Мирзачўл туманида биринчи гуруҳ ногирони ўзини-ўзи банд қилди

Мирзачўл туманида биринчи гуруҳ ногирони ўзини-ўзи банд қилди

Феруза Қўлдошева Мирзачўл тумани Мустақиллик маҳалласида яшайди. Бахтсиз ҳодиса туфайли болаликдан ногирон бўлиб қолган, юриш ҳаракатини бутунлай йўқотган. Аммо яқинлари уни ҳеч қачон тушкунликка тушмай, ҳаётга муҳаббатини ошириб борувчи аёл сифатида билишади.  

У хотин-қизлар либосларининг моҳир тикувчиси сифатида маҳаллада ном чиқарган. Шогирдлар тайёрлайди, интернет орқали малакасини ошириш йўлларини қидиради.

Унинг ибратли фаолияти 2017 йилда Президент эътиборига тушиб,  Мустақиллик байрами муносабати билан “Шуҳрат” медалига муносиб кўрилган.

Феруза Қўлдошеванинг хонадонига давлат солиқ хизмати ходимлари келиб, уни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида “Soliq”мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказдилар. Тикувчига бу фаолиятнинг ижобий жиҳатлари – иш стажига эга бўлиши ҳамда пенсия учун захира яратилиши тушунтирилди.

-Мен ОАВ орқали ўзини ўзи банд қилиш ҳақида эшитдим. Ҳамда бу мен учун ажойиб имконият эканини тушундим, - дейди Феруза Қўлдошева. – Чунки мен ҳам соғлом инсонлар каби ишлашни истайман. Ҳунарим ортидан даромадим бўлса-да, бир умр фақат ногиронлик нафақасини олиб яшаш гоҳида менга оғир ботар эди. Эндиликда мен ҳам пенсия ёшига етгач, пенсия олиш имконига эга бўлдим. Бу менга моддий жиҳатдан ҳам кўра, руҳий томондан жуда ижобий таъсир кўрсатди. Энди мен ҳам бошқалар қатори расман ишлайман.

Ҳаётга интилиши юксак бўлган бу аёлнинг фаолияти тўрт мучаси соғ инсонлар учун ўрнакдир. Унинг навбатдаги қадами ҳам қўллаб-қувватлашга, эътирофга лойиқ. Мирзачўл туманида ўзини ўзи банд қилганлар сони 361 нафарга етди.

Жиззах вилояти ДСБ Ахборот хизмати