Ўзбекистонда кўчмас мулк ва автомобил бозорлари таҳлили

Ўзбекистонда кўчмас мулк ва автомобил бозорлари таҳлили

Иқтисодчиларнинг фикрича, кўчмас мулк ва автомобиль бозорларда талабнинг ўзгариши инқироздан кейин иқтисодий тикланишнинг асосий кўрсаткичларидан бири ҳисобланади, чунки узоқ муддат ишлатиладиган товарларга бўлган талаб истеъмолчилар кайфиятини жуда яхши акс эттиради.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан кўчмас мулк ва автомобиль бозорларида талабнинг ўзгариши доимий равишда таҳлил қилиб келинмоқда. Жорий йил январь ойида ушбу бозорларда талабнинг ошиши Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш аста-секин тикланаётганидан далолат бермоқда.

Кўчмас мулк бозори
Аввал хабар берилганидек, коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ карантин чекловлари жорий этилгунга қадар республикамиз кўчмас мулк бозорида талаб ҳар ойда ўртача 6-7% га ошиб борган. Тошкент ва Тошкент вилоятидаги кўчмас мулк бозорларидаги савдолар умумий бозор ҳажмининг 40-45 %ини ташкил этган.

2021 йил январь ойида республика бўйича расмийлаштирилган кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони 2020 йил январь ойига нисбатан 17,9 фоизга ошди. Кўчмас мулк бозорининг 30 фоизидан ортиғини эгаллаган Тошкент шаҳрида эса ушбу кўрсаткич 26,9 фоизни ташкил этди.

Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш суръатлари Бухоро, Андижон, Наманган ва Самарқанд вилоятларида кузатилди. Жиззах ва Сирдарё вилоятларида расмийлаштирилган кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони эса 2020 йил январь ойига нисбатан камайди.

1-расм. Кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сонининг ўзгариши
Таъкидлаш лозимки, Марказ томонидан ҳар ойда истеъмолчилар кайфиятини акс эттирувчи сўров ўтказиб борилади (Истеъмолчилар кайфияти ииндекси). Жорий йил январь ойи учун ушбу сўров натижалари ва кўчмас мулк бозоридаги талаб ўзгариши таҳлили натижалари шуни кўрсатдики, аҳолининг узоқ муддатли товарларни сотиб олиш бўйича ижобий кутилмалари улушининг 1 фоизга ошиши кўчмас мулк олди-сотдилари сонини 1,5 фоизга ўсишига олиб келади (2-расм).

2-расм. Кўчмас мулк олди-сотдиси ва истеъмолчилар кайфияти ўртасидаги боғлиқлик
Автомобиль бозори
Одатда, республикада бирламчи ва иккиламчи бозорларда автомобиль савдосининг ойлик ўсиши ўртача 2-3% ни ташкил этади. 2020 йилнинг март ойи ўрталаридан қатъий карантин тадбирларини жорий этилиши натижасида март ойида рўйхатга олинган ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 17,3 %га (ўтган ойга нисбатан 34,6 %га), апрель ойида эса 73,8 %га (63,1 %га) камайган эди (3-расм).

Май ойидан бошлаб автомобиль бозоридаги вазият яна тиклана бошлади. Хусусан, июнь ойида автомобиллар савдоси 2019 йил мос даври билан таққослаганда 14,8 фоизга (ўтган ойга нисбатан 15,7 фоизга) кўпайди. Август ойида ушбу кўрсаткич 3,8 фоизни (ўтган ойга нисбатан 54,3 фоизни) ташкил этди.

Автомобиль бозорида талаб сентябрь-октябрь ойларида ҳам ўсишда давом этди. Савдо ҳажми 2019 йил мос даври билан таққослаганда сентябрь ойида 29,5 фоизга, октябрь ойида 19,2 фоизга, ноябрь ойида 9 фоизга ва декабрь ойида 10 фоизга ўсди.

3-расм. Рўйхатга олинган ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сонининг ўзгариши
2021 йил январь ойида автомобиль бозорида аҳоли талаби
2020 йил январь ойига нисбатан 5,3 фоизга ошди. Таъкидлаш керакки, автомобиль бозорида савдо динамикаси мавсумий характерга эга, бу эса кўпгина омиллар билан изоҳланади (масалан, автомобиллар таклифининг камайиши, пул жўнатмаларининг камайиши). Одатда, ҳар йили январь ойида автомобиллар олди-сотдиси ўтган йил декабрь ойига нисбатан 16-19 фоизга камаяди.

Маълумки, январь ойида автотранспорт воситалари савдоси ўсиш суръатлари 5-6 фоизни ташкил этади, бу кўрсаткич бошқа ойларга қараганда ўртача ҳисобда паст ҳисобланади.

Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш суръатлари Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида кузатилди.

Таҳлил натижаларига кўра, ҳудудлар аҳолисининг 1 фоизга ўсиши автомобиллар олди-сотдисининг 1,1 фоизга ошишига олиб келмоқда.

4-расм. Автомобиль олди-сотдиси ва аҳоли сони ўсиши ўртасидаги боғлиқлик
*Кўчмас мулк ва автомобиль бозорлари батафсил таҳлили «Экономическое обозрение» журналининг навбатдаги сонида чоп этилади.

Халилуллоҳ Ҳамидов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими