» » Солиқ бошқармаси томонидан мега акцияга старт берилди: Харид чеки - сизнинг ҳуқуқингиз ҳимоячиси

Солиқ бошқармаси томонидан мега акцияга старт берилди: Харид чеки - сизнинг ҳуқуқингиз ҳимоячиси

Сирдарё вилояти ҳокимлигининг 2019 йил 4 июлдаги Сирдарё вилоятида харидорлар ўртасида ўтказиладиган «Харид чекини олишни унутманг!» тарғибот тадбирини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Режага биноан вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан харидорлар ўртасида солиқ қонунчилиги бўйича ҳуқуқий маданиятни янада ошириш мақсадида Гулистон шаҳрида жойлашган марказий деҳқон бозори ҳудудида «Харид чекини олишни унутманг!” акциясига старт берилди. Солиқ хизмати органларининг ёш ходимларидан шакллантирилган тарғибот гуруҳлари томонидан мазкур акция доирасида тайёрланган 5 мингдан зиёд буклет ва флаерлар дастлабки куннинг ўзида савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари атрофи ва аҳоли гавжум ҳудудларда фуқароларга тарқатилди.

- Ҳар бир шахс кундалик эҳтиёж учун турли маҳсулотларни харид қилади, хизмат кўрсатиш шоҳобчалари хизматларидан фойдаланади, - дейди Сирдарё вилоят давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи Илғор Халилов. - Аммо аксарият харидорлар назорат касса машиналари чекини олмайди. Аслида эса, назорат касса машиналарида чоп этилган ҳар бир чек нақд пулда амалга оширган тўловларимизнинг қонуний айланишини таъминлашга хизмат қилади. Бунинг натижасида халқимиз фаровонлиги, юртимиз ижтимоий-иқтисодий юксалиши таъминланади. Харид чеклари талаб қилиб олинганда маблағларнинг банкдан ташқари ноқонуний айланишининг олди олинади.- Харид чекини талаб қилиб олишга кўп ҳолларда аҳамият бермас эдим, - дейди Гулистон шаҳрининг Шодлик маҳалласида яшовчи Фарида Умарова. – Ташкил этилган акцияда солиқ хизмати ходимлари томонидан тўлақонли тушунтиришлар берилгач, бу нафақат менинг ҳуқуқим балки фуқаролик бурчим эканлигини англаб етдим. Боиси ота-онам пенсионер ва улар ҳозирда пенсия пулларини вақтида олмоқда. Бунда эса қонуний фаолият юритаётган тадбиркорларнинг катта улуши бор эканлигини тушундим. Энди ҳар бир хариддан сўнг чек олишни унутмайман.

Акциянинг ўтказилишидан мақсад ватанимизнинг иқтисодий ривожланишида ҳар бир фуқаронинг ўз ҳиссасини қўшган ҳолда, харид қилган маҳсулотлари учун харид чекини талаб қилиб олиш ҳуқуқи мавжудлигини яна бир эслатиб, аҳоли ўртасида солиқ маданиятини оширишга қаратилган. Шу билан бирга, бу орқали хўжалик юритувчи субъектларга чора кўриш эмас, балки уларнинг қонуний фаолият юритишларига кўмаклашиш ҳамда солиққа оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан иборат.

Сирдарё вилоят давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан вилоят ҳудудида савдо ва хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида юзма-юз учрашувларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги «Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги «Фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг қўлланилишини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарори талаблари кенг тушунтирилмоқда.

Шунингдек, қонун ҳужжатлари талабларини бузаётган тадбиркорлик  субъектларига белгиланган тартибда огоҳлантиришлар берилиб, қонуний асосда фаолият юритишлари лозимлиги тушунтирилмоқда.

Эслатма ўрнида қайд этиш лозимки, амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ, ҳар қандай харид учун тўланган нақд пулга назорат касса машинасидан харид чеки бермаслик Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 119-моддасига асосан, энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баробаридан 50 баробаригача, ушбу ҳолат бир йил ичида такроран содир этилганда энг кам ойлик иш ҳақининг 75 баробаридан 100 баробаригача жарима солишга сабаб бўлади. Шундай экан, тадбиркорларимиздан қонуний фаолият юритиш, фуқароларимиздан эътиборли бўлиш орқали юртимиз равнақига ҳисса қўшишларини сўраймиз.

 

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси

Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси.

 

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш