Бухорода газ босими пасайганидан норози аҳоли автомобил йўлини тўсиб қўйди

Бухорода газ босими пасайганидан норози аҳоли автомобил йўлини тўсиб қўйди

Ижтимоий тармоқларда «Бухорода газ йўқлигидан норози аҳоли машина йўлини тўсиб қўйиб, катта кўчаларга чиқиб кетаётганлиги айтилмоқда» деган изоҳ остида видеоматериаллар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро тумани ҳокимлиги ахборот хизмати маълумот берди.

Қайд қилинишича, ўрганишлар жараёнида видеоматериал Бухоро туманидаги «Работипоён» маҳалла фуқаролар йиғинида тасвирга олинганлиги маълум бўлди.

«Аниқланишича, 949 та хонадонда 5 минг 610 нафар киши истиқомат қилаётган «Работипоён» маҳалла фуқаролар йиғинида айни пайтда табиий газ босими пасайган. Мутахассислар буни об-ҳавонинг кескин тушиб кетиши натижасида газ истеъмоли кўпайиши ва оқибатда ҳудуд аҳолисининг аксарият хонадонларида табиий газ босимида муаммолар пайдо бўлганлиги билан изоҳлашмоқда.

Шунингдек, дастлабки ўрганишлар жараёнида маҳалладаги газ маромлаш пунктининг соз ҳолатда эканлиги айтилмоқда. Ҳозирда газ босими билан боғлиқ муаммони бартараф этиш чоралари кўрилмоқда», дейилади ҳокимлик хабарида.

Бу борада батафсил ахборот берилиши маълум қилинган.