Номаълум фуқаро 300 миллион сўмлик телефонларни оқизишга уринди

Номаълум фуқаро 300 миллион сўмлик телефонларни оқизишга уринди

Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан Фарғона туманида навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди, дея хабар бермоқда Давлат Божхона қўмитаси.

Тезкор тадбирда  “Каптива” русумли автотранспорт воситасида кетаётган шахс божхонга ходимлари томонидан кузатувга олинганини сезиб қолади ва зудлик билан автомашинадаги 7 дона қоғоз қутиларини шу атрофдаги ариққа оқизишга, ўзи эса воқеа жойидан яширинишга уринади.

Бу эса бежиз эмас экан. Ариққа оқизиб юборилган қутилар олиниб, белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Натижада, ушбу қутиларда божхона назоратини четлаб айланма йўллар орқали олиб кирилган, хорижда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи биронта ҳам ҳужжатлари бўлмаган 6 турдаги 158 дона телефонлар борлиги аниқланди.

Уларнинг умумий қиймати 300 млн. 600 минг сўмни ташкил қилмоқда.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.