Инвесторлар автомобиль ишлаб чиқариш бўйича 8 та лойиҳани таклиф этмоқда — Шавкат Мирзиёев

Инвесторлар автомобиль ишлаб чиқариш бўйича 8 та лойиҳани таклиф этмоқда — Шавкат Мирзиёев

Қатор компаниялар Ўзбекистон машинасозлик соҳасига ва мамлакатда автомобиль ишлаб чиқариш йўлида инвестиция киритишга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 13 январь куни машинасозлик тармоғини трансформация қилиш ва соҳада рақобатни ривожлантириш масалалари бўйича ўтказган йиғилишда маълум қилди.

«Хусусий инвесторлар томонидан бевосита Жиззах, Навоий, Наманган, Андижон ва Тошкент вилоятларида автомобиль ишлаб чиқариш бўйича жами 276 миллион долларлик саккизта лойиҳани амалга ошириш таклифи берилмоқда», — дейди давлат раҳбари «Ўзбекистон 24» телеканали сюжетида.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Лазиз Қудратовнинг маълум қилишича, Президент 10 кун ичида саноат йиғиши тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлатиш вазифасини қўйган.

«Бугунги кунда республика ҳудудида ишлаб чиқаришни яратишга қизиқиш билдираётган саккизта хориж компаниясидан таклиф бор. Уларнинг фаолиятини рағбатлантириш, тенг шароитларни яратиш мақсадида 10 кун ичида Ўзбекистон ҳудудида автомашиналарни саноат йиғиш тўғрисидаги низом тайёрланади ва тасдиқланади. У автомобиллар ишлаб чиқариладиган шароит истеъмолчилар талабларига жавоб беришга хизмат қилади», — дейди у.

Қудратовнинг сўзларига кўра, нархлар пасайишига, автомобиль моделлари қаторининг кенгайишига, рақобат муҳитини яратилишига олиб келади ва «бунинг натижасида истеъмолчиларимиз фойда қилади».

«Ўзавтосаноат» раиси Шавкат Умурзоқовнинг қўшимча қилишича, саноат йиғиши борасидаги низом «бозорнинг барча иштирокчилари учун ягона стандартни белгилаб беради».