Соҳибқирон Амир Темур "Куч адолатдадир” деган гапига, энг аввало, ўзи амал қилганига шубҳа йўқ, чунки "Темур тузуклари”ни ўқисак, бу фикрга яна бир бор амин бўламиз. Улуғ саркарда ўз тузукларидан бирида шундай дейди: "Яна ҳукм қилдимки, қайси бир сипоҳий ҳаддидан ошиб, қўл остидаги кишига зулм ўтказар экан, уни тутиб, мазлум қўлига топширсинлар, токи унинг жазосини зулм кўрганлар берсин.

Қишлоқ оқсоқоли ва шаҳар улуғлари кичикроқ даражадаги одамга зулм қилсалар, ўша зулмга яраша, ҳар кимнинг кўтаришича жарима солсинлар. Агар даруғалар ва ҳокимлар халққа жабр-зулм этиб, уларни хароб қилган бўлсалар, ишларига лойиқ жазо берилсин”.
 
Солиқ йиғиш борасида Соҳибқироннинг сиёсати

Улуғ бобомиз, Соҳибқирон Амир Темур давлат бошқарувида жисмоний зулм, зўравонлик эмас, дипломатия тарафдори бўлганини бугун дунё ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда. Нафақат халқаро алоқалар, балки ўз салтанатида истиқомат қилувчи оддий инсонлар билан муомалада ҳам адолат ва дипломатияни устувор деб билган. Чунончи, халқдан солиқ йиғиш борасида жисмоний тазйиқ ўтказмасликни буюргани унинг қуйидаги тузугидан аён бўлади: "Яна буюрдимки, хирожни раиятдан калтаклаш ва савалаш йўли билан эмас, балки огоҳлантириш, тушунтириш йўли билан ундирсинлар. Қайси ҳоким ҳукмининг таъсири камроқ экан, ундай ҳоким ҳукумат юргизишга яроқсиздир”.
 
Яна бир "Тузук”да солиқларни оширмаслик лозимлиги ҳақида ҳам маълумот бор: "Амр этдимки, раиятдан мол-хирож йиғишда уларни оғир аҳволга солишдан ёки мамлакатни қашшоқликка тушириб қўйишдан сақлансинлар. Негаки раиятни хонавайрон қилиш давлат хазинасининг камбағаллашувига олиб келади. Хазинанинг камайиб қолиши эса сипоҳнинг тарқалиб кетишига сабаб бўлади. Сипоҳнинг тарқоқлиги, ўз навбатида, салтанатнинг кучсизланишига олиб боради”.