Татаристонда парашютчилар бўлган самолёт қулаб тушди. 16 киши ҳалок бўлди

Татаристонда парашютчилар бўлган самолёт қулаб тушди. 16 киши ҳалок бўлди

Россия таркибига кирувчи Татаристон Республикасининг Мензелинск шаҳрида маҳаллий аэроклубга тегишли бўлган Л-410 енгил моторли самолёти қулаб тушди. Бу ҳақда «ТАСС» шошилинч хизматларга таяниб хабар берди.

Самолёт бортида 23 киши бўлган. Етти киши омон қолган, улар самолёт бўлаклари остидан қутқариб олинган, деб ёзади «Интерфакс» Фавқулодда вазиятлар вазирлигига таяниб. Қолган 16 киши, шу жумладан, иккала учувчи ҳам ҳалок бўлган, деб маълум қилди «РИА Новости» манбаси.

«ТАСС» манбасига кўра, самолёт аэродромдан учиб чиққанидан кейин дарҳол қулаган. Қулаш чоғида унинг фюзеляжи (корпуси) чилпарчин бўлган. «Интерфакс» манбаси қайд этишича, ҳалокатнинг асосий сабаби сифатида техниканинг ишламай қолгани кўриб чиқилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, парвоз чоғида самолёт бошқаруви ишламай қолган, учувчи мажбурий қўнишни амалга оширмоқчи бўлган, аммо ерга жуда кучли зарб билан урилган.

Шу билан бирга, «ТАСС» манбаси аварияга самолётга ҳаддан ортиқ юк тушгани эҳтимолий сабаб бўлганини айтмоқда.

Ҳалокатга учраган самолёт, тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ДОСААФ (Россия армияси, авиацияси ва флотига кўмак бериш кўнгиллилар жамияти)га тегишли бўлган. У 1987 йилдан буён ишлатилиб келинган.