Икки йилда беш марта судланган аёл

Икки йилда беш марта судланган аёл

Икки ойдирки, Тошкент вилоятида яшовчи Б.Тошбаев (исм-шариф ўзгартирилган) ва О.Тошбаеванинг ичига чироқ ёқса ёришмайди. Бу бежизга эмас, албатта. Бу оиланинг фарзанди — Х.Тошбаева жиноий қилмишларга қўл ургани туфайли озодликдан маҳрум этилгани уларнинг юзини шувут, қаддини дол қилиб қўйди.

Х.Тошбаевага дастлаб ўғрилик жиноятини содир этгани учун унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Сардоба туман судининг 2018 йил 13 июлдаги ҳукмига биноан, 11 ой 23 кун озодликни чеклаш жазоси тайинланганди. Аслида, бу жазо унга қилмишидан тегишли хулоса чиқариб, ҳаётда тўғри йўлни топиб олиши учун берилган бир имконият эди. Аммо Х.Тошбаева бу бағрикенгликнинг қадрига етмади. Энг ачинарлиси, у 2018 йил 18 сентябрда фарзандли бўлгач, қўлида чақалоғи билан иккинчи маротаба ўғирликка қўл уради. Шу боис жиноят ишлари бўйича Ховос туман судининг 2019 йил 19 февралдаги ҳукмига мувофиқ, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топилиб, 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилади. Бироқ суд Жиноят кодексининг 533-моддаси 1-қисмидаги, озодликдан маҳрум этилган маҳкуманинг ёш боласи бўлса, у уч ёшга тўлгунга қадар ҳукм ижросини кечиктириши мумкинлиги ҳақидаги қоидадан келиб чиқиб, тайинланган жазо кечиктирилади. Агар Х.Тошбаева содир этган жиноятининг оқибати ва моҳиятини теран англаб етганда эди, қайта жиноятга қўл урмаган бўларди. Бироқ кўзи очилмаган «қаҳрамон»имиз учинчи, тўртинчи маротаба ўғирлик кўчасига киради. Бунинг учун жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг 2019 йил 4 июлдаги ва жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2019 йил 8 октябрдаги ҳукмларига кўра, озодликдан маҳрум этилса-да, фарзанди 3 ёшга тўлмагани боис иккала сафар ҳам тайинланган жазо ижроси кечиктирилади. Аммо ахлоқан тузалмаган бу аёл 2019 йил 29 декабрдан 30 декабрга ўтар кечаси бешинчи маротаба ўғирликка қўл уради, маълум бўлишича, Халима 2019 йил 10 декабрь куни Нодир исмли таниши билан бирга Ховос туманида яшовчи З.Ҳожибоевадан ижарага уй сўраб боради. У ўзини З. Ҳожибоевага «Робия» деб таништиради. Бундан беҳабар хонадон соҳибаси эса, унинг ҳомиладорлигини кўриб, қолаверса, қиш фасли эканлигини инобатга олиб, ойига 500 000 сўм ҳақ тўлаш шарти билан ижарага қўяди.

Шундан сўнг Х.Ташбаева ушбу ижара уйда яшаркан, хонадондан нималарнидир ўмаришни режалаштириб, бунинг учун қулай пайт келишини пойлай бошлайди. 2019 йил 30 декабрь куни эса, ғараз мақсадига эришади. Шуни таъкидлаш зарурки, қайнона-қайнотаси Самарқанд вилоятида яшагани боис, ўша куни З.Ҳожибоева эри билан бирга уларни кўриш ҳамда янги йил байрамини нишонлаш мақсадида йўлга чиқишади. Зарина опа ўзига қўшни бўлиб яшовчи укаси А.Ҳожибоевга ҳам уйига, ҳам оғироёқ «Робия»га кўз-қулоқ бўлиб туришни тайинлайди. Шу билан бирга, З.Ҳожибоева Халимага кечки овқат учун масаллиқларни ҳам тайёрлаб беради. Лекин Х.Тошбаева соат 03:30 ларда уй меҳмонхонасининг деворига ўрнатилган, баҳоси 2.500.000 сўмлик «ROYSON» русумли телевизор, баҳоси 3.500.000 сўмлик 3 дона тилла занжир, баҳоси 1.600.000 сўмлик 2 дона узук, 950.000 сўмлик аёллар атири, 950.000 сўмлик 2 дона чойшабни ўзи ёллаган автомашинага ортган ҳолда ғойиб бўлади. Сўнгра ўғирланган буюмларни бозорда арзон-гаровга сотиб юборади.

Албатта, жиноятга жазонинг муқаррарлиги ва қонун устуворлиги таъминлаш Жиноят кодекси талабидир. Х.Тошбаевага қайта-қайта имкони берилишига қарамай, қасддан янги жиноят содир этгани сабабли суд Х.Тошбаевани жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш имкони йўқ деган хулосага келди. Шу боис уни Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, озодликдкан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди. Халима-ку қилмишига яраша жазо муддатини ўтаб чиқади. Бироқ ҳали эсини таниб улгурмаган фарзандлари беғубор болалигининг маълум муддатини она меҳридан мосуво ҳолда ўтказадиган бўлишди.

А.Кураматов, Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят судининг судьяси

Б.Мамадаминов, Жиноят ишлари бўйича Ховос туман судининг судьяси