«Миссия оғирлашмоқда»: суратга олиш майдончасида Том Круз аламини ҳамкасбларидан олди

«Миссия оғирлашмоқда»: суратга олиш майдончасида Том Круз аламини ҳамкасбларидан олди

«Уддалаб бўлмас вазифа» киносериясининг бош қаҳрамони ва продюсери Том Круз суратга олиш майдонида бир-бирларига жуда яқин турган одамларни кўриб, ўзини босиб тура олмади. Коронавирусга қарши чораларга амал қилиш қанчалик муҳимлигини ҳамкасбларига тушунтириш учун Круз бақиришгача борди.

Том Круз тушунтиришича, айнан шундай ножўя хатти-ҳаракатлар ишлаб чиқаришнинг батамом тўхтаб қолишига ва киносаноатдаги инқирозга олиб келади.

«Биз — олтин стандартмиз. Студиялар Голливудга қайтди, ҳозир бизга қараб фильмлар олишяпти. Кечалари ҳар бир ... киностудия, суғурта компаниялари, продюсерлар билан телефонлашаман, улар бизга қараб иш тутишмоқда, фильмларини олишда биздан фойдаланишяпти. Минглаб иш ўринлари яратяпмиз, ярамаслар», — Том Круздан иқтибос келтирмоқда «The Sun».

Ишлаб чиқаришдаги ҳар қандай тўхталиш қўшимча харажат дегани. Том Круз «Миссия»нинг бош актёри бўлишидан ташқари, продюсери ҳам, турган гапки, пуллари беҳудага шамолга совурилишини истамайди.

Суратга олиш гуруҳи аъзолари ўзларини оқлашга уринишлари эса Крузнинг баттар жаҳлини чиқарди:

«Кечирим сўраш билан иш битмайди. Олдин ҳам айтганман, энди эса талаб қиламан: қоидаларни бажара олмасангиз, марҳамат, тўрт томонингиз қибла. Биз фильмни олишни тўхтатмаймиз! Тушунтириб беролдимми? Яна қоидабузарлик қилганингизни кўрсам, бўшсиз, катта кўча!».

Том Крузни тушунса бўлади. «Уддалаб бўлмас вазифа-7» — улкан халқаро лойиҳа, «Paramount» ҳамда «Skydance» киностудиялари катта пул тикишган. 2020 йил бошида бошланган суратга олиш ишлари пандемия туфайли тўхтаб қолди. Кейин сурат олишга рухсат берилди, фақат барча хавфсизлик чораларига риоя қилиш шарти билан. Италияда октябрь ойида коронавирус қайта кучая бошлаганидан сўнг суратга олиш ишлари яна тўхтаб қолди. Фақатгина декабрь ойи бошларига келиб Буюк Британияда фильмни суратга олиш ишларини тиклашга муваффақ бўлишди.

«Уддалаб бўлмас вазифа-7» премьераси 2021 йилнинг 19 ноябрига белгиланган.