Ўзини ўзи банд қилган шахслар сафи кенгаймоқда

Ўзини ўзи банд қилган шахслар сафи кенгаймоқда

Маълумки мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга қонуний фаолият юритишларини рағбатлантириш мақсадида бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4742-сонли қарори ҳам шулар жумласидандир.

Қарорга асосан жисмоний шахслар 67 та фаолият туридан исталгани билан шуғулланиши ва буни қонуний рўйхатдан ўтказишлари мумкинлиги, жумладан чорва молларини ўтлатиш, уларга қараб туриш, жисмоний шахсларга компьютерларни таъмирлаш ва созлаш, лицензияланган дастурий таъминот ўрнатиш, велосипедни таъмирлаш, механизация воситаларини қўлламай бажариладиган юк ортиш-юк тушириш ишлари билан шуғулланувчи шахслар ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтишлари мумкинлиги батафсил тушунтирилмоқда, - дейди Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси Жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Аброр БЕКМАТОВ. - Жойларда олиб борилган ана шундай ташвиқот ва тарғиботлар натижасида бугунги кунда вилоятимизда 6 минг нафарга яқин ўзини ўзи банд қилган фуқаролар SOLIQ мобиль иловаси орақали ўзини-ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтди.

“Soliq” мобиль иловаси орқали масофадан туриб, бепул рўйхатдан ўтаётган фуқаролар ушбу қулайликдан жуда мамнун.

Айни вақтда ўзини ўзи иш билан таъминлашга рухсат этилган 67 та фаолият тури бўйича Сирдарё вилоятида энг талабгир йўналиш – Қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича хизматлар (чорва молларини ўтлатиш, уларни парвариш қилиш, қишлоқ хўжалик ўсимликларини экиш ва парвариш қилишда томорқа эгаларига ёрдам бериш) бўлиб турибди. Мазкур йўналишда 1527 нафар аҳоли бандлиги таъминланди.

Бошқа йўналишлар: Маиший хизматлар (сартарошлик, маникюр, косметолог, педикюр, уйда кир ювиш ва дазмоллаш, калитлар тайёрлаш, пойабзал тикиш, таъмирлаш ва бўяш хизматлари) соҳасида эса 1337 нафар шахс ўзини ўзи банд қилган.

Саноат йўналиши бўйича хизматлар (ёғоч меъморчилиги, сантехника хизмати, электр монтаж ишлари, макулатура, пластик идиш, темир терсак тўплаш ва қўшимча хомашё тўплаш) билан 730 нафар шахс шуғулланмоқда;

Халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишда (нон, уйда поп-корн, музқаймоқ, салатлар, салқин ичимликлар, айрон, гўжа ҳамда деҳқон бозорлариша қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш) 696 нафар фуқаро рўйхатдан ўтди;

Ижтимоий йўналишлар бўйича хизматлар (уйда репетиторлик қилиш, болаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш, уй хўжалигини юритиш, хоналарни тозалаш, халқ табобати) соҳасини 1248 нафар шахс маъқул топган;

Ахборот комуникация йўналиши бўйича хизматлар (ижтимоий тармоқлардаги фаолият, дастурий таъминот, мобил иловалар ва веб сайтларнии ишлаб чиқиш, матнни яратиш ва ишлов бериш) 63 нафар шахс рўйхатга олинди.

Эътиборлиси, юқоридаги фаолият турлари билан олдинлари якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин эди. Эндиликда эса ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ҳам ушбу фаолият турлари билан бир вақтнинг ўзида шуғулланишлари мумкин бўлди.

Қувонарлиси, ушбу амалиёт орқали минглаб норасмий секторда ишлаб келаётган жисмоний шахсларнинг фаолияти қонунийлаштирилади. Уларга ижтимоий солиқ тўланган даврда иш стажи ҳисобга олинади ҳамда келгусида пенсия таъминотига асос яратилади.

 

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси

Матбуот хизмати.