» » Ўзбекистон терма жамоаси йиғини ҳақида (таҳлил)

Ўзбекистон терма жамоаси йиғини ҳақида (таҳлил)

Ўзбекистон терма жамоасининг давом этаётган мазкур йиғини дастлабки таҳлилий хулосалари билан таништирамиз.
Мазкур йиғин Эктор Купернинг Ўзбекистон терма жамоаси рулидаги олтинчиси сифатида қайд этилмоқда. Купер дастлаб ўтган йили сентбярь, октябрь, ноябрь ва декабрь ойларида йиғин ўтказган. Сўнгра терма жамоамиз қишда БААда ўтган Осиё Кубогида иштирок этганди.

Жорий йил эса март ойида Хитойда ўтказилган ўртоқлик турнири Купернинг терма жамоамиз рулидаги бешинчи йиғинига айланди. Мазкур давом этаётган йиғин эса ҳисоб бўйича олтинчиси.

Давом этаётган йиғин доирасида терма жамоамиз ҳозирча Туркия ва КХДРга қарши ўртоқлик ўйинларини ўтказди. Дастлаб Туркиядаги баҳсда мағлубият қайд этилган бўлса, кеча Тошкентдаги ўйинда КХДР устидан яққол устунлик ўрнатилди. Эътиборлиси, Купер бошқарувида ўтган йили кузда ҳам КХДР билан ўйнагандик ва Бикмаевнинг дубли эвазига ғалаба расмийлаштирилганди. Кейинги рақиб эса Купер учун яна бир таниш жамоа - Сурия бўлади.

Аргентиналик мутахассис терма жамоамиз рулидаги илк баҳсини айнан Сурияга қарши ўтказган ва унда дуранг кузатилганди. Қайсидир маънода бўлажак баҳсда Купер мазкур рақиб билан ўзаро ҳисоб-китобини ҳам амалга ошириш имкониятига эга бўлади.

Эктор Купер Туркия билан ўтган баҳсда терма жамоамизнинг позицион тарафлама яхши ҳимояланганини таъкидлаб, шу жиҳат мутахассисни қувонтиргани ва баъзи футболчиларнинг иштирокидан мамнун бўлганини яширмади.

КХДР билан баҳсда эса жамоадаги янги номларнинг илк учрашуви бўлгани ва умумий баҳо берилганда, улар ҳам яхши таассурот қолдирганини таъкидлаб, баҳсдаги энг ёқимли нуқтани шу билан изоҳлади.

Биз учун эса энг ёқимли нуқталар қуйидагича: стадиондаги ажойиб муҳит, мухлислар меҳри, Сергеевнинг голли қайтиши, ҳужумчиларимиздаги самарадорлик, руҳият яхши томонга кўтарилгани.

Ўртоқлик ўйинларидаги натижа ҳеч қачон бирламчи бўлмаган. Туркиядан учралган мағлубиятдан фожиа ясамаслик зарур бўлса, КХДР устидан қозонилган ғалаба эса ҳаволаниб кетиш учун асос эмаслигини унутмаслик лозим. Бу ерда энг муҳим нуқта - ўйин. Ўйин сифати, ҳужум ташкил этиш ва позицион тўғри ҳимояланиш.

Туркия билан бўлган баҳсда ўтказилган голлар стандарт вазиятларидан кейин юзага келди, тўғри. Позицион тарафлама эса кўп ҳам хатолар руй бермади. Бу тарафлама Купер яхши нуқтани топгани мантиқан тўғрироқ. Лекин мазкур жиддий жамоа қаршисида ҳимоядан ҳужумга ўтишдаги муаммолардан тегишли хулоса чиқариш ва буни ён дафтарчага алоҳида белгилаб қўйиш муҳим.

КХДРга қарши ўйинда даража ўртасида фарқ эвазига биз кўплаб вазиятларга эга бўлдик. Биринчи бўлимда стандарт вазиятидан, иккинчи таймда эса рақиб футболчиларининг индивидуал хатолари эвазига ҳужумларимиз ривожланиб, кескинлашди. Голлардан кейин эса ишонч ортгани ва терма жамоамиз дадил ўйнаганини инкор этиб бўлмайди.

Биринчи гол стандарт вазияти, яъни пенальтидан киритилди. Иккинчи гол қарши ҳужум меваси. Учинчи гол эса рақиб ҳимоячиси ва дарвозабон ўртасидаги келишмовчилик натижасида руй берган техник хато кетидан руй берди. Тўртинчи гол ҳам стандарт вазиятидан сўнг урилди.

Шунингдек, биринчи бўлимда КХДР жамоасининг баъзи ҳужумлари хавфли ва кескин тус олди. Айниқса рақибнинг чап, бизнинг ўнг қанот ҳимоямизда бўшлиқлар кузатилди. Буни эса Купер пайқади ва танаффусдан сўнг ўнг қанотда ҳимояга мойилроқ бўлган Даврон Ҳошимовни қўйди. Алижонов эса кўпроқ ҳужумкор услубга кўниккани ва "Пахтакор"да бўлгани каби юқори жойлашиб ўйнаб, аксарият вазиятларда олдинга интилди. Терма жамоадаги дебют баҳс ва услублар қарама-қаршилиги таъсири, қўшичасига илк ўйиндаги босим натижасида Алижоновнинг ўйини кутилганидек қовушмади.

Танаффусдан сўнг КХДР ҳужумда буткул зарарсизлантирилди, лекин позицион ташкил этилган ҳужумларимиз устида ҳали жуда кўп ишланиши зарурлиги шундоқ кўринди.

Тўғри, ғалаба, айниқса йирик ҳисобдаги ютуқ доим ёқимли. Лекин Купернинг ўзи ҳам таъкидлаганидек, бу натижа алдамчи. Яъни мураббийни алдаб қўймаслиги керак. Кечаги ғалаба футболчиларга ўзларига бўлган ишончни ошириб олиш, руҳиятни кўтариш учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Лекин бу ўйин ва ғалабадан ҳаволаниб кетиш ярамайди.

Купер мазкур йиғин доирасидаги ҳозирча ўтказилган иккита баҳсда йиғинга жалб этилган жами 26 футболчидан 22 нафарининг хизматидан фойдаланишга улгурди. Иккита ўйин учун шунчаки ажойиб кўрсаткич. Ротация ниҳоят бир маромда кечмоқда. Бу яхши ҳолат. Ҳозирча ўйнамаган футболчиларга эътибор қаратсак, Купер учун яхши ва имкониятларини биладиган чап қанот ҳимоячиси Зотеев, марказий ҳимоя вакили Ислом Тўхтахўжаев ва дарвозабонлар Ботирали Эргашев ҳамда Жавоҳир Илёсов.

Иккита баҳсда иккита дарвозабон Суюнов ва Қувватовга имкон берилди. Бу борада ҳам Купер ротацияни максимал амалга оширди. Келгуси баҳсда катта эҳтимол Жавоҳир Илёсов майдонга туширилиши мумкин. Шунингдек, Сурияга қарши беллашувда ҳозирча ўйнамаган футболчилар қаторида бўлган "Локо"нинг икки вакили Тўхтахўжаев ва Зотеев ҳам ўз имкониятларини олишлари мумкин.

Шу тариқа Эктор Купер терма жамоамиз рулидаги 14-учрашувида ўзининг 6-ғалабасини тантана қилди. Эътиборлиси, ушбу ғалабаларнинг иккитаси айнан Тошкентда КХДР (2:0, 4:0) устидан қўлга киритилди. Шунингдек, аргентиналик мутахассис қўл остида ўртоқлик беллашувида Қатар (2:0), ўртоқлик турнирида Хитой (1:0), Осиё Кубогида эса Уммон (2:1) ва Туркманистон (4:0) терма жамоаларини мағлуб этишга эришдик.

Бўлажак баҳсда Сурия билан ўйин мазкур йиғин доирасидаги якуний хулосаларни беришга бизга кўмаклашади. Сурия Туркиядан кучсиз, КХДРдан эса кучли бўлган рақиб. Яъни айнан мазкур ўйинда биз ўйинимиз оралиғидаги мувозанатни кўриб олишимиз мумкин бўлади. Сурияга қарши баҳс Куперга керакли нуқтани, тўғри балансни аниқлаб олиш ва холисона хулосага чиқаришга ёрдам беради.

Ҳозирча шу.

Шаҳбоз Беғамов
скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш