баравар оширишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Spot хабар бермоқда.

2019 йилда мамлакат 22,9 млрд долларга, 2020 йилда $88,1 млрдга тиббий шахсий ҳимоя воситаларини экспорт қилган. 2020 йилда тиббий ниқоб ва респираторлар экспорти $53,8 млрдга баҳоланмоқда (2019 йилга нисбатан 48,8 долларга кўп), пластик ниқоблар — $16,8 млрд (2019 йилда $3,5 млрд), ҳимоя кийимлари — $10,8 млрд ($9,9 млрд), қўлқоплар — $3,9 млрд ($2,9 млрд).

PIIE ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йил апрель ҳолатига битта ниқоб ёки респираторнинг экспорт нархи 2019 йил декабрига нисбатан 720,8 фоизга ошди. Ҳимоя кийимлари тўпламининг нархи 536,2 фоизга ошган.

2020 йил апрель ойида шахсий ҳимоя воситалари экспорти пандемия бошланишидан аввалги даражага етди, ўша йилнинг ёзида эса рекорд ўрнатишни бошлади. Хитой ҳукумати, шунингдек, қалбакилаштириш ҳоллари ортгани учун маҳсулот сифати устидан назоратни кучайтирди.

Европа Иттифоқига Хитой шахсий ҳимоя воситалари экспорти 2019 йилдаги 3,9 млрд доллардан 2020 йилда 23,4 млрд долларга ошди. АҚШга экспорт эса 7,1 млрд доллардан 24,6 млрд долларга ошган.