Матонатли Ноилага кўмак кўрсатилади

Матонатли Ноилага кўмак кўрсатилади

Ноила Хурсанова 24 ёшда. I  гуруҳ ногирони. Биринчи синфга боргунича бошқа болалар каби чопқиллаб қувлашмачоқ ўйнаб юрарди. Аммо суякларининг мўртлашиши оқибатида оёқларидан мадор кетди, бора-бора юриш ҳаракатини йўқотди. Қизалоқ бу дард билан кўп олишди. Умрининг кўп қисми касалхона ва ётоқхонасининг шифтига термулиш билан ўтди. Ахийри тақдирга тан бериб, шу ҳолида ҳам ҳаётда ўз ўрнини топишга аҳд қилди.

Дастлаб тикувчиликни ўрганди. Қўли гул чевар бўлиб номи чиқди. Аммо бир жойда мудом ўтириш, инжиқ мижозлар билан ишлаш ундаги жўшқинликни чеклар эди. Икки ҳафта  маникюр устасига шогирд бўлди. Табиатан ижодкор, зеҳнли эмасми, бу ҳунарни ҳам эгаллаб олди. Бугун тиззаларига ўрнатилган мослама билан ҳаракатланувчи Ноила Жиззах шаҳридаги “La Sposa” гўзаллик салонида маникюр устаси бўлиб ишлайди.  Беш йилдирки, у доимий мижозлар орттирган, кўплаб шогирдларнинг устозидир.

- Доимий изтиробдан оғири йўқ, - дейди Ноила Хурсанова. – Ҳаракат ва олға интилиш, одамлар билан юзма-юз бўлиш, аёлларнинг ҳуснига ҳусн қўшиш аччиқ тақдиримни чекинтиради. Мен соғлом инсонлар қатори ўз ҳаётимни ўзим йўлга қўя олганимдан мамнунман.

Дарҳақиқат, Ноила уни борлигича қабул қилган соғлом йигит билан қонуний никоҳдан ўтиш арафасида. Ёш оилага эса уй керак. Ноила бир неча маротаба Шароф Рашидов туман ҳокимиятига ногиронлиги бор шахслар учун ажратиладиган уй сўраб, мурожаат қилди.  Аммо мурожаатга ҳадеганда жавоб бўлмади. Умидсизлика тушмасликни ўрганган Ноила Жиззах вилоятидаги тўртинчи сектор раҳбари А.Ишназаровга ёрдам сўраб, мурожаат қилди. Унинг доимий иш ўрни, тўлов қобилияти борлиги аниқлангач, Шароф Рашидов тумани ҳудудида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун қурилаётган уй-жойларнинг ажратилишида амалий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.

Ногиронлар жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси, уларнинг жисмоний имконияти чекланган, холос. Бундай кишиларга мурувват ёрдами эмас, ҳаётга муҳаббат уйғотиш муҳимдир.

Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.