Кўзга кўринган имомлар Жиззахда. Аброр Мухтор Алий ҳам келиши кутилмоқда

Кўзга кўринган имомлар Жиззахда. Аброр Мухтор Алий ҳам келиши кутилмоқда

13-августдан бошлаб махсус комиссиянинг қарорига биноан карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда жума намозини масжидларда ўқишга рухсат берилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков бошчилигидаги идора раиси ўринбосари, маслаҳатчиси, бўлим бошлиғи, Ўзбекистондаги Ислом Цивилизацияси маркази масъул ходими ва қатор имом-хатиблардан иборат 16 кишилик Республика ишчи гуруҳи Жиззах вилоятига ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш учун ташриф буюрди. 

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги “Қўшчинор” масжидига ташриф буюрган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков намозхонларга диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар борасида тушунчалар берди. Учрашувда ёшларни тўғри йўлга бошлаш, айниқса, турли ёт бузғунчи оқимлар таъсиридан асраш долзарб мавзу сифатида кўтарилди. 

 

– Бугун жума намозлари учун масжидларнинг очилиши, албатта, келаётган намозхонларнинг яна бир карра карантин талабларига қатъий риоя қилишларига боғлиқ эканлигини тушунтириб ўтдик, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков. 

Жиззах шаҳридаги “Қалия” масжидида ҳам жамоат иштирокида жума намози ўқилди. Ташриф буюрганларга илм олишда расмий ва ишончли манбалардан фойдаланиш зарурлиги тушунтирилди. 

– Мана бугун биз яна ҳаммамиз масжидга чиқиб ибодат қиляпмиз. Дўстларимиз, биродарларимиз, фарзандларимизни кўриб, дилдан хурсанд бўляпмиз. Биз ўзимиз карантин қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида унинг чўзилишига сабаб бўлдик, – дейди фуқаро Файзулла Муртозоқулов.

Диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни кенг аҳолига етказишга қаратилган мазкур учрашувлар вилоят бўйлаб 17-августгача ўтказилиши режалаштирилган.