ЖИЗЗАХДА ИННОВАЦИОН ТЕХНОЛОГИЯЛАР ТАТБИҚ ЭТИЛМОҚДА

 

Жиззах шаҳар ИИБ 2- сон ички ишлар бўлинмаси шароит ва имкониятларига кўра вилоятдаги энг намунали ички ишлар идораларидан бири саналади. Жорий йилнинг март ойида фойдаланишга топширилган мазкур бўлинма қурилишига 1,5 миллиард сўм сарфланган.

22 та хонага эга ушбу бинода профилактика инспекторлари, тезкор вакиллар, посбонлар ва навбатчилик қисми, "Заргарлик” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, нарколог шифокорлар учун барча шароитлар яратилган. Шунингдек, бу ерда маърифат хонаси ҳамда тезкор йиғинларда фойдаланиладиган ётоқхона мавжуд.

Бўлинмадаги ситуацион марказга 26 та айланувчи, 34 та қўзғалмас кузатув камералари орқали Жиззах шаҳридаги "Сўғдиёна” спорт мажмуаси, "Кўкбозор” ва "Эски шаҳар” бозорлари, Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбонлари, иккита олий ўқув юрти, вилоят театри каби аҳоли кўп йиғиладиган бир қатор ҳудудлар ҳамда энг асосий йўл кесишмаларида рўй бераётган воқеалар тасвири тўхтовсиз узатиб турилади. Эътиборли жиҳати, тасвирлар оптик толали тармоқларда эмас, WI-FI, яъни, видеотўлқин кўринишида радиоатенналар орқали етказилади.

Яна ҳам аниқроғи, бу жараён интернетсиз амалга оширилади. Тасвирларнинг оптик толали тармоқларда эмас, айнан радиотўлқинларда узатилиши биргина ушбу бўлинма учун йилига тармоқлар ижараси учун тўланадиган 396,6 миллион сўмни тежаб қолиш имконини беради. Қўлланилаётган ускуналар билан30 километррадиусдаги ҳудуд қамраб олинмоқда. Айтганча, радиоантеннали видеокузатув қурилмаларидан мамлакатимизда биринчи бўлиб Жиззахда фойдаланилди. Мазкур тадбир қайсидир маънода соҳа вакиллари учун синов ва тажриба вазифасини ўтаяпти.

—Ушбу ситуацион марказ ички ишлар идоралари вакиллари иштирокида 2017 йил 17 августда ўтказилган видеоселектор йиғилишида Жиззахда "Хавфсиз шаҳар” лойиҳасини амалга ошириш бўйича Президентимиз томонидан берилган топшириқ асосида юзага келтирилди, — дейди Жиззах вилоят ИИБ ахборот технологиялари, алоқа ва ахборотни ҳимоялаш бўлимининг мутахассис муҳандиси, капитан Фозилбек Ҳамроев. — Лойиҳа ривожланиш жараёнида, жумладан, йил охиригача Жиззах шаҳрида ана шундай имкониятларга эга яна 3 та бўлинма фаолияти йўлга қўйилади. Мос равишда кузатув камералари сони 241 тага кўпаяди. Бир гуруҳ ҳамкасбларимиз айни йўналишдаги тажрибани ўрганиш учун Россия Федерациясига жўнаб кетиш арафасида. Ушбу сафар чоғида 2 миллиард сўмлик замонавий видеокузатув ускуналарини олиб келиш бўйича шартнома имзолаш режалаштирилган. Мазкур тадбирлар Жиззах шаҳрининг асосий қисмини камералар орқали кузатиш имконини беради. Президентимиз жорий йил 30-31 март куни вилоятимизга ташрифи давомида бўлинмамиз фаолияти билан танишар экан, Жиззах шаҳридаги барча умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларини кузатув камералари назоратига олиш топшириғини берди. Айни вақтда ушбу вазифани бажариш чоралари кўрилаяпти. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, видеокузатув қурилмалари ўрнатилган ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар 38 фоизга камайди. Чунончи, ўртача тан жароҳати етказиш, талончилик ва транспорт воситаларини олиб қочиш 100, енгил тан жароҳати етказиш 80, ўғрилик 60, оғир тан жароҳати етказиш 33 фоизга қисқарган. Видеокузатув ускуналари жиноятларни очишда ҳам муҳим ўрин тутмоқда.

Умуман олганда, жиззахлик ички ишлар ходимлари фаолиятида замонавий ахборот технологияларини қўллашга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Жумладан, уяли телефонлар учун "Jizzax IIB”дастури ишлаб чиқилди. Дастур профилактика инспекторларининг исми шарифи, телефон рақамлари, иш манзили, улар бириктирилган ҳудуд ҳақида маълумот олиш ва сутканинг исталган вақтида боғланиш имконини беради.

Шу билан бирга бирор ҳолат ёки жиноят тасвирини ички ишлар идораларига чора кўрилиши нуқтаи назаридан жўнатиш мумкин. Бундан ташқари дастур фуқароларга вилоят ички ишлар бошқармаси ёки шаҳар ва туманлар ички ишлар бўлимлари масъулларининг қабулига ёзилиш, мулоқот учун бориладиган аниқ вақтни билиб олиш шароитини юзага келтирди. Қидирувдаги шахслар, жиноятлар ва бошқа ҳодисалар бўйича ҳам маълумотларни топиш мумкин бўлади.

Қолаверса, вилоят ички ишлар бошқармаси тизимидаги идоралар ходимларига 2 мингдан ортиқ уяли алоқа сим карталари тарқатилди. Мазкур корпоратив алоқа рақамлари учун тўловлар 20 фоизга арзонлаштирилган. Интернетдан фойдаланиш имкониятлари эса 2 баробарга оширилди. Асосийси, тезкор йиғин учун бир дақиқада 150 нафар ходимга овозли хабар юбориш имкони пайдо бўлди. Лўнда қилиб айтганда, йил номига уйғун тарзда тизимда инновацион технологиялар изчиллик билан жорий этилаётир.

Алижон АБДУСАТТОРОВ


dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Ўхшаш янгиликлар


Фикрлар (0)

Юқорига