Эйнштейн пайпоқ кийишни умуман ёқтирмаган ва бунинг сабабини ҳеч ким тушуниб етмаган

Эйнштейн пайпоқ кийишни умуман ёқтирмаган ва бунинг сабабини ҳеч ким тушуниб етмаган

Альберт Эйнштейн – бу буюк физик замонавий илм-фаннинг катта қисми тузилишини етарли даражада тушунган ва бошқаларга етказа олган.

У ўзининг машҳур E=mc² формуласида қора туйнуклар борлигини идрок этиб, массани энергия билан боғлагани кўпларга маълум. Бугун бу даҳо ҳақида бир нечта янги фактларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Эйнштейн бир кечада машҳур бўлган

У кечаси ухлаётиб, эртага таниқли бўлиб уйғонишини билмаган омадли кишиларнинг бири эди. 1915 йилда олим ўзининг умумий нисбийлик назарияси тўғрисидаги ишини нашр этди. Унда у тортишиш майдонлари макон ва вақт тўқималарининг бузилишини келтириб чиқариши мумкин, деб таъкидлади. Бу ниҳоятда дадил ва инқилобий баёнот бўлганлиги сабабли инглиз астрономи Артур Эддингтон бу масалага аниқлик киритмоқчи бўлди ва зарур бўлган жиҳозлар билан қуролланиб, қуёш тутилишини суратга олишга тушди. Тасвирларни кўриб чиққан олим Эйнштейн назариясининг ишончлилигини тасдиқлади. Ушбу янгилик орқали олим бир зумда бутун дунёда шуҳрат қозонди...

У президент бўлиши мумкин эди

Эйнштейн ҳеч қачон яҳудий илдизларини инкор қилмаган ва кўпинча антисемитизм (ирқий шовинизмнинг энг ашаддий турларидан бири)га қарши маърузалар қилган. 1952 йилда Исроилнинг биринчи президенти Хаим Вейцман вафот этганида, ҳукумат маслаҳатлашиб, физикни давлатни бошқаришга таклиф қилди. Бу ташаббус Эйнштейнни хурсанд қилмади. Исроил элчисига ёзган мактубида у ушбу фаолият учун одамлар билан тўғри мулоқот қилиш ва расмий хизмат вазифаларни бажариш учун табиий қобилият ва тажрибага эга эмаслигини айтди.

У мусиқачи эди

Буюк физикнинг онаси тажрибали пианиночи бўлган ва болалигида ўғлига скрипка чалиб мусиқага бўлган муҳаббатни сингдиришга ҳаракат қилган. Аммо Эйнштейн кўпинча болаларда бўлгани каби ҳар қандай йўл билан унга қаршилик кўрсатган. Бироқ ёш даҳо 13 ёшга тўлганида Моцарт фаолиятига қизиқа бошлади ва скрипка чалиш қобилиятини ривожлантирди.

Пайпоқларга қаршилик

Барча даҳолар ўзига хос паришонхотирлик билан ажралиб турган ва Альберт Эйнштейн ҳам бундан мустасно эмас. У ҳар доим бироз пала-партиш кўринишга эга бўлган ва кийим шкафида умуман пайпоқ бўлмаган. Буюк олим пайпоқ кийишни умуман ёқтирмаганлиги сабабини ҳеч ким тушуниб етмаган.

У федерал қидирув бюроси кузатувида бўлган

1933 йилда Гитлер ҳокимият бошига келганидан бир неча ой олдин Эйнштейн АҚШга кетган эди. Ватанидаги вазият туфайли у Германия билан алоқаларини узишни бошлади ва 1940 йилда Америка фуқаролигини олди. Федерал қидирув бюроси бундай шахсни эътиборсиз қолдириши мумкин эмас эди. Шунинг учун кўп йиллар давомида у таъқиб остига олинган эди. Натижада унинг ҳужжатлари тўпланган файл 1800 саҳифадан кўп бўлган.

Баҳора МУҲАММАДИЕВА тайёрлади.