“Саховат ва кўмак” ҳаракати: тадбиркор ва фуқарога қандай наф бор?

“Саховат ва кўмак” ҳаракати: тадбиркор ва фуқарога қандай наф бор?

Саховат ва кўмак кўрсатиш мажбурий иш эмас, балки силаи раҳм, ҳар бир виждонли ва тартибли одамнинг кўнгил амридир. Бунга замонавий дунёда ҳам, муқаддас ислом таълимотида ҳам етарлича далиллар бор. Шу сабаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Фармони билан ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бумеранг эффектини беради, дея ишонч билан айта оламиз.  

Яъни, “Маҳалла” хайрия жамоат фондига, “Саховат ва кўмак” фондига, “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган жисмоний шахслар рўйхатига киритилган жисмоний шахсларга беғараз бериладиган пул маблағлари ва товарлар (хизматлар) фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар сифатида қаралади (15%);  ҚҚСдан озод этилади (15%); айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солиш объектига киритилмайди (4%). Ушбу имтиёзлар 2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 1 октябрга қадар амалда бўлади.  

Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишларида ушбу ҳаракатни янада кенгроқ тарғиб қилиш, ҳомий ташкилот ва тадбиркорлар билан бирга эҳтиёжмандларнинг ҳам бохабарлигини ошириш зарурлигини  бир неча бор таъкидладилар.  

Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси раҳбарияти томонидан бир неча бор тўртинчи сектор ҳудудидаги Бахмал ва Ғаллаорол туманларида ўрганиш ўтказилди. Хонадонларда фуқароларнинг яшаш тарзи, турмуш шароити, муаммолари билан батафсил танишилди. Шундан сўнггина натижа берадиган тизим қандай бўлиши кераклиги тўғрисида аниқ режа, ҳисоб-китобли тизим ишлаб чиқилди. Яққол кўриниб турибдики, ишсизлик муаммолар асоси бўлиб қолмоқда.

Масалан, Ғаллаорол туманидаги Олимлар маҳалласида яшовчи фуқаро Анор Холбаеванинг оиласида доимий даромад манбаи мавжуд эмас. Аёл  пенсия ёшига етган, аммо пенсия тайинлаш учун Пенсия жамғармаси туман бўлимига мурожаат қилмаган. Унга 640,0 минг сўм миқдорида пенсия тайинланди. Ўғли ва келини ишсиз бўлиб, тўртинчи сектор кўмагида тумандаги “Сангзор текстил” МЧЖга ишга жойлаштирилди. Аммо иш ўринлари чекланган шароитда барча ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг эҳтиёжларини қандай қондириш мумкин?

Холис ўрганиш натижаларига кўра, вилоят тўртинчи сектори томонидан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати 3 та йўналишда ташкил этилди.

Биринчи йўналишҲақиқатда ёрдамга муҳтож бўлган оилалар 5 та мезон бўйича қайтадан тавсифланди. Бу 3652 оилани (оила аъзолари 17 112 нафар) ташкил этди. Улар: кам таъминланган оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ногиронлиги бўлган оилалар, якка ёлғиз кексалар, карантинда даромад манбаидан маҳрум бўлган оилалардир.

Ижтимоий муҳтож оилалардан 4 718 нафар фуқаро жисмонан ишлаш имкониятига эга бўлиб, шу кунга қадар 1 204 нафари (шундан 298 нафари доимий ва 906 нафари мавсумий) ишга жойлаштирилди. Қолган 3 514 нафар фуқарони ҳам иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Бу бўйича аниқ режа тузилган. Жумладан, саноат соҳасида 334 нафар; қурилиш ва қурилиш-таъмирлаш соҳасида 353 нафар; савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида 408 нафар;  мева ва сабзовотчилик хўжаликларида 324 нафар; ўзини ўзи банд қилиш (кичик тадбиркорлик) ҳисобига 284 нафар; карантин талаблари юмшатилганлиги натижасидан фаолиятини тиклаган корхоналарда 1 811 нафар фуқаро иш билан таъминланади.

Масалан, Маданият ҚФЙда яшовчи фуқаро Ҳанифа Холиқова паррандачилик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирди. Фуқаронинг 2 000 та товуқ боқишга мўлжалланган ер майдони “Агробанк”нинг туман бўлими ходимлари билан ўрганилиб, маъқулланди. Ҳозирда кредит маблағи ажратиш учун ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Иккинчи йўналиш. Эҳтиёжманд оилаларга кўмаклашиш истагини билдирган 1324 нафар тадбиркор бириктирилди. Бундай тадбиркорларни танлашда қуйидаги мезонларга амал қилинди. Жумладан, рентабеллиги 10 фоиздан юқори бўлган корхоналар (323 та), йиллик товар айланмаси 100,0 млн.сўмдан ортиқ дорихоналар (103 та),  суғориладиган ер майдони 10 гектардан юқори бўлган фермер хўжаликлари (3870 та ), савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари (2858 та), 50,0 минг доллардан юқори импортни амалга оширган корхоналар (76 та), ойлик товар айланмаси 10,0 млн.сўмдан юқори бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар (1739 та)

Учинчи йўналиш. Эҳтиёжманд оилаларга кўрсатиладиган моддий ёки ижтимоий ёрдам турлари белгилаб олинди. Бунда ўз корхонасида иш билан таъминлаш, бирламчи эҳтиёж озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш; тиббиёт хизматлари, комунал ва бошқа мажбурий тўловларни амалга ошириш, болаларнинг таълим харажатларни қоплаб бериш ёки  бевосита пул кўринишида моддий ёрдам  бериш шаклларида амалга ошириш мумкинлиги тавсия этилди.

Шу ўринда юқоридагиларнинг барчаси вақтинчалик ижтимоий ҳимоя воситаси эканини англаш зарур. Эҳтиёжманд фуқароларнинг ҳаммасига ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари ёки пул маблағлари бериш муаммоларни ҳал қилмайди. Пандемия шароитида, мақолда айтилганидек, балиқ эмас, балиқ тутишни ўргатиш жуда-жуда зарур. Уйма-уй юриб ўрганиш жараёнида фуқароларга томорқадан унумли фойдаланиш, ўзини ўзи банд қилиш бўйича аниқ тушунтириш ва таклифлар берилди.

Шу билан бирга ҳар бир ҳомийлик ёрдами ҳақиқатда кўрсатилгани, мавжудлиги текширилиб, фуқаролар билан суҳбатлашиб чиқилди. Фуқароларнинг пул маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари ёки иш билан таъминлангани ўзи томонидан тасдиқлангачгина, ҳисоботга олинди.  

Дунё миқёсида кўриб турибмизки, ҳеч бир давлат иқтисодиёти пандемиядан азият чекмай қолмади. Аммо унинг салбий таъсирини имкон қадар юмшатиш, тежамкор ва аниқ ишловчи механизм ёрдамида иқтисодиётни олға юргазиш давлатимиз, аҳоли учун жуда зарур. Ҳар бир тадбиркорлик субъекти ушбу ҳаракатда фаол иштирок этиб,  ажратилган ресурслардан оқилона фойдаланиши ҳам фуқаролик, ҳам инсонийлик, ҳам тадбиркорлик бурчига хосдир.

Муқаддас САПАРОВА, 

Жиззах вилоят ДСБ жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи