Қулфлар очилганда... ёки таъсирчан солиқ механизми янги иш ўринларининг яратилишига сабаб бўлмоқда

Қулфлар очилганда... ёки таъсирчан солиқ механизми янги иш ўринларининг яратилишига сабаб бўлмоқда

Кўп йиллар олдин маҳалла гузари қурилаётганда талабгорларга нонвойхона, гўшт дўкони, пойафзал устахонаси қуриши учун ер майдони ажратилди. Қатор бинолар қурилиб, аҳолига қулайликлар яратилди. Аммо маълум вақтдан сўнг нонвойга ижара шартлари маъқул келмай қолди, гўшт дўкони касодга учради ва яхши мақсадларда қурилган бинолар ҳувиллаб қолди. Эшикларга катта қулф осилиб, қайтиб очилмади...

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 августдаги “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 666-сонли қарори айнан шу каби бўш турган, фойдаланилмаётган объектларни хўжалик фаолиятига жалб этиш, улар негизида замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида қабул қилинди. Жойларда ишлаб чиқариш майдонларидан оқилона фойдаланмаслик, фойдаланилмаётган объектларни бошқа мулкдорлар номига расмийлаштириш орқали таъсирчан солиқ механизмидан қочиш ҳоллари кўплаб учрамоқда эди. Натижада бу каби объектларни хўжалик фаолиятига жалб этиш жараёни мураккаблашади.  

Мазкур қарор билан Давлат солиқ хизмати органларига фойдаланилмаётган объектларнинг ҳисобини юритиш, бу объектларни хўжалик фаолиятига жалб қилишни жадаллаштириш мақсадида оширилган ставкаларда солиқ ҳисоблаш вазифаси юклатилган.

Хўш, оширилган ставкаларда солиқ ҳисоблаш амалиёти бўйича қандай ўзгаришлар киритилди?

  1. Эски тартиб бўйича мол-мулк ва ер солиқлари ўрнатилган ставкага нисбатан - 6 ойгача - икки карра,  6 ой ўтгандан сўнг - беш карра,  12 ой ўтгандан сўнг ва кейинчалик ўн карра миқдорида қўлланилган.

Жорий этилган янги тартиб бўйича мол-мулк ва ер солиқлари ўрнатилган ставкага нисбатан  3 ойга қадар икки баравар,  3 ой ўтгандан сўнг беш баравар, 6 ой ўтгандан сўнг ўн баравар, 12-ойдан бошлаб келгуси ҳар 12 ойда охирги ошириб қўлланилган миқдорнинг икки баравари миқдорида қўлланилади.

  1.  Солиқ солиш режими ўзгаришини талаб қиладиган норма бекор қилинди.

Яъни, аввалги нормада юридик шахслар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни соддалаштирилган тартибда тўлашдан умумбелгиланган тартибда тўлашга ўтказилган.

Амалдаги норма бўйича бўш турган объект эгаси юридик
 шахс – ягона солиқ тўлови тўловчиси бўлса, соддалаштирилган тартибда солиқ тўлаш режимини сақлаб қолади.

  1.  Татбиқ этиладиган солиқ имтиёзларига ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, олдинги норма бўйича қонунчиликка мувофиқ тақдим этилган барча солиқ имтиёзлари ва преференцияларнинг амал қилиши тўхтатилган. Жорий қилинган нормада фақатгина мол-мулк ва ер солиқлари бўйича қўлланилган солиқ имтиёзлари ва преференцияларининг амал қилишини тўхтатилади.

  1.  Бўш турган объект мулкдорларини объектни ишга туширганидан сўнг уларни қўллаб-қувватлаш тизими яратилди.

Бунда аввалги тартибда фойдаланилмаётган объект хўжалик фаолиятига жалб этилганда фақатгина таъсирчан солиқ механизмини қўллаш тўхтатилган бўлса, бугунги кунда таъсирчан солиқ механизмини қўллаш натижасида ҳисобланган солиқларни мулкдорга қайтариш тартиби ишлаб чиқилди. Бунда фойдаланилмаётган объект ишга туширилгаридан таъсирчан солиқ механизмини қўллаш натижасида охирги 12 ой учун тўланган солиқ суммалари объект мулкдорига қайтарилади.

Бўш турган объектлар Давлат солиқ хизмати органлари томонидан мустақил равишда аниқланадиган тизим жорий қилинди. Аввалги тартиб бўйича мол-мулкнинг қиймати мавжуд бўлмаганда ёки “0”га тенг бўлганда объектларга нисбатан солиқ ҳисоблаш имконияти мавжуд бўлмаган. Эндиликда янги норма бўйича мол-мулкнинг шартли қиймати ҳар бир квадрат метри учун базавий ҳисоблаш миқдорининг Тошкент шаҳрида 8 баравари; Нукус шаҳри, вилоят марказлари ҳамда республика ва вилоятга бўйсунувчи йирик шаҳарларда 4 баравари; бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларида 2 баравари миқдорида белгиланади. Бунда объектнинг фойдаланилмаётган майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлганда, ҳисобланган солиқ суммасига 1,5 баравар миқдордаги кўпайтирувчи коэффициент қўлланиладиган бўлди.

Хозирги кунда вилоятда 472 та (шундан 204 нафар юридик шахслар ҳамда 268 нафар жисмоний шахслар) фойдаланилмаётган объектлар бўйича таъсирчан солиқ механизми қўлланилмоқда. Уларга жорий йил учун 28 683,2 млн.сўм мол-мулк ва ер солиқлари ҳисобланган. Жумладан, оширилган ставкалар бўйича 2 карра миқдорда 91 нафар мулкдорга нисбатан 416,5 млн.сўм, 5 карра миқдорда 192 нафар мулкдорга нисбатан 1 930,2 млн.сўм, 10 карра миқдорда 130 нафар мулкдорга нисбатан 9 662,9 млн.сўм ҳамда охирги ошириб қўлланилган миқдорнинг икки баравари бўйича 130 нафар мулкдорга нисбатан 16 673,6 млн. сўм миқдорида таъсирчан солиқ механизмлари қўлланилган. Жорий йил давомида ушбу ҳисобланган маблағлардан бюджетга 618,5 млн. сўм ундирилди.

Юқорида таъкидланганидай, ушбу чора-тадбирлар тадбиркорлик субъектлари ёки хусусий мулкдорларни жадал иқтисодий фаолликка жалб этиш, яхши ниятда қурилган ҳар бир бинонинг тадбиркор манфаатига хизмат қилиши, янги иш ўринлари яратилиши ва умумфаровонликка ҳисса қўшишини таъминлайди.

Фазлиддин  МУЗАФФАРОВ,

Жиззах вилоят давлат солиқ бошқармаси юридик бўлим бошлиғи.