Зомин ва Зафарабодда эмлаш пунктлари мониторинги ўтказилди

Зомин ва Зафарабодда эмлаш пунктлари мониторинги ўтказилди

Мутахассислар барчани ташвишга солиб келаётган коронавирус балосидан қутилишнинг ягона ечими — аҳолани оммавий вакцинация қилиш, дея ҳисоблашмоқда. Албатта, мазкур вазиятда қатор саволлар туғилиши тайин. Чунончи, вилоятимизда коронавирус инфекциясига қарши профилактик эмлаш ишлари қандай олиб борилмоқда? Аҳолини вакцинация қилиш жараёни учун етарли шарт-шароитлар яратилганми? Масъуллар томонидан бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишлари қай тарзда ташкил этилаяпти?

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан 2021 йилги Давлат дастурининг 177-банди — аҳолини коронавирус инфекциясига қарши профилактик эмлаш ишларини ташкил этиш юзасидан ўтказилаётган мониторинг тадбирлари давомида ушбу саволларга жавоб изланди.

Биргина Зомин ҳамда Зафаробод туманларига уюштирилган жамоатчилик мониторингларида 15 дан зиёд аҳолини эмлаш пунктлари кўздан кечирилди. Натижада, қатор соҳага оид камчиликлар аниқланди. Жумладан, айрим тиббиёт ходимлари тиббий ниқобсиз беморларни қабул қилишмоқда. Шифохоналарда инфекциянинг олдини олишга қаратилган тарғибот воситалари деярли ўрнатилмаган.

Эмлаш ишларини самарали ташкил этилишида аҳолидан ва давлат ва нодавлат ташкилотлари ишчиларидан ПЗР га намуна олиб келишда ва мусбат чиққан фуқароларнинг уйларига бориб дезинфекция тадбирларини ўтказишда техника етишмовчилиги мавжуд. Шунингдек, мутахассис кадрлар масаласига эҳтиёж муаммоли десак бўлади.

Мисол учун Зафаробод туманида 48 нафар олий тоифали шифокорлар фаолият кўрсатиб келади. Ваҳоланки, ҳудудда 125 нафар шифокорлар учун иш ўринлари мавжуд. Бундан ташқари туманлардаги давлат санитария-эпидемиология назорат маркази бўлимлари биноларининг ички қисми, лаборатория хоналарининг капитал реконструкция ишларини амалга ошириш муҳим бўлиб қолмоқда.

Албатта, мазкур муаммоли ҳолатлар жамоатчилик ҳамда мутассади ходимлар иштирокида кўриб чиқилиши аниқ ечимлар учун асос бўлиб хизмат қилади. Шу маънода, Ҳаракатнинг ҳудудий бўлинмаси томонидан Зомин ҳамда Зафаробод туманларида “Жамоатчилик эшитув”лари ташкил этилди.

Тадбирда аҳолини вакцина билан эмлаш жараёнлари ва ҳолати, фуқароларнинг вакцинага бўлган муносабати ва жамоатчилик мониторинги натижасида аниқланган камчиликлар ўртага ташланди. Натижада уларни ижобий ҳал этиш чоралари белгиланди.  

“Жамоатчилик эшитув”лари якунида Ҳаракатнинг ҳудудий бўлинмаси томонидан Давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашларига қўшимча таклиф ва тавфсиялар киритилди.

 

Абдуғаффор АБДУРАҲМОНОВ,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати

Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси координатори.