Жиззах шаҳрида ўзини ўзи банд қилганлар сони 100 нафардан ошди

Жиззах шаҳрида ўзини ўзи банд қилганлар сони 100 нафардан ошди

Гўзаллик салонида ишловчи стилист, косметолог, маникюр усталари кунлик даромадга эга, аммо иш стажи ва пенсия таъминоти мавжуд бўлмаган касб эгалари ҳисобланар эди. Албатта, якка тартибдаги тадбиркор  сифатида рўйхатдан ўтганлар бўлса-да, уларнинг сони нисбатан кам, ҳар ойда солиқ тўлашдан кўра кунлик даромад эвазига ишлаш улар учун афзал эди.

Жиззах шаҳридаги “Далила” гўзаллик салонининг уч нафар ходими  бир кунда ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтди. Косметолог Тамила Юнусова ўз-ўзини банд қилиш хотин-қизларнинг ишсизлигини қисқартиради деб ҳисоблайди.

-Шунча йилдан бери аёлларга косметология хизматларини кўрсатиб келаётган бўлсам-да, иш стажимнинг йўқлиги мени ўйлантирар эди. Янги тартиб мен каби барча сартарошларнинг муаммоларини ҳал этади. Энди келгусидаги пенсия таъминотимдан кўнглим тўқ, - дейди косметолог.

“Бунёдкор” маҳалласи ҳудудида автомобилларни майда таъмирлаш бўйича фаолият кўрсатувчи электрик Умид Ғофуровнинг  иш бошлаганига кўп бўлмади.  У автомобилларга техник хизмат кўрсатувчи устага шогирд тушиб, бу касбнинг сирларини ўрганиб олгач, мустақил иш бошлашга қарор қилди. Бунда унга ўзини ўзи банд қилиш тартиби жуда мос келди. Умид “Soliq” мобил иловаси орқали ўзини ўзи банд қилиб, қонуний фаолият кўрсатмоқда.

Жиззах шаҳрида ўзини ўзи банд қилганларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда  тарғибот ишлари давом этмоқда.

Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати