Турар жой низолари билан боғлиқ муаммолар

Турар жой низолари билан боғлиқ муаммолар

Ҳаммага маълумки, Ўзбекистон Республикаси фуқаролик Кодексининг 171-моддасига кўра, фуқароларнинг доимий яшашига мўлжалланган, белгиланган санитария, ёнғинга қарши, техник талабларга жавоб берадиган, шунингдек белгиланган тартибда махсус уйлар (ётоқхоналар, вақтинчалик уй-жой фонди уйлари, ногиронлар, фахрийлар, ёлғиз қариялар учун интернат-уйлар, шунингдек болалар уйлари ва бошқа махсус мақсадли уйлар) сифатида фойдаланишга мўлжалланган жойлар турар жой деб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 27-моддасига кўра, ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас.

Турар жойлар теганда уйлар, кўп хонадонли уйлардаги хонадонлар, бошқа иморатлардаги яшаш учун мўлжалланган хоналар ва ўзга турар жойлар тушунилади.

Турар жой кўчмас мулк сифатида мулк ҳуқуқининг объекти бўлиб ҳисобланади ва давлат, жисмоний ҳамда юридик шахсларга тегишли бўлиши мумкин. Турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи муддатсиз бўлиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг, давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаган ҳолда шахснинг ўзига тегишли турар жойга ўз хоҳиши ва манфаатларига кўра эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқи бузилишини бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Шу боис алоҳида таъкидлаш лозимки, аввалгисидан фарқли ўлароқ, амалдаги уй‑жой ва фуқаролик қонунчилиги билан, турар жойларга бўлган хусусий мулк ҳуқуқи миқдор, ўлчам ва қиймат жиҳатдан чекланмайди

Бундан ташқари, уй-жой фонди  –  инсон яшаши учун яроқли бўлган турар жойдан, шу жумладан уйлар, хонадонлар, хизмат турар жойлари, махсус уйлардан иборат бўлган фонддир. Фақат уй‑жой фондига кирган турар жойлар уй‑жой қонун ҳужжатларининг ҳуқуқий тартибга солиш соҳасига киради. Уйлар ва турар жойларнинг уй‑жой фондига киритишнинг асослари ва шартлари қонун ҳужжатлар ва Низомлар билан тартибга солинади. Қонун ҳужжатларга мувофиқ, уйларда жойлашган савдо, маиший ва носаноат йўналишидаги ўзга эҳтиёжларга мўлжалланган, яшаш учун мўлжалланмаган жойлар; фуқароларнинг унда яшаш муддатларидан қатъий назар, мавсумий ва муваққат яшаш учун мўлжалланган уйлар, қурилмалар ва иморатлар қуриш учун ажратилган ер майдонларида ўзбошимча қурилган уйлар ва турар жойлар; турар жойларга қўйиладиган талабларга жавоб бермайдиган қурилмалар ва иморатлар уй-жой фондига кирмайди.

Мулк шаклига қараб Ўзбекистон Республикасида уй‑жой фонди хусусий ва давлат уй-жой фондларидан иборатдир. Хусусий уй-жой фонди фуқаролар ва нодавлат юридик шахсларга тегишли бўлган турар жойлардан иборат. Давлат уй-жой фонди, маҳаллий давлат ҳокимият идоралари ихтиёрида бўлган турар жойлар  –  муниципал уйжой фонди; давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг тўла хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида бўлган турар жойлар  –  идоравий уй-жой фонди; ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ихтиёрида бўлган турар жойлар  –  мақсадли коммунал уй-жой фондидан иборат.

Бундан ташқари, турар жойларга бўлган мулк ҳуқуқи қонун ҳужжатларда назарда тутилган бошқа асослардан пайдо бўлиши ҳам мумкин, масалан, эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат асосида (ФК 187-моддаси).

Турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи бундай ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади. Турар жойларга бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатига олишни, туманлар ва шаҳарларнинг ер ресурслари ва кўчмас мулк кадастри хизматлари «Бинолар ва иншоотларни давлат рўйхатига олиш тартиби тўғрисида»ги Йўриқнома асосида амалга оширади.

Турар жойларга бўлган ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар бўлиб, давлат идораларининг далолатномалари (бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқларини тан олиш (мавжуд ҳужжатларга асосан) тўғрисидаги маҳаллий ҳукумат идораларининг қарорлари, (давлат тасарруфидан чиқарилган ва хусусийлаштирилган давлат мулкига бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат далолатномаси), суд қарорлари (турар жойларга бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи, қонуний кучга кирган суд қарорлари ва ажримлари), шартномалар (умрбод таъминлаш шарти билан турар-жойни топшириш, олди‑сотди, айирбошлаш, ҳадя, рента, воз кечиш) ва бошқа битимлар ҳисобланади.

Уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқини амалга ошириш хусусиятлари қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Жумладан, уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқи уй‑жой қонунчилиги, фуқаролик ҳуқуқи қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

 

Ш.Омонов - Фуқаролик ишлари бўйича

Ғаллаорол туманлараро суди раиси