Жиззахда янги Солиқ кодексига киритилган ўзгаришлар юзасидан 8 014 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар хабардор қилинди

Жиззахда янги Солиқ кодексига киритилган ўзгаришлар юзасидан 8 014 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар хабардор қилинди

Янги тахрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси ҳамда “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни билан якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун янада қулай шарт-шароит яратилди.

Хусусан, якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган қатъий миқдордаги даромад солиғи ставкаси ўтган йилга нисбатан ўртача 25 фоизга пасайтирилди.

Масалан, ўтган йилда Жиззах шаҳридаги деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш биланшуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар бир ойда 200 минг сўм қатъий солиқ тўлаган бўлса, жорий йилда 150 минг сўм  тўлайди.

Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркорларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини жами йиллик декларация асосида тўлашни танлаш ҳуқуқи берилди.

Яъни, энди якка тартибдаги тадбиркор тадбиркорлик фаолиятидан даромад олса ёки олмаса ҳам бир хил суммадаги қатъий белгиланган солиқни тўламасдан ҳақиқий олган даромади миқдоридан келиб чиқиб, солиқ органига декларация топшириш орқали даромад солиғини тўлаши мумкин.

Бунинг учун, якка тартибдаги тадбиркор жорий йилнинг 25 январига қадар (янги рўйхатдан ўтган тадбиркорлар тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиш чоғида) ўзи танлаган даромад солиғини тўлаш тартиби ҳақида солиқ органига билдириш хатини беради.

Якка тартибдаги тадбиркорнинг мазкур билдириш хатини солиқ органига бермаслиги, унинг даромад солиғини қатъий белгиланган суммада тўлашга розилигини билдиради.

Шу билан бирга, якка тартибдаги тадбиркор жорий йилнинг 1 февралига қадар (янги рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари –рўйхатдан ўтказилган ойнинг охирига қадар) ўртача ойлик даромади миқдоридан келиб чиқиб дастлабки декларацияни тақдим этади ва ҳар ойда декларацияда кўрсатилган суммасида даромад солиғини тўлаб боради.

Янги тахрирдаги Солиқ кодекси билан якка тартибдаги тадбиркорларнинг даромад солиғи ва ижтимоий солиқни тўлаш муддатлари бирхиллаштирилиб, ҳар ойнинг 15 санаси этиб белгиланди (ўтган йилдаги муддат қатъий солиқ 10-сана ва ЯИТ 25-сана).

Якка тартибдаги тадбиркорлар даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиши шарт.

Бунда, даромад солиғини декларация асосида тўлашни танлаган якка тартибдаги тадбиркор тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳақиқатда амалга оширилган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатларни даромаддан чегириб ташлаш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 385 ва 397-моддаларига асосан, товарлар (хизматлар) реализациясидан даромади календарь йилида 100 млн.сўмдан ошмайдиган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғини жами йиллик декларация асосида тўлашни танлаш ҳуқуқи берилди.

Мазкур якка тартибдаги тадбиркорлар доимий яшаш жойи бўйича солиқ органларига жорий йилнинг 25 январига қадар танланган солиқ тўлаш тартиби тўғрисидаги билдириш хатини ҳамда 1 февралига қадар дастлабки декларацияни тақдим этиши бўйича Солиқ кодексига киритилган ўзгаришлар юзасидан 8 014 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар хабардор қилинди.

Вилоятда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини декларация асосида тўлаш истагини билдирган якка тартибдаги тадбиркорлар аниқланмади.

                                          Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати