Ўзбекистонда дарахт кесилиши: мораторий пайтидаги муаммо ва орзулар

Ўзбекистонда дарахт кесилиши: мораторий пайтидаги муаммо ва орзулар

Ўзбекистондаги мавжуд экологик муаммолардан энг долзабларидан бири дарахтларнинг кесилиши масаласидир. 2009 йил 15 ноябрда республиканинг пойтахтининг қоқ юраги марказий хиёбон (сквер)даги юз йиллик чинораларнинг кесилишидан бошланган кампания афсуски мана 11 йилдан буён давом этмоқда. Тошкентнинг марказий хиёбони Х1Х асрда Чор Россиясининг генерал-губернатори М.Г.Черняев томонидан барпо этилиб, шаҳарликлар ичида “сквер” номи билан машҳур бўлган эди.

Аммо ўша машъум 15–16 ноябрь кунлари чинорлар томири билан қўпориб ташланди. Бундай вахшийликка қарши турмоқчи бўлганлар ҳибсга олинди

Афсуски, Ўзбекистонда оммавий дарахт кесиш ҳолатлари ҳар йили қайд этилади. Норасмий манбаларга кўра, юз йиллик дарахтлар, айниқса чинорлар билан “кураш” Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг буйруғига асосан амалга оширилган. Қисқа муддатда Тошкент, Самарқанд, Наманганда яшил хиёбонлар йўқ қилиниб, минглаб дарахтлар кесилди, уларнинг ўрнига эса соя бермайдиган, маҳаллий шароитга мос келмайдиган игнабаргли дарахтлар ўтқазила бошланди. Уларнинг ярми тутмай қуриб кетиши эса ҳануз, инобатга олингани йўқ. 2010 йили Тошкентда дарахтлар тунда кесила бошланди. Бир йил ичида Фарғонадаги азим чинорлар, Чирчиқдаги ҳиёбон чўлга айлантирилди.

2013 йили биргина Тошкентда 1 268 та дарахт кесишлар ҳақида хабар беришган. Жиззах, Қарши, Сурхондарё, Навоида дарахтлар оммавий равишда кесила бошланди.

2016 йили Тошкентнинг Чилонзор туманида бир кунда 200 та чинор кесиб, дарахтлари мебель усталарига пулланди.

2018 йилнинг январь ойида Mening fikrim порталида Ўзбекистонда дарахтларни кесишни тўхтатиш бўйича петиция эълон қилинди, уни 10 мингдан ортиқ имзолади. Аммо шунга қарамай Самарқандда асрлик чинорларнинг кесилаётгани ҳақида хабарлар кела бошлади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги «Табиатдан фойдаланиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги №255-сонли қарори билан жисмоний ва юридик шахсларга давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатномалар бериш тартиби белгилаб берилган.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан рухсатномаларни олиш учун туман (шаҳар) ҳокимликлари ва Давлат экология қўмитаси органларига Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали сўровнома билан мурожаат этилади. Бунда сўровнома кўриб чиқилгани учун БҲМнинг 30 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

2019 йили Ўзбекистон Ҳукумати мамлакат Экологик партияси ва жамоатчиликнинг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий этиш тўғрисидаги таклифини маъқуллади. Ушбу мораторий 1 ноябрдан кучга кирди. Президент Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни имзо чеккан «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонда Давлат экология қўмитаси, Ўзбекистон Экологик партияси ва жамоатчиликнинг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий этиш борасидаги таклифи маъқулланиши ҳақида сўз боради.

Фармонда мораторийнинг 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача амал қилиши ва бу давр мобайнида ваколатли давлат органларига давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига рухсатнома бериш ман этилиши таъкидланади.

Бунинг натижасида, республикамизда 2019 йил давомида ваколатли орган вакиллари томонидан рухсатнома бериш жараёнида 367та қонунбузилишга йўл қўйилгани аниқланиб, соҳа вакилларига нисбатан Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 19 та тақдимномалар киритилиб, давлат хизматлари кўрсатиш муддатларини бузган 26 нафар мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилди.

2019 йил февраль ойида дарахт кесишга мораторий эълон қилинганига қарамасдан Тошкентнинг Яккасарой туманида 81 туп дарахтнинг кесиб ташланди. Тадбиркор салкам 2 млрд сўмга жаримага тортилди. Ташаббускор фуқаролар саъй-ҳаракатлари ва ОАВда кенг ёритилиши натижасида ҳодисага шаҳар ва мамлакат раҳбарияти диққат қаратди. Дарахтлар кесилган жойда тун бўйи ва якшанба куни катта миқдордаги техника ва ишчилар жалб қилинган ҳолда ҳудудни тозаланиб, янги кўчатлар экилди.

2019 йилнинг декабрь ойларида Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Гулшан” боғидаги 100 га яқин дарахтлар кесилиб, ўрнига тўртта тиббий клиникалар қурилиш ишлари бошланиб кетган.

2019 йилнинг охири 2020 йилнинг баҳорида “Юксалиш“ умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан республика миқёсида ўтказилаётган “Бир миллион дарахт” шиори остидаги акция ўтказилди. Аммо уларнинг 70% ёзда ниҳоллар суғорилмаганлиги натижасида қуриб кетди. Чунки ҳар бир ниҳол парваришга муҳтождир.

Юртимизда маҳаллий дарахт турларини экиш, аёвсизларча қирилган чинорларнинг ўрнини қайта тиклаш, аввало фарзандларимизни табаиатга меҳрли қилиб тайёрлаш, ҳар бир ўқувчи, ҳар бир талаба, ҳар бир оила кўкламда дарахт экишда фаол қатнашишини таъминлаш орқали табиатга меҳрни тарбиялаш вақти аллақачон келди.

Сайдали Муродалиев, экоҳуқуқшунос:

-Бевосита ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича қонунчилигимиз мукаммал. Охирги беш йил ичида Маъмурий кодекс, Жиноий кодексларга ўзгартиришлар киритилди. Аммо уларда озодликдан маҳрум қилиш жазоси киритилмаган. Юқорида қайд этилган Яккасарой туманида 181 та дарахт кесилиши юзасидан тадбиркор жаримага тортилганида орадан 1,5 йил ўтган бўлса ҳам, ҳануз Экология Қўмитаси фондига ўтказилмаган, прокуратура депозитида турибди. Бу дегани одамлар жиноятни содир этади, жаримасини тўлайди ва бўлди қутулдим, деб яна дарахтларни кесаверишади. Демак, жазолаш тизимини кескин ишлатиш керак.Чунки, ижро интизоми бизда яхши йўлга қўйилмаган. 181 та дарахтни кесиб ташлаган одамнинг табиатга зарари жуда катта. Аммо уларга кескин жазо қўлланилмайди. Бизда оддий одамдан тортиб судьягача битта дарахт эканку, одам ўлмаганку деган тушунча қотиб қолган. Экологик маданият фақатгина қоғозда қолиб кетаяпти. Унга амал қиладиган, табиатни асрашга жон куйдираётган одамлар сони афсуски, кам.Бизда табиатдан олинаяпти, аммо берилмаяпти. Тизимли муаммолардан яна бири — жисмоний ва юридик шахслар томонидан берилган аризаларни кўриб чиқиш муддатларининг қўпол равишда бузилиши, шунингдек, аризаларни кўриб чиқишда асоссиз рад этилиш ҳолатлари ҳисобланади.

Бироқ, амалда ҳанузгача ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш ҳолатлари учраб турибди. Бундай қонунбузарликлар ўтган йилга нисбатан 27 фоизга кўпайганини қандай изоҳлаш мумкин?

Президентнинг 3 февралдаги фармони билан дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга мораторий 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилди.

Ҳеч кимга сир эмас дарахт кесилишига энг катта таъсир қурилиш объектларида учрамоқда. Қурилиш борки, ҳеч бўлмаганда битта дарахт кесилиш ҳолати учрайди.

Ҳужжатда мораторий даврида нафақат дарахтларни кесишни чеклаш, балки, уларни соғломлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш кўзланган.

Президентнинг 2019 йилдаги 30 октябрдаги ПФ-5863-сон фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабрга қадар мораторий жорий этилган эди. Ушбу ҳужжат билан мораторий амал қилиш даврида ваколатли давлат органларига дарахт ва буталар қимматбаҳо навлари кесилишига рухсат бериши ман этилган эди.

Аммо шунга қарамай ноқонуний дарахт кесишлар давом этмоқда

Президентнинг 3 февралдаги фармони билан республикада давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабргача узайтирилди.

Ҳужжат билан ҳар бир кесилган дарахт ва буталар учун компенсация тарзида 10 туп қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган, йирик ўлчамли кўчат экиш ҳамда уларни камида икки йил парвариш қилиш мажбурияти киритилди.

Шунингдек, ноқонуний кесилган дарахт ва буталар учун эса уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбурий этиб белгиланди.

2021 йилнинг 4 ойи давомида дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2014 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди, ўсимлик дунёсига етказилган зарар 4 млрд 988 млн сўмни ташкил қилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Озод Ражабов маълум қилди.

«1313 туп қимматли дарахт ноқонуний равишда кесилгани, 619 туп дарахт шикастлантирилгани юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан 2 млрд 514 млн сўм маъмурий жарима белгиланиб, ўсимлик дунёсига етказилган зарар жами 4 млрд 988 млн сўм миқдорида ҳисобланди», дейди у.

Маълум қилинишича, шу даврда аниқланган жами ҳуқуқбузарликларнинг 113 та ҳолати маҳаллий даражадаги мансабдор шахслар иштирокида содир этилган.

Бундан олдин, Сергели–Қўйлиқ ер усти метроси қурилишида 785 та дарахт бошқа жойга кўчирилиши хабар қилинганди.

Кўчириш имкони бўлмаганда эса кесишга рухсат берилган. Кесиладиган ҳар бир дарахт учун компенсация сифатида 10 туп кўчатларни экиш ва икки йил парваришлаш мажбурияти юклатилади.

Маълум бўлишича, мораторий даврида жами 5 609 та жисмоний ва юридик шахслар томонидан 258 029 туп дарахт ва буталарни кесишни сўраб мурожаат қилинган. Давлат экология қўмитаси томонидан 182 648 туп дарахтларни кесиш учун рад жавоби берилган.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ботаника институти директори Комилжон Тожибоев дарахтларга нисбатан республикадаги бундай муносабатни қуйидагича шарҳлади: