ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ 4-СЕКТОРИ ТОМОНИДАН БИР МАРТАЛИК ЁРДАМ ПУЛИНИ ТАРҚАТИШ ЯКУНЛАНДИ

ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ 4-СЕКТОРИ ТОМОНИДАН БИР МАРТАЛИК ЁРДАМ ПУЛИНИ ТАРҚАТИШ ЯКУНЛАНДИ

Саховат ва кўмак халқимизга хос бўлган эзгу қадриятдир. Айниқса,бугунги синовли кунларда бу қадрият қадри ҳар қачонгидан ҳам ошди. Жиззах вилоят 4-сектори томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ пандемия шароитида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларга республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам пулларини  топшириш жараёнида бунга амин бўлдик.

Жорий йил 10-13 август кунлари Жиззах вилояти 4-сектори раҳбарлари томонидан эҳтиёжманд оилаларга бир марталик ёрдам пуллари тўлиқ етказиб берилди.Биргина Бахмал туманида темир дафтарга киритилган 277 та оилага 280 млн. 940 минг сўм миқдорида пул топширилди. Жараёнда кенг жамоатчиликнинг иштироки таъминланди.

Ўсмат шаҳарча фуқаролар йиғини Оломон қишлоғида яшовчи ТурсунойОчилова уч қизини узатгач, ёлғиз қолди. Соғлиги ҳам яхши эмас, йилда икки маротаба туман тиббиёт бирлашмасида даволанади. Патронаж ҳамширалар режали равишда ҳолидан хабар олиб туришади. Карантин вақти ҳам саховат ёрдамлари кўрсатилди. Унга навбатдаги ёрдам пули “Ўсмат” шаҳарча фуқаролар йиғини вакиллари иштирокида топширилди.

Юмалоқбош қишлоғида яшовчи Шаҳноза Алиқулова 2 нафар фарзанди билан бева қолган. Уй-жойга эҳтиёжи борлиги учун шаҳарча фуқаролар йиғини ҳамда туман 4-сектори томонидан ҳашар йўли билан уй-жой қуриб берилаяпти. Шаҳарча фуқаролар йиғини раиси Мамлакат Абдуллаеванинг таъкидлашича, яқин кунларда уй кўчиб кириш учун тайёр ҳолга келтирилади. Шаҳноза Алиқуловага Президент фармонига асосан 660 минг сўм пул маблағи берилди.

Ғаллаорол тумани Маданият қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Муқаддас Туронова 2 йил олдин тўшакка михланиб қолган бўлса-да, иродасини букмади. Унга ўз вақтида кўрсатилган ёрдамлар сабабли Жиззах давлат педагогика институтидаги таҳсилини 2 йилдан буён онлайн тарзда давом эттиради. Ҳозирда олийгоҳнинг 4-босқич талабаси бўлган Муқаддаснинг оиласига Президент туҳфаси сифатида 1млн 320 минг сўм бир марталик ёрдам пули топширилди. Уларнинг оиласига субсидия тариқасида 1  сотихли парник қурилиши учун маблағ ажратилди. Туман бўйича темир дафтарга киритилган 500 та оиланинг 2440 нафар аъзосига 536 млн. 800 минг сўм пул маблағи етказилди.

Шароф Рашидов тумани “Самарқандқудуқ” маҳалласидаги Бўриевлар оиласи кўп йиллар ижарада, ўз бошпанаси бўлишини орзу қилиб яшадилар. Айни пайтда уларнинг қурилиш  давом этаётган уйи учун туман 4-сектори томонидан қурилиш моллари олиб берилаяпти. Ҳамда озиқ-овқат ва пул маблалари етказиб турилибди.

Шароф Рашидов туман 4-сектори томонидан 461 та оилага 426млн. 360 минг сўм миқдорида бир марталик ёрдам пули етказилди.

-Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 29 июлдаги 346-сонли қарори билан Жиззах вилоятига 5 млрд. сўм моддий ёрдам пули ажаратилган эди. Вилоят 4-сектори томонидан ҳудуддаги эҳтиёжманд оилаларга 1.3 млрд. сўм маблағлари етказиб берилди. Президентнинг навбатдаги  Фармони билан 4-сектор томонидан 2682 та эҳтиёжманд оилага 2 млр. 590 млн. сўм пул маблағи тарқатилди, - дейди Жиззах вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда секторлардаги ишларни мониторинг қилиш бўлими давлат солиқ бош инспектори Омон Саидов.

Умуман, республика бюджетидан ажратилган пул маблағларини ўз эгаларига етказишда фуқароларни нафақат моддий, балки маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг қалбида эртанги кунга умид уйғотиш ҳам мақсад қилинган. Жиззах вилояти 4-сектори томонидан йил якунига қадар камбағалликни қисқартириш ва эҳтиёжманд оилаларнинг даромад манбаларини яратиш ишлари доимий назоратга олинган.

Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати