Ўзбекистон жаҳон паспортлари индексида 83-ўринни эгаллади

Ўзбекистон жаҳон паспортлари индексида 83-ўринни эгаллади

Ўзбекистон Henley & Partners компанияси томонидан тузиладиган Henley Passport Index индексида 2020 йилнинг тўртинчи чорагида 3 поғона юқорилади ва 83-ўринни эгаллади.

Рейтинг маълумотларига кўра, Ўзбекистон фуқаролари 57 та давлатга визасиз бориши ёки визани етиб боргандан кейин олиши мумкин. Ўзбекистон 83-ўринни Кот д’Ивуар ва Габон билан бўлишган.

Ўзбекистон 2020 йилнинг июль ойида эълон қилинган рейтингда 86-ўринни, январь ойидаги рейтингда эса 85-ўринни эгаллаганди.

Рейтингда биринчи ўринни Япония эгаллаб турибди. Японияликлар 191 та давлатга визасиз бориш ёки етиб боргандан кейин виза олиш ҳуқуқига эга. Сингапур 190 та мамлакат билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди, учинчи поғонадан эса Жанубий Корея ва Германия ўрин олган. Уларнинг фуқаролари 189 та давлатга визасиз бориши ёки етиб боргандан кейин виза олиши мумкин.

Рейтингнинг сўнгги қаторидан Афғонистон жой олган. Мазкур давлат фуқаролари учун 26 та мамлакатга визасиз кириш имконияти мавжуд.