Жиззахда етиштирилаётган ноёб ўсимлик заъфароннинг плантациялари мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кўпайтирилади

Жиззахда етиштирилаётган ноёб ўсимлик заъфароннинг плантациялари мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кўпайтирилади

Жорий йилнинг 1 март куни Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги “Узунбулоқ” ҚФЙ ҳудудида заъфарон ўсимлигини етиштириш ҳамда плантацияларини ташкил этиш, уларни саноат усулида қайта ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш, шунингдек, юқори қўшилган қийматга эга бўлган экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш мақсадида BMB-OPERA ZAFFERANO Ўзбекистон-Италия қўшма корхонаси фаолияти мисолида кўргазмали амалий семинар ташкил этилди.

Мазкур семинарда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари раҳбарлари ҳамда мутасадди вакиллар иштирок этишди.

Тадбирда заъфарон ўсимлиги озиқ-овқат, фармацевтика ва парфюмерия саноати учун қимматбаҳо хомашё эканлиги, ҳозирги кунда республика бўйича жами 159,3 га ер майдонларида, шу жумладан Ўрмон хўжалиги тасарруфидаги ер майдонларда 97,3 га, қишлоқ хўжалиги тасарруфидаги ер майдонларда эса 62,0 га майдонда заъфарон плантациялари ташкил этилганлиги билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2017 йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятидаги ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишида “Республикамизда заъфарон плантацияларини барпо этиш, фармацевтика саноати эҳтиёжларини таъминлаш ва экспортбоп доривор ўсимликларни кўпайтиришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” баёнининг 21-бандига асосан “Заъфарон илмий тадқиқот маркази” МЧЖ ташкил этилиб, шу йилнинг ўзида Голландиянинг “Mts Shipper” компаниясидан 36,4 тонна 9-10 колибрли заъфарон туганак пиёзлари Ўзбекистонга импорт қилинди.

-1 гектар плантациядан биринчи йилда 2 кг, иккинчи йилда 4 кг, учинчи йилдан бошлаб 6-8 кг гача заъфарон гули хом ашёси териб олиш мумкин. Бир килограмм қуритилган заъфарон гули хом ашёсини тайёрлаш учун 150 мингдан ортиқ гуллари териб олиниши керак. дона заъфарон гулидан ўртача 7 мг қуритилган зиравор олинади, дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Доривор ва зиравор ўсимликларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи А.Ахмеджонова. -Заъфарон юртимиз тупроқ-иқлим шароитига тўлиқ мос бўлиб, уни Фарғона водийси, Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Жиззах вилоятларининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида, боғ ва токзорлар қатор ораларида, ўрмон ҳудудларида етиштириш имконияти мавжуд.

Олиб келинган заъфарон туганак пиёзлари Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Андижон вилоятининг Избоскан туманларида 36,4 га ер майдонида экилиб, 2018 йилда ташкил этилган плантациялардан 22,7 кг заъфарон гули хомашёси олинди.

Қайд этилганидек, республикамизнинг Зомин, Бўстонлиқ, Ургут, Китоб, Шахрисабз ва Чортоқ каби тоғолди туманларининг ҳар бирида 50 гектардан заъфарон плантацияларини барпо этиш вазифаси қўйилди.

2017-2020 йиллар давомида заъфарон етиштириш учун энг яхши сифат кўрсаткичлари Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, ҳамда Фарғона вилоятларининг тоғли ҳудудларида қайд этилган бўлиб, ушбу ҳудудларда катта плантацияларда етиштириш кун сайин ортиб бормоқда. Бунинг натижасида юқори қийматга эга бўлган экспортбоп маҳсулот етиштириш билан бир қаторда, ушбу вилоятларнинг чекка ҳудудларида минглаб мавсумий янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг даромад манбаини кенгайтириш имконини беради.

Кўргазмали семинарда республиканинг тоғолди ҳудудларида мазкур ноёб ўсимлик плантацияларини яратиш ҳамда кенгайтириш орқали экспортбоп махсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, аҳолининг даромад манбаини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Заъфарон ўсимлиги ҳақида маълумот

Бу ўсимликни етиштириш ва хомашёни териб олиш фақат қўл меҳнати билан амалга оширилгани учун жуда қимматбаҳо ҳисобланади. Бугунги кунда заъфарон Эрон, Туркия, Озарбайжон, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Австралия каби ўн бешдан ортиқ мамлакатда етиштирилади.

ЎзР ФА тизимидаги Ботаника институти ва “Заъфарон илмий-тадқиқот маркази” МЧЖ олимлари томонидан амалга оширилган илмий изланишлари асосида Ўзбекистон шароитида заъфарон август ойининг иккинчи декадасида экилади. Бунинг учун танланган ер майдонлари трактор ёрдамида текисланиб, 60 см кенгликдаги қаторлар тортилади, 9-10 колибрли туганак пиёзлар бир-биридан 18-19 см узоқликда, 7-15 см чуқурликда экилади. Бунда, 1 гектар майдонга ўртача 1000 кг ёки 90 минг дона сараланган туганак пиёз сарфланади. Экилгандан сўнг пиёзлар тупроққа ўрнашиб олиши учун захлатиб суғорилади.

Экилган йилнинг октябр-ноябрь ойларига келиб, заъфарон гуллари йиғиштириб олинади. Энг муҳим ва катта меҳнат талаб қилинадиган жараёнлардан бири шундаки, йиғиштириб олинган гуллардан шу куннинг ўзида зудлик билан уруғчилари ажратиб олинади, акс ҳолда қуриган гулдан уруғчасини ажратиб олиш қийин бўлади.

Ташкил этилган заъфарон плантациялари келгуси йиллар давомида, ҳар баҳор ва куз мавсумларида бегана ўтлардан тозаланади ва ерлари юмшатилади, август ойида маҳаллий ўғитлар билан озиқлантирилади.