Ҳиндий зўрми, урду зўрми?

Ҳиндий зўрми, урду зўрми?

Мен кўп дуч келадиган стереотип бор: Ҳиндистоннинг асосий тили ҳиндий, у жуда қадимий анъанага эга, урду эса Ҳиндистон мусулмонлари орасида вужудга келган аралаш тил, унда кам одам (ва асосан Покистонда) гапиради. Бундай қарашларни жуда кўп эшитганман.

Олдинги постларимда урду ва ҳиндий аслида бир тилнинг икки адабий (ҳатто функционал) версияси эканини кўп айтганман. Лекин ҳиндийнинг асосини урду ташкил қилади, урду қадимийроқ десам, ишонасизми?

Бир бошидан бошлай. Ҳиндистонда тарқалган ҳинд-орий тиллари тўртта йирик континиумга бўлинади: шарқий гуруҳ (банголий ва унга жуда яқин тил-диалектлар), жанубий гуруҳ (маратҳи ва унга яқин тиллар), ғарбий гуруҳ (панжобий ва яқин идиомлар), марказий гуруҳ (ҳиндистоний ва унга яқин тиллар). Ислом давригача ҳинд цивилизациясининг асосий марказлари субконтинентнинг жанубида ва шарқида (Ганг водийсида) бўлган. Турли ҳинд тилларидаги бой диний адабиёт, маданий анъаналар ўша ҳудудларда вужудга келган (Ганг дарёси культи ҳам бежиз вужудга келмаган). Ҳиндларнинг энг афсонавий шоҳларидан бири Ашока мансуб бўлган Маурья сулоласи ҳамда уларнинг пойтахти Паталипутра жойлашган географияга бир қизиқиб кўринг, бунга амин бўласиз.

Илк ўрта асрларда субконтинентнинг марказий ва шимолий ҳудудларида бошланган демографик ва иқтисодий ўсиш ортидан иқтисодий марказлар шу ерга кўча бошлади, йирик шаҳарлар вужудга келди. Айниқса ислом даврида бу ўсиш чўққисига етди. Маҳмуд Ғазнавий бошлаб берган мусулмон экспансиясини қарлуқлар, ҳалажлар, пуштунлар, мўғуллар, Темур, Бобурийлар давом эттирди. Бу кетма-кет тўлқинлар асосан Ҳиндистоннинг шимолий ва марказий қисмларини эгаллаб, унинг қиёфасини ўзгартирди. Шарқда ва жанубда анъанавий ҳинд маданияти яхшироқ сақланди, ислом дини камроқ тарқалди. Шу-шу Ҳиндистон маркази, у ердаги Деҳли, Агра каби шаҳарлар асосий сиёсий, маданий ва иқтисодий марказларга, энг аҳоли кўп яшайдиган ҳудудларга айланиб қолди.

Маҳаллий ҳинд аҳоли орасида ислом динини тарғиб қилиш зарурати туфайли мусулмонлар уларнинг тилини ўзлаштира бошлади (ва кейинчалик бу тилга тўлиқ таслим бўлди). Бу ишни бошлаб берган киши асл насли турк бўлган Хисрав Деҳлавий эди: уни биз буюк шоир деб биламиз, лекин Ҳиндистонда у кўпроқ диний тарғиботчи, авлиё зот саналади. У Деҳли атрофида тарқалган диалект асосида диний шеърлар ёза бошлади (бу тилни жуда яхши билмаса ҳам). Деҳли атрофидаги шевани забони қаряйи боло (юқори қалъа тили) деб аташар эди. Мана шу тилни араб хатига мослаб, ёзма тус берган Хисрав Деҳлавий урду тили ва адабиётининг асосчисига айланди. Бу тил ҳинд мусулмонларининг ўрта табақалари орасида кенг тарқалди. Лекин юқори табақа Британия истилосига қадар асосан форс тилидан фойдаланиб келди.

Марказий Ҳиндистон ҳиндларига келсак, уларнинг юқори табақалари авадҳа, браж каби тил-шевалардан фойдаланарди. Шарқда ва жанубда эса санскрит ва пракрит анъаналари узоқ яшади. Шундай қилиб, забони урдуйи муалла (қўшин тили, забони лашкарий) мусулмонларнинг ўрта табақалари – шоҳлар билан Марказий Осиёдан келган ҳарбийлар ва уларнинг оилалари ҳамда ислом динига ўтган маҳаллий аҳоли (арзаллар) тили бўлиб қолаверди.

Ҳиндистонни эгаллаган Британия мусулмон элитасининг анъаналарини синдириш мақсадида шу тилни қўллаб-қувватлай бошлади. Форс тили сиқиб чиқарила бошланди. Айниқса Ҳиндистон ва Покистон деган икки давлат ташкил топгач, бу сиқиб чиқариш авжига чиқди, натижада бугун Ҳиндистонда форс тилида гапирувчи аҳоли қолмаган ҳисоб.

Ҳиндлар ва мусулмонлар ўртасида конфликт натижасида иккита алоҳида давлат ташкил топибгина қолмай, тарих ва маданиятни ҳам иккига бўлиш эҳтиёжи туғилди. Лекин Ҳиндистоннинг охирги минг йиллик тарихи ва маданияти ислом билан боғлиқ бўлгани боис, ҳатто урду тили ва адабиёти ҳам мусулмон маданияти билан боғлиқлиги боис янги Ҳиндистон элитаси андак қийинчиликка дуч келди. Пировардида урду тили ҳиндлаштирилди – деванагари алифбоси унга мослаштирилди, луғат бир қадар тозаланиб, санскритча сўзлар кўпайтирилди. Унга қадар бу тилдаги матнлар араб хатида ёзиларди. Шунга қарамай, ҳиндий ва урду ўртасидаги фарқ ҳалигача унчалик катта эмас (айниқса оғзаки даражада).

Ҳиндистондан Покистонга кўчиб кетган мусулмон муҳожирлар урду анъаналарини сақлаб қолди, лекин субконтинент шимоли ва ғарбидаги панжобий ва ҳиндко тил анъаналари туфайли урду асосий тилга айлана олмади. Нима бўлганда ҳам, урду қадимийроқ анъанага бориб тақалади, ҳиндий эса шунчаки урдунинг ҳиндлаштирилган вариантидир.

Яна бир қизиқ деталь бор. Айрим ҳинд тарихчилари ва зиёлилари урду тилига ва мусулмон ўтмишига урғу бермаслик мақсадида бугунги ҳиндий тилини браж тилининг авлоди деб номлайди. Юқорида айтганимдек, бу тилдан Марказий Ҳиндистон ҳиндларининг элитаси фойдаланган. Муаммо шундаки, браж ҳиндистоний тилига жуда яқин, лекин унинг аждоди эмас. У ота эмас, амаки. Ҳиндий тилининг асоси эса урду тилининг асоси билан бир хил, яъни Деҳли мусулмонлари орасида тарқалган забони қаряйи боло ҳамда унинг асосида ишлаб чиқилган забони урдуйи муалладир.

Манба: @AsanovEldar