Ўз-ўзини банд қилишда дунё тажрибаси

Ўз-ўзини банд қилишда дунё тажрибаси

 Дунёнинг жуда кўп давлатларида расман бирор ташкилотда ишламайдиган, ўз бизнесини ташкил қилмаган, аммо пенсия таъминоти кафолатланган, иш билан банд деб ҳисобланадиган миллионлаб кишилар бор. Улар  ўз ўзини банд қилган фуқаролардир. Ушбу тизим  Президентнинг 2020 йил 8 июндаги  “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан юртимизда ҳам жорий этилди. Эндиликда “ҳеч қаерда ишламайди”, “вақтинча ишсиз” каби маълумотлар ўрнини “ўзини ўзи банд қилган фуқаро” мақоми эгаллайди.

         Ўзини ўзи банд қилиш – қандай тушунча?  Бу борада дунё тажрибаси қандай?

         Россия Федерациясида ўзини ўзи банд қилиш фаолияти 2016 йилда қонун билан мустаҳкамланган. Бу давлатда яширин иқтисодиётда ўртача 30 млн.дан ошиқ одам ишлаши ҳисоблаб чиқилган. Шу сабаб мазкур категориянинг таъсис этилиши фуқаролар фаолиятини қонунийлаштиришда жуда қўл келади деб умид қилинган. Рағбатлантириш мақсадида ўзини ўзи банд қилган фуқароларга солиқ таътиллари эълон қилинган.  Янги фаолият тури нафақат иқтисодий, балки ижтимоий муаммоларни ҳам ҳал этиши кўрина бошлади.

Айрим давлатларда ҳаттоки ўзини ўзи банд қилган фуқаролар расман давлат ишида ишлайдиганлардан кўра кўпроқ даромадли экан. Масалан, АҚШда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони тобора ошиб бораяпти. Investopedia сайтининг хабар беришича, мамлакатдаги жами иш билан банд аҳолининг 30 %ини шу тоифадаги кишилар ташкил этади. Йирик компания ва давлат идоралари ходимлар таркибига ўзини ўзи банд қилган фуқароларни ҳам киритадилар. Ўзини ўзи банд қилиш қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳасида энг кўп қайд этилган. Турли ҳунарлардан ташқари артистлар, созандалар, бухгалтерлар, шифокорлар ва кўчмас мулк агентлари ҳам ўзини ўзи банд қилишлари мумкин.

         АҚШда ушбу тоифадагилар ўз номи билан  Self-employment tax  - “ўзини ўзи банд қилиш солиғи”ни тўлайдилар. Солиқнинг 15.3% ижтимоий суғуртага, 2.9% эса тиббий суғуртага ўтказилади. Ушбу тўловлар асосий солиқ – федерал даромад солиғини тўлашда ўзини ўзи банд қилган фуқарога маълум имтиёз беради. Ушбу фаолият тури шу даражада оммалашмоқдаки, 2018 йилда ЯММ да ўзини ўзи банд қилишнинг улуши 6% ни ташкил этган.

         Буюк Британияда ҳам ўзини ўзи банд қилиш анча тараққий этган. Ўзига хос жиҳати - ўзини ўзи банд қилиш ҳам якка ҳолда, ҳам шериклик асосида, МЧЖ кўринишида  ташкил этилиши мумкин. Ушбу давлатнинг яна бир ибратли тажрибаси шундаки, жисмоний имконияти чекланган кишиларнинг асосий даромад манбаи – ўзини ўзи банд қилиш ҳисобланади. Барча шундай кишилар орасида ўзини ўзи банд қилганлар 18.8 % ни ташкил этади. Дунёнинг жуда кўп давлатларида прогрессив шкалада солиқ тўлаш тизими амалдалиги боис ўзини ўзи банд қилган кишилар ҳам шу асосда солиқ тўлайдилар.

         Ривожланаётган давлатлар учун ўзини ўзи банд қилиш танлов эмас, заруратдир. Бу аҳолининг катта қисми учун даромад топиш ва ўз фаолиятини қонунийлаштириш бўйича энг ишончли йўл бўлиб турибди. Мисол учун, Ҳиндистонда аҳолининг 75 %, Бангладешда 70 %, Кенияда ўртача 60 % ни ташкил этади. Бу тоифадаги инсонлар нафақат кунлик даромад манбаи, балки давлат томонидан ҳимояга эга бўладилар.

         Ўзбекистонда жорий этилаётган ушбу янги фаолият тури эса ўзини ўзи банд қилганларга пенсия таъминотини кафолатлайди. Шунингдек, фаолияти давомида ўзини ўзи банд қилганларга давлат солиқ хизмати идоралари томонидан бепул хизмат кўрсатилади. Улар тўлайдиган ижтимоий солиқ  тўлиғича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказилади.

         1 июлдан бошлаб мамлакатимизда ҳеч қаерда ишламайдиган, аммо касб-ҳунари бор фуқаролар учун ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини рўйхатга олиш бошланди. Бунинг учун “Soliq” мобиль иловасини юклаб олиб, у орқали рўйхатдан ўтилади.  Ҳудудий солиқ идораси рўйхатдан ўтган шахсга  ўзини ўзи банд қилган фуқаро мақомини беради.  Энди сиз - ишсиз эмассиз!

 

Муқаддас САПАРОВА

Жиззах вилоят ДСБ жамоатчилик билан алоқалар шуъбаси бошлиғи