Аянчли ЙТҲда ҳайдовчи ва унинг отаси ҳалок бўлди

Аянчли ЙТҲда ҳайдовчи ва унинг отаси ҳалок бўлди

Навоий вилояти Конимех туманида Cobalt ва юк машинаси иштирокида аянчли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар қилмоқда вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 2021 йил 27 июнь куни соат 14:30 ларда Конимех тумани ҳудудидан ўтган А-379 Навоий—Учқудуқ—Зарафшон халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлида 1966 йилда туғилган, Зарафшон шаҳрида яшовчи фуқаро Ў.Қ. ўзига тегишли бўлган Cobalt русумли автомашинасини Тошкент—Зарафшон йўналиши бўйича бошқариб бориб, ушбу йўлнинг 94—95-километрлари оралиғига келган вақтида чарчоқ оқибатида рулда ухлаб қолган.

Оқибатда рул бошқарувини йўқотган ҳайдовчи ўзининг йўналиши бўйича қарама-қарши йўлдан ҳаракатланиб келаётган 1995 йилда туғилган, Самарқанд вилоятида яшовчи фуқаро А.К. бошқарувида бўлган Навоий шаҳрида жойлашган «Бережливость» МЧЖга тегишли HOWO Sinotroc русумли махсус (чиқинди ташувчи) автомашина билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Ҳодиса оқибатида Cobalt ҳайдовчиси Ў.Қ. ва автомашина олд ўриндиғида йўловчи сифатида кетаётган ҳайдовчининг отаси, нафақахўр Р.Қ. олган оғир тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.

Cobalt орқа ўриндиғида йўловчи сифатида кетаётган ҳайдовчининг турмуш ўртоғи З.Ш. тан жароҳати олиб, Конимех туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Конимех туман ИИБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.