Хоразм ва Жиззахда ер олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар ушланди

Хоразм ва Жиззахда ер олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар ушланди

Икки ҳолатда фуқаролардан $5 минг ва 50 млн сўм пора олган фрибгарлар ушланган. Маълум бўлишича, улардан бири сув истеъмолчилари уюшмаси раиси. 

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Ҳазорасп туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро V.R. ва U.R.lar олдиндан тил бириктириб, фуқаро O.ga турар жой биносини қуриш учун туман ҳокимлиги захирасидан 1 200 кв метр ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали олиб бериш эвазига $5 мингни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. 

Департамент ҳамда ДХХнинг Жиззах вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса Ғаллаорол тумани «О» CИУ раиси F.T. ер сотишга ваколати бўлмасада фуқаро I.ning ишончига кириб, унга уюшма ҳудудидан ғаллачиликка ихтисослашган 3 га сувли ҳамда 20 га лалми ер майдонларини фирибгарлик йўли билан сотишни режалаштириб, олдиндан келишилган 50 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.