Фойда солиғи “0” фоиз ставкада, шундай бўлиши мумкин(ми)?

Фойда солиғи “0” фоиз ставкада, шундай бўлиши мумкин(ми)?

 Сирдарё вилоятида 2020 йил 1-февраль ҳолатига фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони 15 мингдан ортиқни ташкил этмоқда. Жорий йилдан бошлаб асосий ғояси - тенглик, соддалик ва аниқликка асосланган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида вилоят давлат солиқ хизмати органлари томонидан барча ҳудудларда солиқ тўловчилар ўртасида семинарлар ва давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда.

Мазкур учрашувларда кодексга киритилган асосий ўзгартиришлар бўйича умумий маълумотлар берилган бўлса, эндиликда бу янгиликлар соҳалар кесимида солиқ тўловчиларга етказилишийўлга қўйилди.

Жумладан, ишлаб чиқариш ва қурилиш соҳасида 3400 та фирма ва корхоналар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан 5500 дан зиёд, умумий овқатланиш соҳасида 300 га яқин ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларга ҳар бир йўналиш ва соҳалар кесимида семинар ва учрашувлар ўтказилди. Ушбу тадбирларда энг долзарб ва муҳим ўзгаришлар аниқ мисоллар асосида кўргазмали воситалар ёрдамида етказилаётганлиги солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга хизмат қилмоқда.

- Биринчи марта тадбиркорларга ички бозорда сотган маҳсулоти бўйича қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби жорий этилмоқда, - дейди Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Абдуқайим Абдушукуров. – Ўзгаришлардан яна бири юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича ўзи ишлаб чиқарган ўз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилишдан олинган фойдаси бўйича қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчи корхоналари учун 0 фоиз миқдорида ставка ўрнатилди. Бунда, реализация қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 90 фоиздан ортиқни ташкил этиши лозим.

Семинарлар давомида 2019 йил якуни билан жами даромадлари 1 миллиард сўмдан ошмаган ягона солиқ тўлови ва ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғи тўловчилари 2020 йил 1 январдан бошлаб, айланмадан олинадиган солиқни тўлаши, шунингдек, айланмадан олинадиган солиқдан воз кечиши ҳамда фойда солиғини тўлашга ўтиши ва қўшилган қиймат солиғини тўлашни давом этиш ҳуқуқига эга эканлиги каби маълумотларайтиб ўтилмоқда.

- Ўтказилаётган семинарларда аниқ мавзу асосида мутахассисларнинг тушунтириш беришлари мазкур янгиликларни амалиётга жорий этилиши ва қўлланилишида тадбиркорларга енгиллик яратади, - дейди ҳисобчи Рамазон Мўминов. – Шунингдек,солиқ ҳисоботларини топшириш муддатларида ўзгаришлар ҳам фирма ва корхоналар фаолиятига ижобий таъсирини кўрсатади деб ўйлайман.

Ўтказилаётган учрашувлар, семинарлар ва давра суҳбатларида иштирокчилардан кўплаб саволлар келиб тушмоқда. Уларнинг аксариятига тушунтириш бериш билан бирга таклифлар ва муаммоли саволлар давлат солиқ қўмитасига юборилмоқда. Янги меъёрий ҳужжатни ўрганиш ундаги ноаниқлик ва муаммоли вазиятларга ойдинлик киритиш мақсадида таклифлар тайёрланмоқда.

 

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси

Матбуот хизмати