УСТРУШАНА – 400 ҚАЛЪАЛИ ЎЛКА

Ўзбеклар дунёнинг энг қадимий халқларидан биридир. Миллатнинг эзгу маънавий сифатлари ҳам ўзи қадар қадимий. Халқимиз ўзининг тарихий умри давомида кўплаб қудратли салтанатлар қуриб, маданий обидалар яратиб, дунё тамаддуни тараққиётига таъсир кўрсатган. Қуйида шундай салтанатлардан бири ва ундаги маданий, маърифий, маънавий ҳолат тўғрисида тўхталинади.

Милоддан олдинги VII асрга оид манбаларда Уструшана деган юрт тилга олинади. Илк ўрта асрларга тегишли ёзма манбаларда Уструшананинг V-VI юзйилликларда мустақил давлат бўлгани қайд этилган. Бу давлат жуғрофий жиҳатдан ҳозирги Ўзбекистоннинг Жиззах, Сирдарё вилоятлари, Тошкент ва Самарқанд вилоятларининг баъзи қисмлари, Тожикистоннинг Сўғд вилояти, Қирғизистоннинг Лайлак тумани ерларида ўрнашган. Уструшана тўғрисида Чин йилномалари ва Иброҳим ал-Истахрийнинг "Масолик ал-мамолик”, Абу Саъд ас-Самъонийнинг "Ал-Ансоб”, Ёқут ал-Ҳамавийнинг "Муъжам ул-булдон” асарларида айтилган.

Уструшананинг бошкенти Бунжикат айрим манбаларда 10 минг, баъзиларида 20 минг эркак аҳолига эга бўлган шаҳар сифатида таърифланади. Бошкент ўртада арк, уни ўраб олган ички шаҳар – шаҳристон, уларнинг сиртида ҳунармандлар яшайдиган – работ сингари уч қисмдан иборат бўлиб, ҳар бири алоҳида ҳимоя деворлари ва сувли хандақлар билан ўралган. Аркка бир, шаҳристонга икки, работга эса тўрт дарвоза орқали кирилган. Аркда сарой, ибодатхона ва бошқа маъмурий бинолар жойлашган.

В. Бартольд, И. Крамер, А. Семенов, Н. Неъматов, Б. Ғафуров, Б. Тўйчибоев сингари олимлар Бунжикат шаҳрининг ўрни сифатида Қалъаи Қаҳқаҳа харобаларини кўрсатишади. Ёш олим Муслим Отаев эса қадимги ёзма манбаларга асосланиб, Бунжикат ҳозирги Жиззах шаҳри атрофида бўлганини таъкидлайди.

Уструшана бир қанча шаҳар ва қишлоқларни ўз ичига олувчи рустоқ деб аталмиш маъмурий-ҳудудий тузилмалардан ташкил топган. Мамлакат 18 рустоқдан иборат бўлиб, улар тоғ ва текислик рустоқларига бўлинган. Бунжикат, Сабот, Зомин, Бурнамад, Харакана, Фағнон, Ховос, Шавкат, Фагкат рустоқлари текисликда жойлашган. Минқ, Асбаникат, Бискар, Балтам, Вакр, Шaгap, Масча, Буттам ва Бургар рустоқлари тоғли ҳудудларга ўрнашган.

Афшинлар томонидан бошқарилган Уструшанада тахт отадан болага мерос бўлиб ўтган. Тахт эгаларининг "афшин” деб номланиши қадим туркий ҳукмдорларнинг "ашин” (бўри)лар бўлганликларини ёдга солиб, уларнинг туркийлигини билдиради. Тарихий асарларда VII асрдан ҳукмронлик қилган икки сулолага тегишли 14 афшиннинг номи келтирилади. Нумизматик манбалар Чирмиш, I Сатачари, I Раханч, II Сатачари, III Сатачари, II Раханч, III Раханч каби биринчи сулоланинг етти вакили 600 йилдан 720 йилгача ҳукмронлик қилганидан далолат беради.

Ёзма манбаларда 720 йилда тахтга келган иккинчи сулола вакиллари бўлмиш Харабугра (720 – 738), Ханахара (738 – 800), Ковус (800 – 825), Ҳайдар (825 – 840) сингари афшинлар давлат бошқарган йиллар аниқ кўрсатилган бўлса, Абдуллоҳ ва Сайр ибн Абдуллоҳ сингари сўнгги икки афшин ҳақида улар зарб этган тангалар маълумот беради. Уструшана давлатининг сўнгги тангаси 893 йилда зарб этилган. Демак, араблар босқинидан кейин ҳам Уструшана мустақил давлат сифатида мавжуд бўлган. Тангалардаги ёзувлар таҳлили бу сулоланинг ҳам туркийлигига далолат қилади. Чунончи, афшин Харабугра туркий Қорабуғро, Ханахара эса Хонқора, яъни Қорахон бўлиши эҳтимоллиги бунга асос беради. Шаҳристондан топилган "Ташландиқ болаларни эмизаётган она бўри” тасвири ҳам сулоланинг гениологик оғочида туркийлик ҳукмронлигига ишонарли далолатдир.

Уструшана аҳолиси турмуши негизини деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик ташкил этган. Қазувларда Уструшанадан пухта суғориш тизими излари топилгани аҳолининг суғорма экинчилик қилганини кўрсатади. Металл эритувчи печ, заргарлик қолиплари, турли хўжалик ашёлари, қилич, ёй ўқлари, найза каби қуроллар уструшаналикларнинг маъданга ишлов бериш салоҳиятидан даракдир. Уструшананинг «400 қалъали ўлка» деб аталиши ҳам мамлакатнинг мудофаа салоҳиятини билдиради.

Қазилмаларда силлиқ ишланган урчуқбош, йигиришга қулай урчуқ ва анча нозик мато парчалари топилиши ўлкада тўқувчилик ҳам ривожланганини англатади.

Археологик қазувлар ўлкада олтин, темир, қалай сингари маъданлардан хўжалик ва рўзғор буюмлари, турли ҳарбий қуроллар, нозик тақинчоқлар ясалганидан далолат беради. Уструшаналиклар тиклаган бинолар, ясаган асбоблар, қуроллар, рўзғор буюмлари, тақинчоқлар бежирим ва қулайлиги билан ажралиб турган. Минқ рустоқида тайёрланган темир хомашё сифатида қўшниларга экспорт ҳам қилинган.

Олтин, мис, жез сингари металлардан Уструшанада ясалган узук, сирға, чироқ, шамдон, тамға ва патнис каби ашёларнинг нафис ҳамда бежиримлиги ўлка ҳунармандларининг маҳорат даражаси ва аҳолининг бадиий савиясини кўрсатади.

Ўлкада тасвирий санъат ҳам ривожланган бўлиб, археологик қазишмалар натижасида етмишдан ортиқ сюжетли тасвирий асар топилган. Улардан "Ташландиқ болаларни эмизаётган она бўри”, "Кўп қўлли худо тасвири”, "Уч отлиқ жангчи”, "Жанг аравасидаги жангчи”, "Уч кўзли афсонавий образ”, "Уч бошли ва тўрт қўлли худо”, "Қанотли жангчи”, "Қуш ва аждар”, "Отини даволаётган жангчи”, "Арфа чалаётган аёл” сингари асарлар алоҳида ажралиб туради.

Ўн саккиз рустоқ, йигирма тўрт шаҳар, тўрт юз қалъа ва юзлаб қишлоқларни ўз ичига олган Уструшана ерларида фан ва санъат ҳам ривожланган. Олдинги ҳолат маълум бўлмаса-да, бизгача етиб келган манбаларда ислом кириб келгандан то Уструшана сомонийлар салтанати таркибига қўшиб олингунча бўлган давр оралиғида бу ердан уч шоир, етмиш уч муҳаддис ва ўттиз уч фақиҳ етишиб чиққани қайд этилади. Табиийки, бу рўйхатга мамлакатдаги барча ижодкор ва алломалар кирмаган.

Уструшаналик Абу Бакр Дулаф ибн Жаъфар аш-Шиблий (859 – 946) араб тилида, сўфиёна йўлда ёзадиган шоир бўлган. 87 ёшида Бағдодда вафот этган санъаткорнинг мозори кейинчалик қадамжога айланган. Иккинчи бир машҳур шоир Муҳаммад ибн Ҳусайн аш-Шиблий (вафоти 1078) ҳам Бағдодда жуда таниқли эди. Усмон ибн Али аш-Шиблий (1274 – 1354) эса нафақат шеърият, балки насрда ҳам маҳорат кўрсатган ижодкор бўлган.

Уструшана таниқли муҳаддислари билан ҳам шуҳрат қозонган. Толиб ибн Али аш-Шийракасий (вафоти 901), Абу Каср Сайф ибн Зоҳид аз-Зоминий (вафоти 909), Аҳмад ибн Муҳаммад аз-Зоминий (вафоти 914), Райҳон ибн Муҳаммад ал-Уструшаний (вафоти 1015), Абдулвоҳиб ибн Абдураҳмон аш-Шовкатий (1016 – 1101), Али ибн Али Иброҳим Уструшаний (вафоти 1054), Мутриф ибн Жамҳур ал-Уструшаний, Ҳусайн ибн Муҳаммад ал-Ғўбдиний (952 – 1036), Ҳаким ибн Наср ал-Уструшаний, Луқмон ибн аш-Шаъбий ал-Уструшаний (вафоти 1013) сингари ислом оламида тан олинган муҳаддислар Уструшанада етишиб чиққан.

Шунингдек, Уструшана фиқҳ илмининг билимдонлари билан ҳам машҳур бўлган. Ўлкада турли даврларда Аҳмад ибн Ҳусайн ал-Уструшаний (вафоти 929), Абу Жаъфар ал-Уструшаний (вафоти 1013), Муҳаммад ибн Ҳасан ал-Уструшаний (953 – 1016), Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил ад-Дизакий (1096), Муҳаммад ибн Наим ал-Ғўбдиний (вафоти 991), Абу Аҳмад ал-Ховасий (вафоти 1167), Мажудиддин ал-Уструшаний (1180 – 1240) сингари шариат қонунчилиги билгичлари фаолият кўрсатганлар.

Уструшанадаги маданият марказларида бир вақтлар ривожланган илму санъатнинг таъсири ҳозиргача ҳам сезилиб туради. Уструшаналикларнинг фикрлаш тарзи, ҳаёт ҳодисаларига муносабат шакли, фикру туйғуларини ифодалаш йўсини ўзига хосдир.

Маълумки, ҳар бир этноснинг тафаккур тарзи, руҳияти унинг тилида намоён бўлади. Уструшананинг 18 рустоқидан бири бўлмиш Зомин аҳолисининг тилига хос хусусиятларни комплекс ўрганиш аҳолининг тафаккур даражаси ва ижодий салоҳиятини кўрсатади. Профессор Босим Тўйчибой билан зоминликларнинг этник қатламлари, удумлари, топонимлари, мақоллари, топишмоқлари, иборалари, айтимлари, киши отлари, қариндош-уруғчилик атамалари, инсон танаси номлари, егулик номлари, кийим номлари, жонлиқлар номи, экинчиликка доир атамалар, ўйин номлари, олқишлар, ҳатто, қарғишу қасамлардан намуналар тўплаб, "Зоминнинг тил қомуси” отлиқ 21 қисмдан иборат китоб яратдик. Ушбу китоб этноснинг тилида сақланиб қолган узоқ тарихни жонлантириб, қадим боболаримизнинг турмуш йўсини ҳақида тасаввур беради. Бундан ташқари, бугунги ўзбек адабий тилини минглаб туркий сўзлар билан бойитади. Элшуносликка доир мавжуд тушунчалар миқёсини кенгайтиришга хизмат қилади. Уструшаналикларнинг поэтик салоҳияти бу маконда неча юзйилликлардан буён айтилиб келинадиган қуйидаги эл битигида жуда ёрқин кўринади:

Кирғовул қизил экан,

Қуйруғи узун экан,

Музга тойғон экан,

Оёғи синғон экан.

Оврувдан озорланиб,

Бир сўз деб турғон экан:

– Муз ака, муз ака,

Сен недин зўрсан?

– Э, мен зўр бўсам,

Кунга эриб кетармидим?

– Кун ака, кун ака,

Сен недин зўрсан?

– Ай, мен зўр бўсам,

Булутлар бетимди жовармиди?

– Булут ака, булут ака,

Сен недин зўрсан?

– Ўйй, мен зўр бўсам,

Жовин тешиб ўтармиди?

– Жовин ака, жовин ака,

Сен недин зўрсан?

– Қўй-е, мен зўр бўсам,

Жерга сингиб кетармидим?

– Жер ака, жер ака,

Сен недин зўрсан?

– Вой-ей, мен зўр бўсам,

Ўтлар тешиб чиқармиди?

– Ўт ака, ўт ака,

Сен недин зўрсан?

– Вуҳ, мен зўр бўсам,

Қўйға жемиш бўлармидим?

– Қўй ака, қўй ака,

Сен недин зўрсан?

– Мэ-э, мен зўр бўсам,

Қуйруғимдан бўри тортиб кетармиди?

– Бўри ака, бўри ака,

Сен недин зўрсан?

– Увв, мен зўр бўсам,

Итлар қувиб журармиди?

– Ит ака, ит ака,

Сен недин зўрсан?

– Вов, мен зўр бўсам,

Чўпондинг тойоғини жермидим?

– Чўпон ака, чўпон ака,

Сен недин зўрсан?

– Ў, мен зўр бўсам,

Қумурсқа (қаринжа)ға жем бўлармидим?

– Кумурсқа ака, қумурсқа ака,

Сен недин зўрсан?

– Эҳо! Мен зўрман-да!

Мен зўр бўмай, момонг зўрма?

Энангнинг эллик ботмон,

Отангнинг олтмиш ботмон

Жугини кўтараман...

Пародоксал мантиққа қурилган ушбу айтимда халқнинг образли фикрлаш йўсини намоён бўлган. Унда дунёнинг гултожи, оламнинг сарвари ҳисобланмиш инсон эмас, балки оёқ остида бор-йўқлиги билинмай яшайдиган қумурсқа (қаринжа)нинг энг қудратли яратиқ экани борасидаги тўхтам кутилмаганлиги билан ҳам, тасвирдаги ички мантиқий боғланишнинг пухталиги билан ҳам эътиборга лойиқдир.

Маънили ҳаёт тўғрисида кўп ўйлаган этнос ўзига хос маънога эга ҳаёт тарзини сақлаб қолиш борасида ҳам керакли тадбирларни кўришга уринади. Шаҳар қурилишидаги пухталик, темирчиликка доир ишлаб чиқаришнинг юксаклик даражаси Уструшана аҳолисининг ҳарбий салоҳияти ҳақида ҳам муайян тасаввур уйғотади. Инсон тириклиги ва ундаги қадриятлар борасида юқоридаги сингари ўзига хос йўсинда фикр­лайдиган Уструшана аҳолиси юрт дахлсизлиги йўлида ҳамиша кураш олиб борган. Ўлканинг жуғрофий ўринлашуви ҳамда аҳоли таянадиган маънавий-ахлоқий арконлар сабабли ўлка аҳолиси босқинчиларга қарши доимо ҳам аёвсиз курашишга мажбур бўлган.

Александр Македонскийнинг Туронни забт этиш тарихи акс этган тарихий-ҳарбий манбаларда Уструшананинг ҳаёт тарзи, маданий ҳамда ҳарбий ҳолати тўғрисида анча кенг маълумот берилган. А. Македонс­кий қўшинлари дунёни босиб олиш даъвоси билан чиққан даврдан буён энг қаттиқ қаршиликка айнан Уструшанада учрайди.

Мамлакатдаги тўрт юз қалъанинг еттитаси, айниқса, уларнинг энг каттаси ва мустаҳками бўлмиш, юнон манбаларида Киропол тарзида тилга олинган шаҳар-қалъа ҳимоячилари ёвга қарши мардона жанг қиладилар. Қалъа жангчилари ва аҳоли душманга жон-жаҳдлари билан қаршилик кўрсатадилар. Александр шаҳар атрофига хандақ қаздириб, уни сувга бостирмоқчи бўлади, сўнг манжанақлардан тош оттириб, қалъа деворини бир неча жойидан қўпориб, шаҳарга киришга уринади. Бу ҳаракатлари иш бермай, қамал чўзилиб кетгач, у шаҳар ичидан ўтган дарёнинг қуриб қолган эски ўзани орқали тунда бир қисм аскарларни киритади. Улар дарвоза олдидаги ғафлатда қолган оз сонли қўриқчиларни қириб ташлайдилар ва дарвозани очиб, ёв аскарларини шаҳарга киритадилар. Лекин шаҳар аҳли шунда ҳам душманга таслим бўлишни истамай, курашни давом эттираверади. Қалъа ичидаги жанглар пайти аҳоли отган тошлар Македонскийнинг боши ва бўйнига тегиб, уни жиддий яралайди. Шаҳарнинг ўн беш минг аҳолисидан саккиз мингдан кўпроғи шу жангларда ҳалок бўлади. Шаҳар ҳимоячилари озиқ-овқат тугаб, ичимлик сув қолмагандан сўнггина ёвга таслим бўладилар. Уструшаналикларни енгган бўлса-да, уларнинг қайта қўзғалишларидан чўчиб, А. Македонский шу атрофда Александрия Эсхата, яъни Чекка Александ­рия номли шаҳар тиклаб, унда ўзининг кўп сонли аскарларини қолдиради.

А. Македонский қўшинларининг ҳукмронлиги кўп узоққа чўзилмади. Ўз эрки билан яшаётган фаровон Уструшана ўлкасига VIII аср бошларида араблар бостириб келди. Манбаларда афшин Қорабуғронинг 737 йилда қўшни давлатлар билан арабларга қарши ҳарбий иттифоқ тузгани ва босқинчиларга қарши жанглар қилгани айтилган. Бу иттифоқ мағлуб этилгач, 738 йилда тахтга Қорабуғронинг ўғли Хонқора чиқади. Отаси каби мустақил сиёсат юритишга уринган Хонқора 738 йилда Наср ибн Сайёр, 795 йилда Фадл ибн Яҳё каби араб лашкарбошилари билан сулҳ тузиб, юрт мустақиллигини сақлаб қола билади. Хонқора 752 йилда арабларга қарши курашиш учун Хитойдан ҳарбий ёрдам сўрагани ва рад жавоби олгани тарихий манбаларда қайд этилган. Уструшана давлати IX юзйилликнинг охирларига келиб, яъни 893 – 894 йилларда мустақиллигини йўқотиб, сомонийлар давлати таркибига қўшиб олинади. Шундан сўнг Уструшана алоҳида бир сиёсий-иқтисодий, этник-ҳуқуқий тузилма сифатида қайта тикланмайди.

Шу ерда яшаб ўтган боболарнинг энг эзгу тутумлари бугунги Ўзбекистоннинг ўғил-қизларига маънавий меросдир. Улар ота юртнинг ҳар бир қарич ерини кўз қорачиғидай асраш бобида қадим боболарига муносиб давомчи бўладилар. Зеро, эзгу маънавий фазилатлар мангудир.

Қозоқбой ЙЎЛДОШ,

педагогика фанлари доктори, профессор

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 3-03-2018, 16:43
0
349

Ўхшаш янгиликлар


Фикрлар (0)

  • яндекс.ћетрика Яндекс.Метрика –ейтинг@Mail.ru
  • Таҳририят билан боғланиш

  • +998 91 569-16-99, +998 91 599-54-44
  • jizzaxcity@umail.uz
  • Жиззах, ш. Ш.Рашидов, к. 116-уй
  • 2014-2018 Сайтдаги хабарлардан фойдаланилганда www.Sangzor.uzга ҳавола кўрсатилиши шарт. ЎзМАА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1150
    18+
    Юқорига