» » ЖЧ-2022 саралашини шармандали мағлубият билан бошладик: Фаластин - Ўзбекистон 2:0

ЖЧ-2022 саралашини шармандали мағлубият билан бошладик: Фаластин - Ўзбекистон 2:0

Қуддус яқинидаги Ар-Ром шаҳрида ЖЧ-2022 саралашидан ўрин олган Фаластин ҳамда Ўзбекистон миллий жамоалари ўртасидаги ўйин якунланди. Осиё саралаш циклининг «D» гуруҳидан ўрин олган ўйинда Ўзбекистон 0:2 ҳисобида имкониятни бой бeрди. Одай Иброҳим ҳамда Ислом Батран киритган голлар Фаластинга ғалаба келтирди.

Ўйиннинг 8-дақиқасида Фаластиннинг ўнг қанотдан амалга оширган ҳужуми хавфли чиқди. Қанотдан оширилган узатмани Элдор Суюнов кичик саросимадан сўнг ушлаб олди. 12-дақиқада Шомуродов жарима майдончаси яқинида тўпни эгаллаб олиб қўйиб, ҳужум бошлади. Ҳужум Одил Ҳамробековнинг кучсиз зарбаси билан якунланди.

16-дақиқада Маҳмуд Ваъдий катта тезликда олдинга борди ва Егор Кримец билан курашда ғолиб бўлиб, дарвозага яқинлашди, аммо ҳакам Кримецга қарши қўполлик бўлганини қайд этди. 20-дақиқада Фаластин хавфли ҳужумни амалга оширди. Жарима майдончаси ташқарисидан тепилган тўпни бошқа бир фаластинлик футболчи Одай Иброҳим дарвозага йўллади ва Элдор Суюнов қийинчилик билан тўпни эгаллаб олди.

22-дақиқада мезбонлар яна бир хавфли ҳужумни амалга оширди. Тамер Сейямнинг кучли зарбасини Суюнов қайтарди, аммо қайтган тўпга ҳам фаластинлик футболчи етиб борди. Одай Иброҳимнинг акробатик зарбаси ноаниқ бўлди. 29-дақиқада Ўзбекистон миллий жамоаси ўйинлаги илк хавфли зарбасини амалга оширди. Қувондиқ Рўзиевдан тўпни қабул қилиб олган Одил Аҳмедов чап оёқда тўпни дарвозага йўллади, аммо зарба ноаниқ бўлди.

33-дақиқада Ўзбекистон яна бир чиройли ҳужумни амалга оширди. Одил Аҳмедовнинг жуда аниқ узатмасини ҳимоячиларни чалғитиб дарвозага яқинлашган Икром Алибоев тўпни бош билан дарвозага йўллади, аммо зарба ноаниқ бўлди. 35-дақиқада фаластинликлар белгиланган жарима зарбасини тезда амалга ошириб, 11-рақамдаги Одай Иброҳимни зарба позициясига олиб чиқишди. Ҳужумчининг зарбаси кучсиз бўлди.

45-дақиқада Ўзбекистон бўлимдаги охирги ҳужумини уюштирди. Одил Аҳмедовнинг зарбаси ҳимоячига тегиб майдон ташқарисига чиқиб кетди. Бурчак зарбасидан сўнг тўп Алибоевга келиб тушди ва унинг кучсиз зарбасини дарвозабон ушлаб олди.

49-дақиқада Одил Аҳмедов жуда қулай вазиятдан фойдалана олмади. Қувондиқ Рўзиевнинг кўкрак билан тўхтатиб берган тўпини жамоа сардори 3-4 метр узоқликдан дарвозага йўллай олмади.

51-дақиқада Жалолиддин Машарипов жуда чиройли ҳаракат қилди ва тўпни қанотдаги Фаррух Сайфиевга қолдирди. Аммо Сайфиев ҳужумни йўққа чиқарди. 55-дақиқада Фаластин хавфли ҳужум уюштирди. Мезбонлар 3 та футболчи билан олдинга боришди, аммо якуний зарба ноаниқ бўлди.

60-дақиқада ўйинда ҳисоб очилди. Фаластин қарши ҳужумда тезкорлик билан олдинга борди ва қанотдан дарвозага яқинлашган Одай Иброҳим олис бурчакни аниқ нишонга олди.

84-дақиқага келиб Фаластин яна битта гол урди. Захирадан майдонга тушган Ислом Батран қанотдан ривожланган ҳужумни бош билан голга айлантирди.

ЖЧ-2022 саралаш ўйини
«D» гуруҳи
1-тур
ФАЛАСТИН — ЎЗБЕКИСТОН 2:0
Гол: Одай Иброҳим (60), Ислом Батран (84).
Ар-Ром. «Файсал ал-Ҳусайний» стадиони
Фаластин: Муҳаммад Рашид, Ёсир Ҳамид, Мусаб Баттат, Тамер Сейям, Одай Иброҳим Даббаҳ (Исмоил Батран, 82), Абдуллоҳ Жобир, Абдулатиф Албаҳдари, Маҳмуд Ваъди, Натми Албадави, Рами Ҳамада, Муҳаммад Дарвиш.

Ўзбекистон: Элдор Суюнов, Даврон Ҳошимов, Егор Кримец, Анзур Исмоилов, Фаррух Сайфиев, Одил Ҳамробеков, Одил Аҳмедов, Қувондиқ Рўзиев (Достон Ҳамдамов, 61), Икром Алибоев, Жалолиддин Машарипов, Элдор Шомуродов.
Огоҳлантиришлар: Тамер Сейям, Муҳаммад Дарвеш (60) — Егор Кримец (30).

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив