МИБ ходимини калтаклаган шахсга суд ҳукми ўқилди

МИБ ходимини калтаклаган шахсга суд ҳукми ўқилди

2020 йил 13 май куни жиноят ишлари бўйича Бахмал туман судида 1988 йил 10 март куни Фориш туманида туғилган, вақтинча ишсиз, оилалик, уч нафар фарзанди бор, Каримов Олим Сапарбекович (барча исм фамилиялар ўзгартирилган)га нисбатан юритилган жиноят иши кўриб чиқилди.

Каримов Олим Сапарбекович 2020 йил 11 март куни соат 16:30 ларда Бахмал тумани, Гулбулоқ ҚФЙ, ўз уйида, спиртли ичимликдан маст ҳолатда бўлган вақтида, хонадонига электр энергиясидан мавжуд қарздорликни ундириш мақсадида келган МИБ Бахмал туман бўлими давлат инспектори З.Тўраев ва тезкор шўъба катта инспектори Ў.Солиевлар томонидан тўлов амалга оширилмаганлиги сабабли унинг яшаш уйини электр тармоғидан узиш ҳақида далолатнома расмийлаштирилиб, далолатнома таништириш учун тақдим этилганида, далолатнома билан танишганлиги тўғрисида имзо қўйишдан бош тортиб, МИБ Бахмал туман бўлими давлат инспектори З.Тўраевни ўз хизмат бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ холда турли сўзлар билан ҳақорат қилиб, З.Тўраевнинг юз қисмига тарсаки тушириб, ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига фаол қаршилик кўрсатган.

Шунингдек, О.Каримов ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, яшаш уйи электр тармоғидан узилганидан сўнг, МИБ Бахмал туман бўлими тезкор шўъбаси инспектори Ў.Солиевни турли сўзлар билан ҳақорат қилиб, унга ташланиб, бўйин соҳасидан бўғиб, шунингдек, давлат инспектори З.Тўраевни яшаш уйидан чиқармасдан турли сўзлар билан ҳақорат қилишни давом эттириб, уни яшаш уйининг девор қисмига тираб ушлаб олиб, гарчанд хонадони электр тармоғидан узилганлик холати бўйича далолатнома расмийлаштирилган бўлсада, яшаш уйини электр тармоғига қайтадан улаб беришни талаб қилиб, А.Бошмоновнинг юз қисми ва бош соҳасига бир-неча бор мушти билан уриб, тан жароҳатлари етказиб, З.Тўраевни хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга, шунингдек қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилган.

Суд, судланувчи О.Каримов хизмат вазифасини бажараётган МИБ Бахмал туман бўлими ходимлари Ў.Солиев  ва З.Тўраевларни қонуний фаолиятига фаол қаршилик кўрсатиб, уларни ўз хизмат бурчларини бажаришлари муносабати билан боғлиқ холда хақорат қилиб, шунингдек уларни ўз хизмат вазифаларини бажаришдан воз кечишга ва қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилганликда ифодаланган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топиб, унга нисбатан аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

 

С.Эргашев - Жиноят ишлари бўйича Бахмал туман судининг раиси