Янги солиқ кодекси: аниқлик, соддалик, енгиллик

Янги солиқ кодекси: аниқлик, соддалик, енгиллик


Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси ҳамда Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан 2020 йил 11 январь куни Сирдарё тумани ҳокимлигининг мажлислар залида янги таҳрирдаги Солиқ кодекси мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилиш мақсадида семинар ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Файзибаев Алимжон Элчиевич, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази раҳбари Мирзохид Камилов ҳамда қўмита бошқарма бошлиқлари ва масъул ходимлар шунингдек, Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Жўрабек Ғойибов, бошлиқ ўринбосарлари, ходимлар иштирок этишди.

 

Хўжалик юритувчи субъектлар вакиллари, ҳисобчилар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ишбилармонлар таклиф этилган мазкур учрашувда дастлаб давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари А.Файзибаев асосий ўзгаришлар ва янгиликлар ҳақида маълумот бериб ўтди. Шундан сўнг сўзга чиққан Малака ошириш маркази ўқитувчиси Содиқ Боймуродов янги таҳрирдаги Солиқ кодекси амалиётга жорий этилишида асосий ғоя тенглик, соддалик, аниқлик ва самарадорлик принципларига асосланганлигини таъкидлаб ўтди.

Учрашув давомида солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ижро этган солиқ тўловчиларга 2020 йилнинг 1 июлидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳосил бўлган ортиқча суммани, яъни “манфий” қолдиқ суммасини тўлиқлигича қайтариш тартиби жорий этилаётганлиги шунингдек, асосий воситалар ҳамда кўчмас мулк объектлари харид қилинганда ёки янгидан барпо этилганда қўшилган қиймат солиғини бир йўла ҳисобга олинишини назарда тутувчи тартиб жорий этилаётганлигиҳамда бошыа шу каби янгиликлар тушунтирилди.

 - Ортиқча тўланган солиқ суммаларини ўз вақтида қайтарилмаганлиги ёки солиқ органлари томонидан асоссиз ундирилганлиги учунбюджетдан солиқ тўловчиларга фоиз тўлаш тартиби каби ўзгариш киритилганини эшитиб хурсанд бўлдим, - дейди Сирдарё тумани Фермерлар кенгаши ҳисобчиси Моҳигул Ҳакимова. – Шу билан бирга солиқ қарзини дебиторларидан ундириш бекор қилингани тадбиркорларни қувонтирди. Яна бир ўзгариш жорий йил 1 январдан бошлаб ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда юритилиши кенг миқёсда жорий этилиши биз ҳисобчиларнинг ҳам оғирини енгил қилди десам адашмайман.

Тадбирда шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидансолиқни қатъий белгиланган миқдорларда тўлаш ёхуд жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисида декларация асосида тўлаш бўйича танлаш имконияти яратилгани айтилди.

Семинарда кўргазмали воситалар-стенд ва слайдлардан фойдаланилди, шунингдек иштирокчиларга буклетлар ва газеталар тарқатилди. Семинарда 300 нафардан зиёд тадбиркорлар, ҳисобчилар ва хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларининг иштирок этгани ҳам мазкур мавзу жуда долзарб эканлигини кўрсатмоқда.

Иштирокчиларни қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар бериб ўтилди.

 

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси

Матбуот хизмати