Россияга борувчи мигрантлар энди патентни Тошкентдан олишади

Россияга борувчи мигрантлар энди патентни Тошкентдан олишади

 Москвадаги кўптармоқли миграция маркази Тошкентда ўз ваколатхонасини очади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Эркин Муҳитдинов “РИА Новости”га берган интервьюсида маълум қилди.

Мигрантлар тилида “Сахарова” деб аталадиган мазкур идоранинг пойтахтимиздаги офиси март ойи сўнгига қадар иш бошлаши кутилмоқда. Вазир ўринбосарининг айтишича, бу ерда Ўзбекистон фуқаролари Москвада ишлаш учун патент олишлари мумкин.

Шунингдек, “Биз марказнинг расмий очилиши учун 16-18 март кунлари Москвадан делегация кутаяпмиз”, — деган Э.Муҳитдинов ўз интервьюсида.

Россияга ишга отланаётган ўзбекистонликлар учун Тошкентда патент олиш жуда қулай. Бу уларни Москвага келгач, патент учун ҳужжат топшириб, унинг тайёр бўлишини 14 кун кутишдан қутқариши мумкин.

Бу вақтда мигрантларнинг ишсиз ўтириши ёки патент чиққунича, ноқонуний ишлаб туриш жараёнида қўлга тушиш, жарима ва депортация қилиниш каби кўнгилсизликларнинг олди олинади.

Аммо бу борада ҳозирча расмий Москва жим. Шунга қарамай, Тошкентда миграция маркази ваколатхонаси очилиши билан Россия пойтахти дарвозалари ўзбек ишчилари учун очилиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Бу яхши хабар. Аммо бир хавотирли савол пайдо бўлади: Ўзбекистон тарафи ҳам ўз устамасини қўйиши асносида патент нархи яна кўтарилиб кетмасмикин?