Давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамон долзарб масала

Давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамон долзарб масала

 “Натижадорлик ҳаммамиз учун бош талаб,

асосий мезонга айланмоқда.

Ш.М.Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида жойларда ижро ва вакиллик органларининг давлат бошқарувидаги роли ва масъулиятини янада ошириш, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий тузилмалари фаолияти натижадорлигини назорат қилиш бўйича янги тизим яратиш шарт эканлиги айтиб ўтилган эди. Шундан сўнг, давлат бошқарув органлари ва ташкилотларида уларнинг фаолиятини баҳолашга қаратилган мезонлар ишлаб чиқиш, бу борада халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда замонавий бошқарув технологияларидан самарали фойдаланиш бўйича ишлар бошлаб юборилди.

Бугунги кунда барча ривожланган давлатларнинг гигант компаниялари, корхоналари ва ташкилотларида жорий этилган ҳамда ўз самарадорлиги билан бошқарувнинг бошқа технологияларидан фарқланувчи энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) тизими Ўзбекистонда ҳам тадбиқ этила бошланди.

Аслида иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи корхоналар учун яратилган KPI (Key Performance Indicator) - бу маълум бир фаолиятда ёки муайян мақсадларга эришишйўлидаги муваффақият кўрсаткичидир. Айтишимиз мумкинки, KPI амалда эришилган натижаларнинг миқдорий жиҳатдан ўлчанадиган ва иш берувчилар томонидан ўз ходимларини баҳолайдиган  кўрсаткич ҳисобланади.

Хорижий тажрибалар шуни кўрсатадики, энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) нафақат тижорат корхоналарида, балки давлат идораларида ҳам қўлланиши мумкин. Бу тизимдан узоқ вақтлардан буён хорижий давлатларда фойдаланиб келинади. Ўз олдига электрон давлат хизматини ривожлантириш мақсадини қўйган Буюк Британия Вазирлар Маҳкамаси бунга мисол бўла олади. KPI тизимини ўз фаолиятига жорий этганидан сўнг, 2013 йилда Буюк Британияда 100 % хизматлар электрон кўринишда тақдим этила бошланган.

Давлат хизмати самарадорлигини баҳолашнинг янги усулларини жорий этишнинг энг муваффақиятли намунлари сифатида Австралия, Канада, Янги Зелландия ва Голландия каби ривожланган давлатларни санаб ўтиш мумкин.

Австралияда давлат хизматини ислоҳ қилишнинг биринчи босқичи 90-йилларнинг биринчи ярмида ҳар бир вазирликка ўз дастурий мақсадларини белгилаш, йил якунларида эришилган ютуқлар ва натижалар тўғрисида ҳисобот тайёрлаш топшириғи берилиши билан бошланди. Вазирликларнинг бюджет сметалари амалга оширилган ишлар билан боғлиқ эди. Бу эса, давлат хизматчиларининг иш ҳақига таъсир кўрсатди. Юқори натижаларга эришиш ҳамда яхши иш ҳақига эга бўлиш учун давлат химатчилари ўз устида ишлашни бошлади. Бугунги кунда Австралияда, иш берувчи ва ходимлар ўзтасида тузиладиган шартномада самарадорликни баҳолаш мезонлари тобора кўпроқ киритиб борилади. Юқори мансабдаги раҳбарлар ўртасида тузилган бундай шартномаларда ўз мажбуриятларини бажармаганлик ҳолатларида жавобгарлик аниқ белгилаб қўйилади.

Голландия эса давлат ҳизматини ислоҳ қилиш жараёнида давлат секторининг самарадорликка асосланган молиявий тизимига тўлиқ ўтишига эришди. Давлат органлари ва уларнинг бўлимларининг иш самарадорлигини баҳолаш, улар кўрсатадиган хизматлар (ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар) ва сарфланган харажатлар нисбати асосида ҳисобланади.

KPIнинг бошқа тизимлардан фарқи шундаки, ҳар бир ходимнинг ишлаш кўрсаткичлари бутун ташкилотнинг умумий самарадорлик кўрсаткичларига боғлиқ бўлади. Биз тизимни давлат ташкилот ва корхоналарига, умуман олганда давлат бошқарув соҳасига тадбиқ этиш орқали бир-бирига зид келувчи, бир-бирини такрорловчи фаолият соҳаларини қисқартиришга, ҳар бир давлат хизматчисининг умумий самарадорликка ўз ҳиссасини қўшишига, ташкилот миссиясига эришиш учун индивидуал равишда ҳаракат қилишига ва натижада меҳнатига муносиб рағбатлантирилишига эришишимиз мумкин бўлади.

Давлат ҳизматчилари фаолиятига KPIни жорий қилиш улар учун фойдали бўлади. Давлат хизматчиси иш ҳақини қанча, нима учун ва қандай олишини, қайси ҳолатларда қўшимча устама ҳақлари билан рағбатлантирилиши ёки рағбатлантирилмаслиги ҳақида тушунчага эга бўлади. Ҳар бир ходимнинг лавозим доирасидаги аниқ вазифалари ва уларнинг сифатли ва аниқ вақтда ижросини таъминлаш муддати бўлади.Энг асосийси ташкилот раҳбари доимий равишда белгиланган қатъий баҳолаш мезонлари ёрдамида ходимларининг фаолиятини кузатиб бора олади.

Хорижий тажрибада кенг қўлланилган ва ўз самарасини берган энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) Ўзбекистонда давлат хизматини ривожлантиришда қандай натижа беради? Бу тизим ўзини оқлайдими? деган ҳақли савол туғилади.

Биламизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3  октябрда қабул қилинган ПФ-5843-сонли Фармони қабул қилинди ва мазкур фармон билан  Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, агентлик олдига давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш юзасидан бир қатор муҳим вазифалар қўйилди. Шулар қаторида мамлакатимизда давлат хизмати ва хизматчиси фаолиятини баҳолашда асос бўлувчи аниқ мезонларишлаб чиқиш ҳам ўрин олган. Бу борада агентлик мутахассислари ўрганишлар ва изланишлар олиб бориб, хориж тажрибаларини пухта таҳлил қилган ҳолда давлат хизматчиларининг иш фаолиятини баҳоловчи индиқаторлар ишлаб чиқилди. Айни вақтда ушбу тизим республикамизнинг 11 ҳудуддаги (шаҳар ва туман) ҳокимликларида синовдан ўтказилмоқда.

Хусусан, жорий йил 24 февралдан Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани ва Янгийўл шаҳри, 2 мартдан Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани, 23 мартдан Хоразм вилоятининг Урганч шаҳри, Ҳазорасп, Янгибозор ва Янгариқ туманлари,
27 майдан Андижон вилоятининг Бўстон тумани ва Хонобод шаҳрида ҳамда 29 майдан бошлаб Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳри ва Қува туманида ҳоким ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самардорлик кўрсаткичлари(ЭМСК,KPI) асосида баҳолаш тизими йўлга қўйилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлариасосида баҳолаш тизими (KPI)ни жорий этиш, албатта давлат органлари ва ташкилотлариучун янги механизмдир.Шу боис, дастлаб ўзга хос қийинчиликларни келтириб чиқариши табиий  ҳолат. Аммо механизм ишлай бошлагандан сўнг, иш сифати ва самарадорлиги ортади, маълум лойиҳаларни ва вазифаларни бажариш тезлашади, давлат хизматчиларининг компетенциялари ривожланиб боради. Чунки тизим ҳар бир ходимни ўз устида мунтазам ишлашга ундайди.

О.Мелиев,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг

Жиззах вилоят филиали Кадрлар маъмуриятчилиги

бўлими бош инспектори