» » Ҳаётидан мамнун яшаётган инсонлар дуода

Ҳаётидан мамнун яшаётган инсонлар дуода

Ёзнинг жазирама кунлари ортда қолиб юртимизда «Олтин куз» ўз ҳукмронлигини бошлади. Фаслнинг дастлабки кунлариданоқ ҳаво ҳароратининг пасайганлиги қиш мавсумига тайёргарлик ва эҳтиёт чораларини кўришга ундагандек бўлди. Шу маънода ҳудудларда куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида тизимли ишлар ташкил этилди. Хусусан, Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Жўрабек Ғойибов бошчилигидаги 4-сектор ҳудудида ижтимоий объектларни ўрганишга ва аниқланган камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сектор раҳбарининг Боёвут тумани «Совотобод» маҳалласида ўтказилган навбатдаги оммавий сайёр қабулида ҳудудда жойлашган 50-сонли умумий ўрта таълим мактабининг спорт залини таъмирлаш ҳамда янги иситиш тизимини ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди. Шунингдек, мактабнинг компьютер хонасидаги эски чўғлама чироқлари янги замонавий лед чироқларига алмаштириладиган бўлди.

Янгича стратегия ва тизим асосида аҳоли муаммоларини уйма-уй юриб ўрганиш шаклида ташкил этилган ушбу оммавий сайёр қабул давомида 4-сектор раҳбарига 15 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг аксариятини маҳалладаги хонадонлар бирма-бир кириб ўрганилганда ишга жойлашиш, уй-жойини қонунан рўйхатдан ўтказилиши яъни кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, йўлларни текислаш, фуқаролик паспортини олиш каби ижтимоий-маиший масалалардаги мурожаатлар ташкил этаётганлиги аниқланди.

Жумладан, «Мингбулоқ» кўчасида яшовчи 3-синф ўқувчиси 2-гуруҳ ногирони Шукруллаева Маржонага якка тартибда таълим олиши учун зарур ўқув-қуроллари ҳамда ёзув тахтаси берилди.

 - Қизим Маржона тенгдошлари қатори мактабга боролмаслигидан жуда қаттиқ хафа бўлар эди, - дейди дадаси Ғулом Назаров. – Хайрли ва саҳоватли инсонлар кўмагида қизимга уйда билим олишига шароит яратилди. Бугун айниқса қизим ва оиламиз учун қувончли кун бўлди. Сабаби вилоят 4-сектор раҳбари мактаб ўқув қуроллари ва дарсликлар, ёзув тахтаси берганлиги, ўйлайманки қизимнинг ўқишга – билим олишга иштиёқини янада орттиради.

Дарҳақиқат, ижтимоий ҳимояга муҳтож, камхарж оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга кўмак кўрсатиш миллатимизнинг олий инсоний қадриятидандир. Бунинг яна бир далили «Янги ҳаёт» кўчасида яшовчи фуқаро Хидоят Шариповага ногиронлар аравачаси тақдим этилгани бўлди.

Оммавий сайёр қабул маҳалланинг «Маънавият», «Мафтункор», «Келажак», «Янги ҳаёт» кўчалари бўйлаб давом этаркан, М.Шукруллаеванинг ногиронлик гуруҳини аниқлаштириш ва тиббий муолажаларга ёрдам кўрсатиш, А.Эсоналиев хонадонини суюлтирилган газ балони билан таъминлаш, И.Эсоналиевага турар уйининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, Б.Норматова оиланинг ёлғиз боқувчиси бўлгани сабаб фарзандига мактаб ўқув қуроллари билан таъминлашда амалий ёрдамлар кўрсатилди.

«Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқ учун хизмат қилиши даркор» шиорини дастуриламал қилиб олган Ж.Ғойибов аҳоли билан учрашувларда «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги Президент Қарори асосида жуда катта имкониятлар яратиб берилаётганлиги хусусида ҳам тўхталиб ўтмоқда. Мазкур Қарор асосида оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган фуқароларга имтиёзли кредитлар ажратилишида амалий кўмак кўрсатилмоқда.

Шунингдек, жойларда ташкил этилаётган оммавий сайёр қабулларнинг янги форматда ўтказилаётганлиги «Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони талаблари доирасида амалга оширилётганлиги фуқароларимизнинг давлат идораларига бўлган ишончи ва ҳурматининг ортишига хизмат қилмоқда.

 

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси

Матбуот хизмати

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив