Вилоят солиқ бошқармаси “Энг яхши бизнес-режа” танлови ғолиблари аниқлади

Вилоят солиқ бошқармаси “Энг яхши бизнес-режа” танлови ғолиблари аниқлади

Очилганига кўп вақт бўлмаган Жиззах IT парк филиали ёшларнинг севимли масканига айланиб улгурди. Бу ерда замонавий билимларни эгаллашни ният қилган ўқувчи ва талабаларни кўплаб учратиш мумкин. Айнан шу маскан Жиззах вилоят 4-сектор раҳбари ва ёшлар учрашуви манзили этиб танлангани бежиз эмас.

Гарчи IT парк филиали конференц зали унча катта бўлмаган аудиторияга мўлжалланган бўлса-да, ҳақиқий маънода тадбиркорлик ва ахборот технологияси йўналишларига қизиқиш билдирувчи ёшлар ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташриф буюрган масъул идоралар вакиллари билан тўлди.

Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах шаҳар бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган учрашувда ёшларнинг таклиф ва мурожаатларини тинглаш, уларга ечим излаш, йўл-йўриқ кўрсатиш билан бирга уларга янги билимлар ва қимматли маълумотлар беришга эътибор қаратилди. Жумладан, тадбиркорлик, ахборот технологиялари, янги бизнес ғояларга қизиқиш билдирувчи ёшларга бу соҳалардаги сўнгги янгиликлар, амалдаги солиқ ставкалари ва имтиёзлари ҳақида батафсил тушунтириш берилди. Жумладан, my.soliq.uz портали орқали солиқ идораларига бормасдан туриб, солиқ хизматларидан фойдаланишлари ҳақида тақдимот қилинди.

Вилоят ДСБ бошлиғи Ю.Насимджанов шу ернинг ўзида “Энг яхши бизнес-режа” танловини эълон қилди. Ёшларнинг бу борадаги таклифлари тингланиб, энг яхши деб топилган уч нафар иштирокчига қимматбаҳо совғалар топширилди.

  • Бугунги давр иш кўзини билган, тадбиркор ва шижоатли ёшларники. Мана, энг яхши таклифлар ҳали таклифлигидаёқ юқори баҳоланди. Бу барча ёшлар учун мотивация бўлмоғи лозим, - деди вилоят 4-сектор раҳбари.

Тадбир амалий натижаларга бой бўлди. Масалан, 2-гуруҳ ногирони бўлган Гулмиранинг вакилига якка тартибдаги тадбиркорлик гувоҳномаси топширилди. У доимий равишда Жиззах шаҳар 4-секторининг моддий ва маънавий кўмагидан баҳраманд. Навбатдаги қадам унинг руҳан қад тиклаши, жамиятда ўз ўрнини топишида муҳим. У “Жиззах текстиль” корхонаси билан маҳсулот етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Энди унинг ўз тадбиркорлиги, харидори ва ҳаётда мақсади бор. Гулмирани рағбатлантириш мақсадида унга электр печи ҳам совға қилинди.

Тадбирда тадбиркорлик фаолиятини бошлаган ёшларга гувоҳнома, тижорат банкларининг кредит сертификатлари топширилди. 20 га яқин мурожаатлар тингланиб, ижроси мутасадди идоралар зиммасига юкланди. Айрим масалалар шу ернинг ўзида ечим топди. Жумладан, Жиззах шаҳар 4-сектори “Темир дафтар” рўйхатида турган оилаларнинг 2 нафар фарзанди “Улибка” мактабгача таълим ташкилотига ҳомийлик асосида қабул қилинди.

Ноанъанавий ўтган тадбирнинг иккинчи қисмида Жиззах вилоятида энг намунали ҳисобланган тадбиркорлар ёшларга бизнес ва маҳорат дарсларини ўтиб бердилар. Тадбир “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида энг кенжа корхона ҳисобланган “Jada Colоur Textile ”  корхонасида ҳам давом этди.  Жиззах шаҳар 4-сектори кўмаги билан мазкур МЧЖга “Jada Color” корхонасига ишга жойлашган 20 нафар ёшларга корхонанинг ўзида ишга қабу нафар ёшлар ишга қабул қилинган. Мафтуна Абдужабборова ҳам уларнинг бири.

  •  2018 йилда Жиззах политехника институти қошидаги академик лицейни кимё-биология йўналишида тамомлаганман, - дейди Мафтуна. – Шу соҳада лаборант бўлиб ишлашга ҳуқуқим бор. 4-сектор кўмагида мазкур корхонага лаборант бўилб ишга жойлашдим. Ўз соҳамда ишлаётганимдан мамнунман.

4-сектор раҳбари Ю.Насимджанов корхонада ёш ходимларга яратилган шароитлар билан танишди ҳамда уларга ишга қабул қилинганлик тўғрисидаги буйруқ нусхасини топширди.

     Таъкидлаш жоизки, “Жиззах Кентекс” корхонасига ҳам 10 нафар ёшлар 4-сектор кўмагида ишга жойлашди. Бу эса, жойларда бандликни таъминлаш, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида 4-сектор томонидан амалга оширилаётган ишларнинг амалий исботидир.

 

 

 

 

 

 

 

Ёшлар билан учрашувлар вилоятимиз бўйлаб давом этмоқда.

Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати