» » Таҳлил: энг кўп қарздорлик қурилиш корхоналари ҳиссасига тўғри келмоқда

Таҳлил: энг кўп қарздорлик қурилиш корхоналари ҳиссасига тўғри келмоқда

Бугун мамлакатимизда қонуний асосда ташкил этган ишбилармонларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тўлиқ давлат ҳимоясига олинган. Тадбиркорларнинг ташаббуслари ҳар жабҳада қўллаб-қувватланаяпти.

Аммо орамизда шундай инсонлар борки, тадбиркорлик билан шуғулланиб, фойда кўради. Мажбуриятларига келганда эса, «бир гап бўлар» қабилида иш тутмоқда. Натижада йирик солиқ қарздорликлари пайдо бўлиб, бундан давлат ҳам, жамият ҳам зарар кўрмоқда.

Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг солиқ қарзини ундиришга қаратилган кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, пойтахтимизда солиқ қарздорлигини қисқартириш бўйича ўтказилган тадбирлар давомида 1560 нафар якка тартибдаги тадбиркорнинг 21 млрд. сўм, 3 минг 250 нафар фуқаронинг 1,7 млрд. сўм солиқ қарзи ундирилди.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда энг кўп қарздорлик қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар ҳиссасига тўғри келмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида солиқ қарзини ундириш бўйича жойларда ўтказилган тадбирлар давомида 12 минг 765 та қарздор корхонанинг 487,6 млрд. сўмдан зиёд солиқ қарзи ундирилган бўлса, шундан 174,8 млрд. сўми айнан қурилиш корхоналари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Мисол учун, пойтахтимизнинг Чилонзор туманида рўйхатдан ўтган «KO’PRIKQURILISHBUTLASH» корхонаси раҳбарларининг лоқайдлиги сабаб тўпланиб қолган 1,2 млрд. сўмлик солиқ қарзи мажбурий ундирувга қаратилиб, суд қарори асосида ундирилди.

Ҳудди шунингдек, Мирзо Улуғбек туманида рўйхатдан ўтган «Тошкент иссиқлик маркази» давлат унитар корхонасининг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан бўлган қарзи ойлар давомида тўпланиб қолди. Туман давлат солиқ инспекциясининг бир неча бор огоҳлантиришига қарамай, солиқ қарздорлиги бартараф этилмади. Пировардида 3,2 млрд.сўмлик қарздорлик корхонанинг дебиторлари ҳисобидан инкассо топшириқномаси асосида ундириб олинди.

Ҳурматли солиқ тўловчилар!

Бюджетга тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ватанимиз сарҳадларининг мустаҳкамлигига, халқимиз фаровонлигини ошириш ва кучли ижтимоий ҳимоясини таъминлашга сарфланади.

Шундай экан, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида амалга оширинг!


Тошкент шаҳар ДСБ матбуот хизмати

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив