» » Солиқ ходимлари тадбиркорлар ва фермерлар бухгалтериясини юритишда амалий ёрдам берадилар

Солиқ ходимлари тадбиркорлар ва фермерлар бухгалтериясини юритишда амалий ёрдам берадилар

Куни кеча Давлат солиқ қўмитаси томонидан Дўстлик туманидаги болалар мусиқа ва санъат мактабида Президентимиз  Шавкат  Мирзиёевнинг шу йил 26 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятини тадбиркорларга етказиш мақсадида   семинар ташкил этилди.                                    

Тадбиркорлар ва фермер хўжалиги раҳбарлари, бош ҳисобчилар иштирокидаги  мазкур тадбирни Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Алимжон Файзибоев бошқарар экан  Президентимиз фармонига биноан, 1 октябрдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси амалдаги 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилгани, ушбу ўзгаришнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

Бугун бюджет ташкилотларида 1,7 миллион киши доимий иш билан банд, 3 миллиондан ортиқ пенсия ёшидаги фуқаролар бор. Давлат томонидан уларга ҳар ой маош ва нафақалар берилади. Давлат ўз олдида турган ана шундай мажбуриятларни тўла бажариши учун ўтган вақт давомида қўшилган қиймат солиғини 20 фоизда ушлаб туришга тўғри келди.

Ўтган йилги солиқ концепциясида 2019 йил 1 январдан иш ҳақи фондига бўлган солиқ юкини камайтириш кўзда тутилганди. Натижада ушбу санадан бошлаб жисмоний шахсларнинг даромад солиғи 22 фоиздан ягона 12 фоизга туширилди. Саккиз фоизлик иш ҳақидан суғурта бадали олиш умуман бекор қилинди. Бу бир қараганда, бюджетга тушумнинг сезиларли камайишига олиб келишини англатади. Шу боис мутахассислар бу ўзгаришни катта таваккал, дея баҳолаганди.

Аммо Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзлаб иш тутиши натижасида тадбиркорлар яратилган солиқ имтиёзларидан оқилона фойдаланиб, ўз фаолиятини янада жонлантирди. Бунинг натижасида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг давлат бюджетига тушуми икки бараварга ортиши кузатилди. Йилнинг биринчи ярмида қўшимча 571 минг солиқ тўловчи аниқланди. Даромад солиғи давлат бюджетини шакллантирувчи учинчи солиқ тури эканини инобатга олсак, бу муҳим аҳамиятга эга экани ойдинлашади. Айни шу натижалар қўшилган қиймат солиғи ставкасини пасайтириш қарорини қабул қилишга туртки бўлди. Биз 15 фоизлик ставкани 2020 йил 1 январдан жорий этиш таклифини илгари сургандик. Аммо давлатимиз раҳбари бу амалиётни 1 октябрдан жорий қилиш ва иқтисодиётда бизнес учун енгилликлар яратиш бўйича топшириқлар берди.

Қўшилган қиймат солиғи ставкасининг туширилиши натижасида республика миқёсида хўжалик юритувчи субъектлар ихтиёрида 10 триллион сўмдан ортиқ айланма маблағ тежаб қолинади.

Давлат солиқ қўмитаси раис ўринбосари Алимжон Файзибоев иштирокчиларга  15 фоизли қўшилган қиймат солиғи амалиётга жорий этилиши чоғида тадбиркорлик субъектлари олдида турган биринчи галдаги вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди.

Фармонга мувофиқ, ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиздан 12 фоизга туширилгани шунингдек ушбу фармон билан тадбиркорлар ҳисоб рақамларини тўхтатиб қўйишнинг амалдаги тартиби бекор қилингани борасидаги янгиликлар  борасида йиғилганларга  батафсил маълумот берилди.  

Бугунги кунда солиқ маъмуриятчилигини амалга оширишда етти хил янги турдаги солиқ назорати механизмлари жорий қилинмоқда. Бу қўшилган қиймат солиғи гувоҳномасини олиш, божхона декларацияси асосида кириб келган юкларнинг электрон ҳисоб-фактурасини жорий қилиш, бутун мамлакат тадбиркорлик фаолияти ҳисобини электрон кўринишга ўтказиш, электрон транспорт юк хати жорий қилиб, йўлдаги юклар ҳаракатини назорат қилиш ва маҳсулот тайёр бўлганидан сўнг улар савдосида онлайн назорат-касса аппаратларини жорий қилишда намоён.

Солиқ тизимига бу каби амалиётларни жорий этишда Хитой, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлар тажрибалари ўрганилди. Бу, ўз навбатида, солиқ тўловида шаффофликни таъминлашга қаратилган.

Семинар сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар ёрдамида батафсил маълумот олдилар.

                                           Жиззах вилоят ДСБ Матбуот хизмати

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш