Моргда тирик топилган гўдак беш ҳафтадан сўнг вафот этди

Моргда тирик топилган гўдак беш ҳафтадан сўнг вафот этди

Мексиканинг Пуэбла шаҳрида янги туғилган чақалоқ моргнинг музлатиш камерасидан тирик ҳолда топилди. У юз берган ҳодисадан сўнг беш ҳафта ўтгач оламдан ўтган. Бу ҳақда «New York Post» нашри хабар берди.

Лазарито Альбино 21 октябрь куни ҳомиладорликнинг 23-ҳафтасидан сўнг дунёга келди (меъёрий ҳомиладорлик муддати ўртача 17 ҳафта кўпроқ бўлади). Шифокорлар уни ўлик туғилди деб ўйлаб, моргга олиб боришган ва музлатиш камерасига жойлашган. Боланинг отаси ўлими ҳақидаги гувоҳномага имзо чеккан.

Олти соатдан сўнг дафн этиш агентлиги ходимлари болани олиб кетиш учун келганларида, не кўз билан кўрсинки, бола қимирлаб, йиғлай бошлаган.

«Биз шу заҳоти отасини чақирдик. У ҳам гўдакнинг йиғлаётганига гувоҳ бўлди», — деди агентлик ходими.

Болакайни тезда интенсив терапия бўлимига ўтказишди. Бироқ у 27 ноябрь, жума куни ҳаётдан кўз юмди. 28 ноябрь куни уни дафн этишди.

Боланинг ота-онаси, Сантьяго ва Элиза Альбино шифохонани совуққонликда айбламоқда. Улар инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий комиссияга мурожаат қилишганди, ташкилот тергов ҳаракатларини бошлаб юборди.

«Лазарито туғилганида нима содир бўлганининг тагига етмоқчимиз», — дейди ота-она.