Яна озгина етмай қолди... Олимпиадага муносиб эмасмидик? Малибу фойдага қолди

Яна озгина етмай қолди... Олимпиадага муносиб эмасмидик? Малибу фойдага қолди

Таиланд мезбонлик қилган Осиё чемпионати-U23 баҳслари якунига яқинлашиб қолди.  25 январь куни мусобақада 3-ўрин учун ўйин бўлиб ўтди. Бу баҳсда Токио олимпиадасига бериладиган 3-йўлланма ўйналди. Любинко Друлович мураббийлигидаги Ўзбекистон-U23 жамоаси муҳим ўйинда Австралияга имкониятни бой берди.

Бутун ўйин давомида Ўзбекистон устунликка эга бўлди. Худди Саудияга қарши ўйинда бўлгани каби. Бу гал ҳам рақиблар биргина қулай имкониятдан фойдаланиб кетишди. Австралия сафида энг кучли футболчилардан бўлган Николо Д`Аугустиньо ажойиб юришни амалга ошириб гол урди.

Иккинчи бўлим бошида урилган бу голдан сўнг Друлович таркибда ва ўйинда ўзгариш қилишга ҳаракат қилди. Ўйини чиқмаган Нурилло Тўхтасинов ўрнига Ойбек Бозоровни майдонга туширди. Аммо... Ойбек майдонга тушганидан 6 дақиқа ўтиб қизил карточка олди. У майдон марказида чинакамига ёшлик қилиб рақибга қарши қўпол ўйнади ва четлатилди. Тўғриси, ҳакам қўполлик қилганини сезиб рақибидан кечирим сўраб турган ёш болани четлатмаса ҳам бўларди, аммо рефери бундай қилмади ва жамоамиз 60-дақиқадаёқ бир киши кам бўлиб қолди.

Аммо бир нарсага қойил қолиш керак, қолган 30 дақиқа давомида мусобақанинг энг бақувват жамоаси Австралия эмас, бир киши кам бўлиб қолган Ўзбекистон ҳужум қилди. Йигитлар бир киши кам бўлиб ҳам австралиялик мухлисларни ўйинни юрак ҳовучлаб кўришга мажбур қила олишди.

Ўйиндан сўнг Друловичдан сизнинг жамоангиз ҳамма ўйинда рақибларидан кўпроқ ҳужум қилди, натижа учун оддийроқ ўйнаш маъқул эмасмиди, деб сўрашди. Друлович эса бу унинг услуби эканини, натижа бўлишини хоҳлаганини, бунга эса ҳужумсиз эришиб бўлмаслигини айтди. Чиндан Ўзбекистон мусобақанинг энг ҳужумкор, энг ёқимтой жамоаси бўлди. Корея, Саудия ва Австралия билан ўйинларда ҳам бизнинг футболчилар рақибдан кўпроқ ҳужум қилишди, аммо натижа улар томонда бўлди.

Қизиғи, бу мусобақада бизни мағлуб этган учта жамоа ҳам олимпиадага чиқди. Улардан иккитаси эртага финалда тўқнаш келади. Етмаганига бизни енгган Саудия 24 йил деганда, Австралия эса 12 йил деганда олимпиадага йўлланма олди. Биз мана шундай рақибларга омад келтирган жамоага айландик афсуски...

Австралия билан мағлубиятдан сўнг бир фикр одамни ўйлантириб қўйди: нега футболчиларимиз орага қандайдир катта мусобақа йўлланмаси қўйилган ўйинларда ғалаба қозона олишмайди? Нега олимпиада, жаҳон чемпионатларининг босими футболчиларни хотиржам ҳаракат қилгани қўймайди? Масалан худди шу ёш тоифасида икки йил олдин ўтказилган мусобақада футболчиларимиз чемпион бўлганди, аммо бу гал улар 2 йил олдин 4:1 ҳисобида енгган рақиблари Кореяга мағлуб бўлишди, бир вақтлар ўзлари U19 мусобақасида енгган Австралияга ҳам кучлари етмади.

Айнан мана шу босимдан қутулиш йўлини топсак, кейин натижага эришиш мумкин. Акс ҳолда доим бизга озгина етмай қолаверади...