Янгиободда эътиборсизлик туфайли туғилганлик гувоҳномаси 3 йилга кечикиб олинди

Янгиободда эътиборсизлик туфайли туғилганлик гувоҳномаси 3 йилга кечикиб олинди

Янгиобод тумани Жиззах вилоятининг чекка туманларидан бири. Қўшни Тожикистон Республикаси билан чегарада жойлашган бу туманда аҳоли сони нисбатан камроқ бўлсада, марказ ва қишлоқлар орасидаги масофа бир қадар узоқ жойлашган. Аҳолиси кам бўлсада, ушбу туманда ФҲДЁ бўлимига оид масалалар талайгина.

Туман ФҲДЁ бўлими мудираси Шарофат Ғафурованинг берган маълумотига кўра жорий йилнинг 8 ойи давомида 695 та ариза қабул қилинган. Булар 464 таси туғилиш, 127 та ариза никоҳ билан боғлиқ, 84 та ўлим ҳамда 20 та ажрим ҳисобланади.

Туманда муддатидан ўтиб туғилишни қайд этиш ҳолатлари ҳам баъзида учраб туради. Дилором Насруллаева “Чаканд” қишлоғида истиқомат қилади.

- “Фуқаролик паспортимни эҳтиётсизлигим ортидан тушириб қўйган эдим. Янги “паспорт” олиш учун эса мурожаат этмадим. Қишлоқда яшаганлигим боис, дала ишлари билан банд бўлиб, бугун-эрта оламан деб орқага сурилаверди. 2017 йил 10 ноябрда фарзандли бўлдим. Шифохонадан “паспортим” бўлмаганлиги учун маълумотнома беришмади. Шунинг натижасида қизимга туғилганлик гувоҳномасини вақтида ололмадик,” - дейди Дилором Насруллаева.

“Бугунги ишни эртага қўйма” дейди доно халқимиз. Бир муаммони ўз вақтида бартараф этмадикми у кейинчалик катталашиб кетаверади.

Дилором Насруллаева ўз хатосини англаган ҳолда фуқаролик паспортини тиклаш учун ариза топширди. 2019 йилда яна “паспорт”лик бўлди. Қизини туғилганлигини қайд этиш учун туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат этди. Бўлим мудирасининг саъй-ҳаракатлари билан қизалоққа туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома расмийлаштириб берилди.

 

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати