Онлайн тренинг: Зиддиятли вазиятларда журналистика қандай фаолият юритиши керак?

Онлайн тренинг: Зиддиятли вазиятларда журналистика қандай фаолият юритиши керак?

Журналистларни қайта тайёрлаш маркази Европа Иттифоқининг “ОАВнинг жамиятда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашдаги роли” лойиҳаси доирасида журналистлар ва ахборот хизмати ходимлари, шунингдек фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари учун “Зиддиятли вазиятларда журналистика” мавзусида семинар-тренингларни ўтказиб келмоқда.

Шундай тренинглардан бири 20-22 август кунлари Жиззах вилоятининг фаол фуқаролик жамияти вакиллари иштирокида ташкил этилди. Онлайн тарзда ўтган вебинарда журналистлар ва фуқаролик фаоллари бугунги замонавий дунёда турли хил низолар, хусусан терроризм, зўравонлик ва диний экстремизмнинг кучайиши оқибатида юзага келаётган зиддиятли ҳолатларда журналист ҳамда фуқаролик фаолининг фаолияти, унинг халқаро ва миллий майдондаги ҳуқуқий ҳимояси, қадриятларнинг журналистлар ва зиддиятлар тарафдорларига таъсири, зиддиятли ахборот ва унинг шакллари, интернет ОАВда зиддиятларни ёритиш, гуманитар ахборотни тарқатишда ОАВнинг роли, ёлғон ахборотни текшириш усуллари каби  масалаларни интерактив тарзда ўзлаштириб, бу борадаги салоҳиятларини оширдилар.

- ХХ ва ХХI асрларда дунёда турли хил зиддиятларнинг кучайиши мазкур муаммога сиёсатшунослар, журналистлар, социологлар, ҳуқуқшуносларнинг қизиқишини кучайтирди, - дейди Журналистларни қайта тайёрлаш маркази тренери Наргис Қосимова. - Зиддиятлар инсоният жамиятидаги туб ўзгаришлар, манфаатлар тўқнашуви, мақсадларнинг бир бирига мос келмаслиги оқибатида юзага чиқиб, афсуски ўз ортидан кўплаб қурбонларни қолдирмоқда.

-Агар илгарилари зиддиятларни бартараф этиш борасида гап кетган бўлса, ҳозирда уларни бошқариш ҳақида сўз юритилмоқда. Бу борада муваффақиятга эришишда мавжуд билимларни тизимлаштириш ва ёндашувларни бойитиш, фуқароларнинг зиддиятлар борасидаги хабардорлигини ошириш зарурати туғилади, - дейди яна бир тренер Нодира Алимова. - Зиддиятларнинг моҳиятини очиш, фуқароларга ижтимоий зиддиятнинг мазмунини тушунтириб бериш, керак бўлса, зиддиятга борган инсонлар, гуруҳларни яраштириш учун медиация фаолиятини олиб боришда оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг роли катта.

Мазкур семинар тренинглар икки босқичда ташкил этилиб, сентябрь ойида фуқаролик фаоллари офлайн тренинг ўтказишни режалаштирмоқдалар.