» » Айдар-Арнасойдан бошланиб катта қозихоналардан ахтарилаётган ҳақиқат

Айдар-Арнасойдан бошланиб катта қозихоналардан ахтарилаётган ҳақиқат

 Ўзбекистон Республикаси Олий суди диққатига!

Бир шикоят изидан

Воқеалар ниҳоясида ҳақиқат барибир топилади. Аммо, у ҳар доим воқеанинг бошида бўлади. Ҳақиқат ахтарганлар шунинг учун қийналади. Айниқса, судлар орқали ахтарганлар...

Мамлакатимиз экологиясида, иқтисодиётида муҳим ўрин тутувчи Айдар-Арнасой кўллари табиий бойликларидан атроф-муҳитга зарар етказмасдан оқилона фойдаланишга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратиб келинаётир.

Президентимизнинг 2018 йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори асосида ушбу сув ҳавзаси биологик ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш тизими яратилиб, хўжалик юритиш қонуний асосларда йўлга қўйилмоқда. Қарорда белгиланган вазифалар ва республика ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган ҳуқуқий меъёрий ҳужжатлар асосида кўлда балиқчиликни ривожлантириш, балиқ овлашни тартибга солишга қаратилган тадбирлар амалга оширилаётир.

Ўзбекистон Республика Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида ҳавза ҳўжалиги учун масъул бўлган “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” давлат унитар корхонаси ташкил этилди. Айни пайтда ушбу корхона келгусида балиқларни кўпайтириш учун балиқ чавоқлари етиштириш, тармоқда замонавий технология ва усулларини қўллаш, ҳудудга инвестиция жалб этиш билан шуғулланаётир.

Ўтган даврда ҳавзадаги табиий бойликлардан самарали ва оқилона фойдаланишга қўйиш мақсадида дирекциянинг моддий-техник базаси яратилди. Ҳозирги кунда дирекция ўзининг маъмурий биносига, баланс қиймати 9,3 миллиард сўм бўлган 15 та махсус транспорт воситаларига эга.

2018 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида дирекция Арнасой кўли атрофида 2 дона ҳар бирининг сиғими 25 кубметр бўлган балиқларни сақлаш музлаткичлари ташкил этди. Корхона томонидан барпо этилган 70 гектар сунъий сув ҳавзаларда 5,3 миллион дона, ижарачилар билан биргаликда жами 7,1 миллион дона балиқ чавоқлари етиштирилиб кўллар тизимига ташланди.

Эндиликда тадбиркорларга кўлда хўжалик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи тендер танловлари орқали берилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, жумладан, мазкур тизимнинг самарали ишлашига тўсқинлик қилаётганлар ҳам учраётгани ачинарлидир.

ЎзА таҳририятига Фориш туманидан икки тадбиркор – “ODILBEK OLTIN BALIGʻI” хусусий корхонаси раҳбари Комил Қурбонов ва “AYDAR ALBATROS” хусусий корхонаси раҳбари Нуриддин Келдиевдан келган мурожаат шу ҳақда:

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 мартдаги “Айдар-Арнасой кўллар тизимининг биологик ресурслардан оқилона фойдаланишини таъминлашга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2018 йил 26 июлда балиқ овлаш хўжаликларининг танлов таклифларини кўриб чиқиш бўйича Жиззах вилояти танлов комиссиясига қатнашиб, 112 – 113-сонли контур участкаларга танлов ғолиби бўлганмиз. Танлов комиссияси қарорига мувофиқ, саноат асосида билиқ овлаш ва балиқчиликни ривожлантириш бўйича “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” давлат унитар корхонаси билан шартнома тузиб, ушбу сув ҳавзаси участкаларини ижарага олганмиз.

Танловда қатнашиш учун “OSTROV PULSAR” шўъба корхонаси ҳам ариза берган. Бироқ, унинг “Айдар – Арнасой кўллар тизими дирекцияси” ДУК билан аввал тузган шартномаси бекор қилингани, ижара тўловларидан 28 миллион 611 минг 563 сўм қарздорлиги мавжуд бўлгани туфайли танловга киритилмаган.

Шундан сўнг “OSTROV PULSAR” шўъба корхонаси Дўстлик туманлараро иқтисодий судига “Бизни танловда иштирок этишимизга йўл қўймади деб” даъво аризаси билан мурожаат қилган. Туманлараро иқтисодий суд ушбу даъво аризасини 2018 йил 25 октябрь куни кўриб чиқиб, вилоят танлов комиссиясининг 2018 йил 26 июлда ўтказилган танлов баённомасининг 112-113-участкалар бўйича қисмини ҳақиқий эмас, деб қарор қабул қилган.

Биз Дўстлик туманлараро иқтисодий судининг қароридан норози бўлиб, Жиззах вилояти иқтисодий суди апелляция инстанциясига шикоят апелляцияси билан мурожаат килдик. 2019 йил 8 январь куни вилоят иқтисодий судининг апелляция инстанцияси судлов ҳайъати “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” ДУК ва биз тақдим этган тегишли ҳужжатлар ва танлов жараёни олинган видеотасвир, даъвогарнинг қарздорлиги ҳақида маълумот, давлат томонидан белгиланган балиқ овлаш кўрсаткичлари бажармагани ҳақидаги маълумотларни кўриб чиқиб, Дўстлик туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 25 октябрдаги қарорини бекор қилди. Биз ҳақиқат қарор топганидан, суднинг адолатли қароридан хурсанд бўлдик.

Бироқ, хурсандлигимиз узоққа чўзилмади. “OSTROV PULSAR” шўъба корхонаси Ўзбекистон Республикаси Олий Судига Жиззах вилояти иқтисодий суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 8 январдаги қарори устидан шикоят киритди. Республика Олий Суди вилоят иқтисодий суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 8 январдаги қарорини бекор қилди.

Биз Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг Иқтисодий ишлар бўйича судяси Б.Убайдуллаев олиб борган суд жараёнидан норозимиз. Биринчидан, суд мажлиси тендер комиссияси аъзолари иштирокисиз ўтказилди. Ваҳоланки, ушбу комиссия аъзолари нима учун “OSTROV PULSAR” шўъба корхонаси танловда қатнашиши нолойиқ деб топилганлигини асослаб бериш керак эди. Бу ҳолатга бизнинг норозилигимизни судья “танлов ҳайъати аъзоларининг судга иштирокини таъминлаш менинг ваколатимга кирмайди”, деган важ келтириб, ишни бир томонлама кўриб чиқди.

OSTROV PULSAR” шўъба корхонаси томонидан олинган барча участкаларда умуман давлат ва жамият фойдасига бирон-бир амалий иш қилинмаган. Ушбу участкалардан мақсадли фойдаланмасдан, қуруқ ваъдалар бериб, республикамиз ҳудудига инвестиция киритамиз, деб алдаб юрибди.

Биз давлатимиз раҳбарининг “Ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол-пок бўлиб меҳнат қилсак, мен аминман, кўзлаган барча марраларимизга албатта етамиз”, деган гапларига тўлиқ ишонамиз. Биз шу ишонч билан яшаяпмиз, ишлаяпмиз. Судлар адолатсиз қарорлари билан бу ишончга путур етказмаслиги керак.”

Айдар-Арнасой кўллари, гарчи, кўз илғамас даражада кенг кўринса-да, унинг атрофидаги ҳар бир ўзгариш, амалга оширилган ҳар бир иш, ҳатто одамларнинг мақсад-ниятлари ҳам сезилиб туради. Шу маънода, ушбу мурожаат эгалари ва бошқаларнинг фаолияти ҳам оддий балиқчилардан тортиб кўл бошқаруви, назорат тизими идораларигача яхши маълум.

Жумладан, сув ҳавзасининг 113-контурини танлов орқали олиб, “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” ДУК билан шартнома асосида фаолият юритаётган “ODILBEK OLTIN BALIGʻI” хусусий корхонаси балиқчиларнинг яшаши учун вагон уйлар ўрнатиш, “Казанка”, “Прогресс” русумли жами 12 та қайиқ, қайиқ моторлари, бошқа жиҳозлар сотиб олишга 460 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфлади. 12 та иш ўрни яратди. Айни пайтда вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси билан келишиб, экотуризм йўналишида янги лойиҳани амалга ошириш устида иш олиб бораётир.

–Биз шу ҳудудда туғилиб ўсганмиз, тақдиримиз, оиламиз ва фарзандларимиз ризқ-насибаси шу замин, шу кўл билан боғлиқ, – дейди Комил Қурбонов. – Шунинг учун кўлдан, унинг неъматларидан фақат жамият ва табиат қонунлари асосида ҳалол фойдаланамиз ва бошқалар ҳам шундай муносабатда бўлишини истаймиз. Биз танловда ҳалол қатнашиб ютиб чиққанмиз ва қонунга мувофиқ фаолият юритаётирмиз. Афсус, судда давлатимизга, жамиятимизга, кўл табиатига қандай наф келтираётганлар эмас, бунга тўсиқ бўлаётганларнинг фойдасига қарор чиқарилиши адолатдан эмас.

Албатта, суднинг қарори адолат мезонларига қанчалик мослигини баҳолаш, тасдиқлаш ё рад этиш яна юқори суднинг, ҳуқуқшуносларнинг вазифаси. Аммо холислик нуқтаи назаридан арнасойлик балиқчиларнинг тендер танловида ютиб олган 112-ва 113-контурлардаги участкаларига даъвогарлик қилаётган “OSTROV PULSAR” шўъба корхонаси фаолияти ҳақида ҳам айрим маълумотларни келтириб ўтишни ўринли, деб ҳисоблаймиз.

Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармасидан берилган маълумотларга кўра, “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” ДУК ҳамда “OSTROV PULSAR” шўъба корхонаси ўртасида кўллар тизими ҳавзасидаги 57-,58-,59-,60-,112-,113-,114-,115- ва 116-участка (контур)лардаги жами 18 минг 393,2 гектар сув майдонини 10 йил муддатга ижарага бериш тўғрисида 2017 йил 15 июнда 24-сонли шартнома имзоланган.

Шўъба корхона ушбу шартномани бекор қилиш тўғрисида 2018 йил 12 апрелда “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси”га ариза билан мурожаат қилган. Дирекциянинг 2018 йил 19 апрелдаги 10-сонли йиғилиш баённомаси билан шартнома бекор қилинган.

“OSTROV PULSAR” шўъба корхонаси шартномаси бекор қилингандан буён ўтган деярли бир йилга яқин вақт давомида айтарли иш қилмаган. Ижара шартномасида белгиланган 268 тонна балиқ овлаш шарти бўйича 9 тонна балиқ овлагани тўғрисида маълумот тақдим этган холос. Бундан ташқари, ижара тўловларидан 28 миллион 611 минг сўм қарздор бўлган.

“OSTROV PULSAR” шўъба корхонаси 2018 йил 26 июлда ўтказиладиган балиқ овлаш хўжаликларининг навбатдаги тендер танловига 57-,112-, 113-участка (контур)ларга талабгор сифатида иштирок этиш таклифини киритган. “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцяси” ДУК томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида “OSTROV PULSAR”нинг фаолиятини ўрганиб чиққан танлов комиссияси бу таклифни рад этиши мантиқан тўғри бўлган.

Олдинги шартнома муддатида катта майдонни ижарага олган, лекин энг кичик ижарачи қиладиган ишнинг ҳам ўндан бирини қилмаган, зиммасига олган мажбуриятини бажармаган корхонага яна қандай ишониш мумкин? Танлов комиссияси “OSTROV PULSAR”га ишонч билдирмай тўғри қилгани аниқ кўриниб турибди.

Бироқ, суд...

Ҳар қандай суд қарори ҳам соғлом мантиққа асосланиб чиқарилиши табиий. Аммо, юқоридаги вазиятда ушбу оддий ҳақиқат нега турли даражадаги судда турлича талқин қилинаётганини тушуниш қийин. Қолаверса, аввал ишни эпламаган корхона, кўлида шунча кенг майдон бўла туриб, яхши ишлаб келаётган, давлатга жамиятга, одамларга наф келтираётган айнан ана шу икки тадбиркорнинг ҳавзасига даъвогарлик қилмоқда?

Бу борада мутахассис нима дейди: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳакамасининг 2017 йил 7 мартдаги “Айдар-Арнасой кўллар тизимининг биологик ресурслардан оқилона фойдаланишини таъминлашга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” қарори билан кўллар тизими участкаларни балиқ овлаш хўжаликларига бериш бўйича очиқ танлов ташкил этиш “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” унитар корхонасининг асосий вазифаси қилиб белгиланган, – дейди “Адолат” хусусий адвокатлик фирмаси адвокати Шомурод Худойназаров. – Мазкур танлов ҳам Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарор билан тасдиқланган Низоми асосида ўтказилган. Танлов комиссияси аъзолари “OSTROV PULSAR” шўъба корхонасининг ижара шартномаси бўйича қарздорлиги мавжудлигини, балиқ овлаш мажбуриятларини бажармаганлигини ҳисобга олиб унинг таклифини кўрмасдан қолдириш тўғрисида бир овоздан хулосага келган. Олдинги шартнома бўйича шартнома мажбуриятларининг қандай бажарилганлиги ушбу танловда ҳисобга олинадиган асосий аҳамиятли жиҳат ҳисобланади. Ушбу жиҳат суд томонидан мазкур иш бўйича аввалги инстанция қабул қилинган қарорни ўзгартириш ёки бекор қилишда ҳисобга олиниши керак эди.

Бу мавҳумлик ушбу ишга бевосита алоқадор бўлган ва бўлмаган одамларда турли тахмин ва фаразлар туғдириши аниқ. Айни пайтда суддаги тортишувлар кетидан “ODILBEK OLTIN BALIGʻI” хусусий корхонасининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан текширилгани, балиқчилар ва назорат органлари ўртасидаги англашмовчиликлар тадбиркорга нисбатан тазйиқ ўтказаётгани тўғрисида тахмин-гумонлар пайдо бўлишига олиб келаётир.

Албатта, воқеалар кўл ва унинг атрофидаги оғзаки ахборотлар қандай бўлишидан қатъи назар, оқибатда ҳақиқат қарор топишига ишонамиз. Аммо ҳозир ушбу воқеага бевосита алоқадорларни, иштирокчиларни бунга ишонтириш қийин. Фақат суднинг адолатли қарори ҳаётимизда ҳақиқат қарор топаётганига, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар самарасига одамларни ишонтира олади.


Тошқул БЕКНАЗАРОВ, ЎзА
скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!


Фикр қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив