» » Жиззахда янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг мазмун моҳияти юзасидан семинар учрашувлар олиб борилмоқда

Жиззахда янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг мазмун моҳияти юзасидан семинар учрашувлар олиб борилмоқда

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-599-сонли Қонуни билан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси тасдиқланди.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 71 та боб 480 та моддадан иборат бўлиб, солиқлар ва йиғимларнинг сони ва турлари, шунингдек алоҳида солиқ режимлари оптималлаштирилиб 120 дан ортиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Солиқ кодексига киритилган ўзгаришларнинг мазмун моҳиятини солиқ тўловчиларга етказиш мақсадида вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан бошқарма ва инспекцияларда доимий фаолият олиб борувчи алоҳида “штаб”лар ташкил этилди ва уларга тизимнинг етук мутахассислари масъул қилиб белгиланди.

Солиқ кодексига киритилган ўзгаришлар мазмун моҳиятини солиқ тўловчиларга етказиш бўйича бугунгача 3 маротаба семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилди ва уларда 620 нафар солиқ тўловчиларнинг раҳбар ва ҳисобчилари қатнашди.

Хусусан, жорий йилнинг 8-9 январь кунлари вилоятнинг Дўстлик ва Ғаллаорол туманларида Давлат солиқ қўмитаси ва Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси ҳамкорлигида кўргазмали семинарлар ташкил этилди.

Дўстлик туманида бўлиб ўтган кўргазмали семинарда  Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари О.Э.Файзибоев бошқарма бошлиғи А.Ишназаров ва бошқа мутасадди ташкилот раҳбарлари, Дўстлик, Мирзачўл, Зафаробод, Арнасой туманларидан 400  нафардан ортиқ тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари ва ҳисобчилари иштирок этди.

Ғаллаорол туманида 9 январь куни бўлиб ўтган семинарда Бахмал ва Ғаллаорол туманларидан 220 нафар тадбиркорлар иштирок этди. Тадбирда Давлат солиқ қўмитаси мутахассислари ва қўмита ҳузиридаги малака ошириш маркази ўқитувчилари ҳамда вилоят солиқ бошқармаси мутахассислари томонидан солиқ қонунчилигидаги ўзгариш ва янгиликлар борасида йиғилганларга тушунча бердилар.

Кўргазмали семинарда иштирокчилар эътиборига 40 дан ортиқ мавзудаги ахборот стендлари ҳавола этилди. Семинар давомида иштирокчилар 50 дан ортиқ ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олдилар.

Бундан ташқари вилоят давлат солиқ бошқармасида алоҳида ўқув хонаси ташкил этилиб, унда мутахассислар томонидан тадбиркорлик субъектлари учун солиқларни ҳисоблаш, солиқ ҳисоботларини тақдим этиш ва тўлаш бўйича “соҳавий дарслар” ташкил этилди.

Семинарлар вилоятнинг барча туманларида ўтказилиши белгиланган.

 

Жиззах вилоят ДСБ Матбуот хизмати

скачать dle 12.0

Фикр қолдириш